23:14 / 04.02.2022
3 855

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологияси йўлга қўйилади

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологияси йўлга қўйилади
Ўзбекистонда яқин орада сунъий ёмғир ёғдириш тажрибасини синаб кўриш режалаштириляпти. Деҳқончилик ерларида 1 миллиметр ёмғир ёғиши натижасида ғалла ва бошоқли экинлар миқдорини 4 килограммгача ошириш мумкин.

Ўзбекистонда атмосферага фаол таъсир қилиш орқали ёмғир ёғдириш технологияси йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет бош директор ўринбосари Ибратжон Каримов маълумот берди.

Унга кўра, Ўзбекистонда илк бор сунъий ёмғир ёғдириш 1963 йилда Гидрометеорология илмий–тадқиқот институти томонидан амалга оширилган. Энг охирги тадқиқот ва илмий изланишлар 90 йилларда олиб борилган.

Афсуски, бу илм 30 йил ташлаб қўйилган. Институтимиз жамоаси яна қайтадан шу ишга бел боғлади. Бу масала бўйича республикадаги энг катта ташкилотлардан бири билан музокара жараёнидамиз. Сунъий ёмғир ёғдиришга оид лойиҳага 10 млрд сўм маблағ ажратишни таклиф қилишяпти. Улар буюртма қилаётган жойларга ёмғир ёки қор чақириш ишларини бажариб берамиз”, – деди Ибратжон Алижонов иқлим ўзгаришига бағишланган матбуот анжуманида.

Қайд этилишича, лалми деҳқончилик қилинадиган жойларда 1 миллиметр ёмғир ёғиши ғалла ва бошоқли экинларни 4 килограммгача ошириши мумкин. 90 йилларда Бўстонлиқда сунъий ёмғир ёғдирилганда 300 миллион литр куб ортқича сув йиғилган.

Сунъий ёмғир чақириш жараёни қандай усуллар ёрдамида амалга оширилишини Гидрологик жараёнларни моделлаштириш лабораторияси кичик илмий ходими Акмал Ғафуров тушунтириб берди.

Атмосферага фаол таъсир кўрсатиш бу сунъий қор, ёмғир ёғдириш ёки дўлни бостириш, яъни дўлни бошқа жойга кўчириш ёки ёмғир кўринишида ёғдириш ҳисобланади. Жаҳон метеорологик ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда 56га яқин давлатлар булут экиш технологиясидан фойдаланади. Хитой, Индонезия ва АҚШ каби мамлакатлар бу усулдан қурғоқчиликка қарши кенг фойдаланмоқда. БМТнинг 1977 йилдаги “Атмосфера муҳитини ўзгартириш” конвенциясига кўра, ёмғир ёғдиришдан фақат тинчлик мақсадидагина фойдаланишга рухсат берилган”, – деди у.

Маълум қилинишича, ёмғир ёғдиришнинг бир неча хил усуллари бор. Масалан, самолёт ёрдамида булутларга кумуш ёдит сепиш, қуруқ музни булутга сепиш, махсус генераторлар ёрдамида кимёвий элементларни пуркаш орқали ёки дронлар ёрдамида ҳам ёмғир ёғдириш мумкин.

Биз бу билан ёмғирни кўпайтиришимиз мумкин ва қиш кунлари ёғин қор кўринишида келиши ҳам мумкин. Ёғиннинг қор кўринишида ёғиши ёз фаслида сув керак бўладиган пайтда сув захираси билан таъминлашга ёрдам беради. Сунъий ёмғир ёғдиришнинг салбий таъсири йўқ”, – деди Ғафуров.

Унинг маълумот беришича, Ўзбекистонда 1963-1968 йилларда Пском, 1985-1991 йилларда Қашқадарё, 1989-1990 йилларда Чирчиқ, 1990-1991 йилларда Шимолий Фарғонада сунъий ёмғир ёғдириш амалга оширилган. Қашқадарё лойиҳасида 6-10 фоиз, Чирчиқ ва Шимолий Фарғона лойиҳасида 10-15 фоизгача ёмғир ортгани қайд этилган. Об-ҳавони бошқаришдан мақсад қишлоқ хўжалиги экинларини муҳофаза қилиш бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологияси йўлга қўйилади