date

Маккажўхорининг етти фойдаси: соғлиқ ва узоқ умр кафолати

Маккажўхорининг етти фойдаси: соғлиқ ва узоқ умр кафолати

Маккажўхори дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавсумий ва севимли таом сифатида қадрланади. Унинг ёқимли таъми алоҳида истеъмол қилинганда ҳам, турли салатлар, гўштли таомлар ёки зираворлар билан бирга ейилганда ҳам нафақат мазали, балки саломатлик учун ҳам фойдалидир.

Мутахассислар таъкидлашича, маккажўхори таркибида ноёб витаминлар, қимматли минераллар ва биологик фаол моддалар мавжуд бўлиб, уни ҳақли равишда “супер озуқа” деб аташ мумкин. Мана, қайнатилган маккажўхорини мунтазам истеъмол қилиш учун етти асосий сабаб.

1. Кўриш қобилиятини яхшилайди

Маккажўхори таркибидаги лютеин ва зеаксантин кўз учун табиий муҳофаза вазифасини бажаради. Улар тўр пардада тўпланиб, ёруғлик ва ультрабинафша нурлар таъсиридан ҳимоя қилади. Бу моддалар катаракта ва қариликка боғлиқ кўриш муаммоларини сезиларли даражада камайтиради. Олимлар тадқиқотларида бу моддаларни мунтазам қабул қилган одамларда қариликда кўриш касалликлари 43 фоизга камлиги аниқланган.

2. Овқат ҳазм қилиш тизимини қўллаб-қувватлайди

Маккажўхоридаги ўсимлик толалари ичак фаолиятини яхшилайди, қабзиятдан асрайди ва токсинларни чиқариб ташлайди. Шу билан бирга, у ичак микрофлораси учун қулай муҳит яратиб, иммунитетни мустаҳкамлайди.

3. Қариш жараёнини секинлаштиради

Маккажўхори таркибидаги ферул кислотаси кучли антиоксидант ҳисобланади. У эркин радикалларни йўқотиб, ҳужайраларни зарарланишдан асрайди, тери таранглиги ва эластиклигини сақлаб қолишда ёрдам беради. Коллаген ишлаб чиқарилишини рағбатлантириб, тери саломатлигини таъминлайди.

4. Юрак-қон томир саломатлиги учун фойдали

Унинг таркибидаги магний, калий ва В гуруҳи витаминлари қон босимини барқарорлаштиради, холестеринни пасайтиради ва тромб хосил бўлиш хавфини камайтиради. Мунтазам равишда маккажўхори истеъмол қилиш юрак ва қон томир тизимини мустаҳкамлайди ҳамда атеросклероздан асрайди.

5. Ишчанлик ва диққатни оширади

Маккажўхори мураккаб углеводларга бой бўлиб, узоқ вақт энергия беради. Витамин В гуруҳи эса асаб тизимини қувватлантиради, диққатни тўплашга ёрдам беради ҳамда чарчоқни камайтиради.

6. Вазнни назорат қилишга ёрдам беради

100 грамм қайнатилган маккажўхорида бор-йўғи 95–110 ккал мавжуд. Унинг углеводлари секин ҳазм бўлиб, тўқлик ҳиссини узоқ вақт сақлайди. Толалари эса иштаҳани тартибга солиб, вазнни назоратда ушлашга ёрдам беради. Шунинг учун у парҳез режалари учун мос маҳсулот ҳисобланади.

7. Қимматли микроэлементларга бой

Маккажўхори таркибида темир, рух, фосфор ва бошқа муҳим элементлар кўп. Улар қон тузилиши, суяк саломатлиги ва иммунитетни қувватлашда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, спортчилар ва жисмоний меҳнат қилувчилар учун айниқса фойдали.

Мутахассислар тавсияси

Шифокорлар мавсум давомида ҳафтасига 2–3 марта, кунига эса 1 донадан маккажўхори ейишни тавсия қилади. Унинг ҳазми оғирроқ бўлгани учун асосан куннинг биринчи ярмида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Шу тариқа, маккажўхори нафақат мазали, балки инсон саломатлиги учун беқиёс манба эканини яна бир бор исботлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Маккажўхорининг етти фойдаси: соғлиқ ва узоқ умр кафолати