Кўк чой асрлар давомида инсон саломатлиги учун фойдали ичимлик сифатида қадрланиб келинган. Илмий изланишлар натижалари эса бу ичимликнинг яна бир ўзига хос жиҳатини очиб бермоқда. Олимлар кузатувига кўра, кўк чой таркибидаги моддалар миянинг қариши жараёнини секинлаштириши ва Альцгеймер касаллигига қарши самарали муҳофаза воситаси бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг айтишича, кўк чой таркибидаги эпигаллокатехин галлат (EGCG) деб аталадиган антиоксидант модда асаб ҳужайраларининг энергия мувозанатини тиклайди. Шу билан бирга, у ҳужайраларда тўпланадиган зарарли оқсил қолдиқларини тозалашга кўмаклашади. Бу жараён мия фаолияти учун жуда муҳим, чунки ёш улғайиши ва айниқса Альцгеймер касаллигида ҳужайраларда энергия манбаи бўлган гуанозинтрефосфат (ГТП) миқдори пасайиб кетади.
ГТП етишмаслиги туфайли ҳужайраларда чиқиндиларни йўқотувчи тизимлар издан чиқади. Натижада турли зарарли оқсиллар йиғила бошлайди. Улар орасида энг хавфлиси — Альцгеймер билан боғлиқ бўлган бета-амилоид оқсили ҳисобланади.
Лабораторияда ўтказилган синовлар шуни кўрсатдики, EGCG моддаси никотинамид (B3 витаминининг бир тури) билан биргаликда қўлланганда, бор-йўғи бир сутка ичида қаришга мойил асаб ҳужайраларида ГТП миқдорини тиклай олган. Бу эса ҳужайраларнинг ўзини-ўзи тозалаш жараёнини фаоллаштирган, чидамлиликни оширган ва оксидловчи стресс таъсирини камайтирган.
Кўк чойнинг бошқа афзалликлари
Кўк чой нафақат мия саломатлиги, балки умумий организм учун ҳам беқиёс фойдага эга. Унинг таркибидаги кучли антиоксидантлар юрак-қон томир тизими касалликларини олдини олишга ёрдам беради. Шу билан бирга, моддалар алмашинувини нормаллаштириши, айрим турдаги саратон хавфини пасайтириши ҳам таъкидланмоқда.
Энг қизиғи, EGCG моддаси қон ва мия ўртасидаги табиий ҳимоя тўсиғидан ўта олади. Бу тўсиқ кўп моддаларни мияга киришдан тўсади. Аммо EGCG тўғридан-тўғри асаб тизимига етиб боради. Олимларнинг фикрича, келгусида шу жиҳат янги дори воситалари ишлаб чиқиш учун янги имкониятларни очиши мумкин.
Шу билан, кўк чойнинг доимий равишда истеъмол қилиниши нафақат кундалик саломатлик учун, балки инсоннинг ёшлиги ва мия фаолиятини узоқ вақтга сақлаб қолишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!