
“Реал Мадрид”нинг ёш юлдузи Винисиус Жуниор сўнгги “Эл-Класико” баҳсидаги баҳсли вазиятдан кейин ўз мухлислари олдида кечирим сўради. Унга кўра, ўйиндаги эҳтирос ва ғалаба истаги баъзан унинг ҳиссиётларини назорат қилишни қийинлаштирган.
“Бугун мен барча мадридликлардан, клуб раҳбарияти ва жамоадошларимдан “Эл-Класико”даги хатти-ҳаракатларим учун чин дилдан узр сўрайман. Ҳар доим ғалаба учун жон куйдираман, шундан эҳтиросларим баъзан ҳаддан ошиб кетади. Аммо бу фақат битта нарсадан — “Реал Мадрид”га бўлган чексиз муҳаббатимдан келиб чиқади,” — деди бразилиялик футболчи клубнинг расмий баёноти орқали.
Винисиуснинг таъкидлашича, у ҳар доим клуб шарафи учун майдонда бор кучини беради ва бу йўлдан қайтмоқчи эмас. “Қироллик клуби учун ҳар бир сонияда курашиш мен учун шараф. Мен шу дунёга келганимдан бери ғалабага интилиб яшайман. Бу эҳтиросни ҳеч нарса сўндиролмайди,” — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, “Эл-Класико”нинг 72-дақиқасида алмаштирилган Винисиус ғазаб билан майдонни тарк этгани ва бу ҳолат ўйиндан сўнг кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Баъзи нашрлар унинг “мен кетаман” деган сўзларини қайд этган бўлса, клуб ичида бу ҳолат муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, “Реал” мураббийлар штаби Винисиуснинг кечирими ва тушунтирувини қабул қилгани айтилмоқда. У бугунги машғулотларда жамоадошлари билан тўлиқ иштирок этди ва кайфияти ижобий эканлиги қайд этилди.
“Реал Мадрид” раҳбарияти бу ҳолатни ёпилган деб ҳисобламоқда. Аммо футболчи мухлислар олдида яна бир бор ўз юрак сўзини айтди: “Менинг феълим – рақобатбардош, эҳтиросли ва ғалаба учун курашувчан. Шу ҳислар менинг меҳримни, клубга садоқатимни ифода этади.”
Бразилиялик вингер бу мавсумда “Реал” сафида 10 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол уришга ва 3 та ассист беришга улгурди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!