
Испания чемпионатидаги асосий тўқнашув — “Эл-Класико”дан кейин баҳслар ҳануз тингани йўқ. Бу гал фикр билдирганлар орасида “Реал Мадрид”нинг собиқ ярим ҳимоячиси, немис афсонаси Тони Кроос ҳам бор.
Унинг фикрича, “Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик жамоа таркибини танлашда жиддий хато қилган ва айнан шу қарор натижага таъсир кўрсатган.
“Мен тушунганим йўқ, нега Флик Эрик Гарсияни асосий таркибда майдонга туширди. Техник жиҳатдан у ёмон эмас, лекин физик жиҳатдан бу ўйин учун мутлақо мос эмас эди. ‘Эл-Класико’ — бу нафақат тактика, балки жисмоний кураш ҳам. Шу пайтда Рональд Араухо каби бақувват ҳимоячи майдонда бўлиши керак эди,” — деди Кроос.
Унинг таъкидлашича, Винисиус ва Мбаппе каби тезкор ҳужумчиларга қарши Араухо энг муносиб номзод бўлган. “Барселона”нинг бу қарор орқали жисмоний устунликни бой бергани натижада “Реал” учун имкониятлар яратган.
“Буни мен шахсан ажабланарли қарор, деб ҳисоблайман. Агар сенда Винисиусдек ракетага қарши Араухо бор бўлса, нега уни ишлатмаслик керак? Флик бу ерда тактик хато қилди ва бу жамоага қимматга тушди”, — деб қўшимча қилди немис собиқ юлдузи.
Маълумки, “Сантьяго Бернабеу”да бўлиб ўтган “Эл-Класико”да “Реал Мадрид” “Барселона”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва турнир жадвалида рақибидан беш очко узоқлашди.
Шу билан бирга, Ханс-Дитер Флик ўйинни майдон четидан бошқармади — у аввалги турда қизил карточка олгани учун “Эл-Класико”ни масофадан назорат қилди. Унинг ўрнини захира ўриндиғида ёрдамчи мураббий Маркус Зорг эгаллади.
Кўплаб футбол таҳлилчилари ҳам Кроос фикрига қўшилиб, “Барселона”нинг ҳимоя марказидаги хатолар рақибга катта имкониятлар берганини таъкидлашмоқда.
Бу мағлубиятдан кейин каталонияликлар учун чемпионлик йўли янада мураккаблашди — жамоа энди нафақат “Реал” билан, балки ички босим билан ҳам курашишига тўғри келади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!