4 669
Якунига етказилмаган ислоҳот юки юнусободликларнинг чўнтагига тушмоқда. Карантин сабаб вазият янада оғирлашиши мумкин
Бутун республика аҳолиси электр энергияси ва табиий газ учун бир хил тарифда пул тўлаётган бир пайтда, ҳукуматнинг чала қолган ислоҳоти ортидан пойтахтнинг Юнусобод тумани аҳолиси лимитдан ортиқча ишлатган энергия ресурслари учун 20 фоиз қиммат нархларда тўлов қилиб келмоқда. Бу тартиб карантин сабаб ҳамма уйда ўтирган вақтда фуқаролар аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.
Олти ой муддатга эксперимент белгиланган эди
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида» 897-сонли қарори қабул қилинган эди.
Ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қабул қилинган ушбу қарорга мувофиқ 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида янги тизим жорий этилди. Унга кўра:
а) аҳоли истеъмоли учун электр энергияси базавий нормаси ойига бир абонентга 300 кВт.соат;
б) аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси:
- иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб.м;
- бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб.м этиб белгиланди.
Экспериментнинг энг муҳум жиҳати сифатида, Юнусобод туманидаги истеъмолчилар учун лимитдан ортиқ ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун тарифга нисбатан 1,2 баравар оширилган миқдорда нархлар белгиланган.
Гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаганлар учун масала моҳиятини мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Айтайлик, 2019 йил январь ойида, қўшни Олмазор туманидаги бир абонент бир ой давомида 1000 (минг) кВт.соат электр энергияси ишлатди. У шу сарфланган энергия ресурси учун 250 000 (икки юз эллик минг) сўм тўлаган.
Айнан шу ойда 1000 (минг) кВт.соат электр энергиясини Юнусобод туманида сарфлаган абонент 285 000 (икки юз саксон беш минг) сўм, яъни 35 минг сўмга кўпроқ тўловни амалга оширган.
Бунда: 300 кВт.соат (лимит) х 250 сўм (1 кВт.соат электр энергиясининг 2019 йил январь ойидаги нархи) = 75 000 сўм.
700 кВт.соат (лимитдан ортиқ истеъмол қилинган ресурс) х 300 сўм (белгиланган тарифга 1,2 баравар ошириш коэффициент) = 210 000 сўм. Жами 285 000 сўм.
Табиий газ истеъмолида ҳам айнан шу аҳвол.
Чала қолган ислоҳот. Оқибати дискриминацияга олиб келмаяптими?
Ҳукуматнинг мазкур қарорида «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги (ҳозирги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги)га 2019 йилнинг 1 июлига қадар электр энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий нормалари амалда қўлланишини ўрганиш натижаларига кўра келгусида истеъмол базавий нормаларини қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиш вазифаси юклатилган эди.
Кейинчалик, Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 30 июл куни ўзининг 633-сонли қарори билан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида бир нафар абонентга аҳолининг электр энергияси истеъмоли базавий нормалари жорий этилишининг натижалари ижобий деб топилди. Ушбу қарорга мувофиқ, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига табиий газ ва электр энергияси истеъмолининг базавий нормаларини қўллаш механизмлари ва миқдорлари тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.
Бироқ, ҳозирча республиканинг барча ҳудудлари учун мажбурий характерга эга бўлган энергия ресурслари истеъмолининг базавий нормаларини қўллаш механизмлари ва миқдорларига оид алоҳида тартиб тасдиқланган эмас.
Юнусободликлар республиканинг 200дан ортиқ бошқа туман-шаҳарлари аҳолиси фойдаланаётган имкониятлардан маҳрум этилгани мутасаддиларнинг ёдидан кўтарилиб кетди. Фақат улар бугунги кунда ҳам лимитдан ошиқ истеъмол қилинган табиий газ ва электр энергияси учун бошқалардан кўра 20 фоиз кўпроқ ҳақ тўлашга мажбур бўлишмоқда.
Бу эса республика бўйлаб карантин эълон қилинган ва одамлар ўз уйларида қолаётган бир вақтда электр ва газ сарфи кескин ошишига олиб келади. Бундай вазиятда Юнусобод туманининг деярли ҳар бир хонадонда истеъмол ҳажми белгиланган лимитдан ошиб кетиши турган гап. Сабаби кундек равшан: уйда қолган фуқаролар кўпроқ телевизор кўради, чироқлар ёниб туради, ҳар доимгидан кўра кўпроқ овқат тайёрланади. Қолаверса, шу кунларда барча таълим муассасаларининг дарслари ҳам телевидение ва интернет воситалари орқали ўтилмоқда.
Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилига оид қонун талабларидан келиб чиқиб шуни айтиш жоизки, модомики тегишли вазирлик-идоралар томонидан барча учун мажбурий бўлган истеъмол базавий нормаларини қўллаш бўйича тартиб ишлаб чиқилмадими, демак Юнусобод тумани учун белгилаб қўйилган чекловлар ҳам бекор қилиниши керак.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 июлдан бошлаб, лимитдан ошиқ истеъмол қилган абонентлардан оширилган миқдорларда олинган тўловлар истеъмолчининг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши шарт. Ўйлашимча, бугунги инқироз шароитида бу мушкул масала, албатта. Аммо ҳеч бўлмаганда, ҳукумат қарори билан Юнусобод тумани учун белгилаб қўйилган бу чекловни зудлик билан бекор қилиш керак.
Kun.uz таҳририятига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар юнусободликларнинг дискриминация хусусиятига эга бу ислоҳотлардан норозилигини кўрсатмоқда. Ёдингизда бўлса, бундай тарзда эксперимент қўлланишидан олдин ҳам Юнусобод тумани аҳолиси норози бўлган эди.
Ушбу масалага Энегретика вазирлиги ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги кечиктириб бўлмас чораларни кўришига умид билдириб қоламиз.
Дилшод Абдуқодиров «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди