14:15 / 20 января 2020
1 033

Президент депутатларга: «Керак бўлса вазирларни ишдан олишга таклифлар беринглар»

Президент депутатларга: «Керак бўлса вазирларни ишдан олишга таклифлар беринглар»
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида депутатлар олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.

«Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади», деди президент.

Қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланиши зарурлиги таъкидланди.

«Ўз қўлларингда. Чақиринглар Адлия вазирини, эшикларни ёпиб олиб гаплашинглар, муовинлари билан. Қачон ўрганасан қонун ёзишни деб.
Ташаббускор вазирни чақиринглар. Вазир бўлиб ўз соҳанг бўйича қонунни хато ёзасан, денглар. Нега ўқимайсан, биз президентга таклиф берамиз, Адлия вазириниям, муовинниям, ташаббускор вазирниям ишдан олиш керак деб айтинглар.

Мана шундай амалиётни кўринглар. Аввалги депутатларда бу гаплар бўлмаган, тасаввуригаям кемаган. Мана шундай таклифлар беринглар.
Менгаям осон бўлади. Жойларда ижроси бўлса, халқимиз қабул қилса ҳар бир қонунни. Ҳар бир ташкилотнинг йўлини кўрсатиб, уни назорат қиладиган қонун бўлса, жамият ўзгаради, муносабат ўзгаради, вазият ўзгаради, натижа бўлади
», деди президент.

Ўтган беш йил давомида палата фаолияти сезиларли даражада жонланиб, 540та қонун ёки 2010-2014 йиллардагига нисбатан 2 баробар кўп қонун лойиҳаси кўриб чиқилган. Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Сайлов кодекси каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинган.

Шунингдек, охирги икки йилда тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар ишлаб чиқила бошланди.
Қуйи палатага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича жойларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Шундан сўнг 400дан зиёд қонун лойиҳасидаги мингга яқин нормалар фуқаролар билдирган таклифлар асосида такомиллаштирилди. Аҳоли томонидан билдирилган фикрлар, танқидий мулоҳазалар инобатга олиниб, 16та қонун лойиҳаси рад этилди ва ташаббускор идорага қайтарилди. Ҳолбуки, 2010-2014 йилларда бирорта ҳам қонун лойиҳаси қайтарилмаган эди.

Шавкат Мирзиёев депутатлар асосий эътиборни қонунлар халқ манфаатини қанчалик ифода этишига қаратиши лозимлигини таъкидлади.

«Дарҳақиқат, халқ вакиллари бўлган депутатлар ўз ваколатига асосланиб, жасур, талабчан ва қатъиятли бўлиши, фуқароларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган қонунлар қабул қилинишига йўл қўймаслиги шарт. Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак», – деди Президент.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)