11:11 / 27.10.2024
57

Хаста шоирнинг ночор қисмати...

Хаста шоирнинг ночор қисмати...
«Муқимий» фильмидан.
1907 йилда «Туркистон вилоятининг газети» муҳаррири Н.Остроумов Тошкентда «Девони Муқимий» тўпламни нашр эттиргач, кенг жамоатчилик ҳажвчи шоирнинг шеърлари билан таниша бошлади. Аммо афсуски, бу пайтда шоир муҳтожликда ҳаёт кечириб, касалликдан вафот этиб кетган эди.

1903 йил май. Қўқонлик 53 ёшли Муҳаммад Аминнинг ҳар йили қайталаб турадиган «ярақон» (жигар хасталиги) ва қулоқ оғриғи касаллиги анча кучайгач, умри оилавий низолар, камбағаллик, кимлар биландир келишмовчиликларда ўтгани натижасида тўшакка ётиб қолган эди. Бироқ бетоблигига қарамай, руҳияти тетиклиги боис шоир ўтган кунларини сарҳисоб қилиб, ўзидан ҳам кўра москвалик жияни Рўзимуҳаммад ҳақида ўйлар, ёзган мактубларига жавоб келишини интизорлик билан кутарди. Муҳаммад Амин шу тариқа хасталаниб ётганича 25 май, душанба куни Қўқоннинг Бегвачча маҳалласидаги ҳужрасида вафот этади.

Асли тошкентлик бўлиб, 1836 йилда Қўқонга кўчиб борганича новвойлик қилиб қолиб кетган Мирзахўжа Ойшабиби исмли қизга уйланади. Келиннинг отаси Саидолим Нодиршоҳ ўғли асли хўжандлик бўлиб, Қўқонга келиб, турғун бўлиб қолган эди.

Вақт ўтиб, янги оилада ёлғиз ўғил ва тўрт қиз – Тожинисо, Улубиби, Сайдинисо, Меҳринисо вояга етади. Оиладаги ва маҳалладагилар Мирзахўжанинг ўғлини Мадаминхўжа деб чақиришар, онасининг болаликда илмга ҳавас руҳида тарбиялангани боис шеърлар ҳам ёза бошлаган шоир эса Муҳаммад Аминхўжа Муқимий дея ёзганларига имзо қўярди.

Мадаминхўжанинг онаси Бибиойша адабиёт ва санъатга ошно аёл бўлиб, маҳалладагилар уни Хуморбиби дейишарди. Ўғли волидасининг таъсирида илмга, ижодга ҳавас билан вояга етди.

Мирзахўжа новвойлиги ортидан 7 жондан иборат оилани қийналиб боқди. Шунга қарамай, илм ва ижодга ҳавас руҳи уйғонган болам ўксинмасин, деб бор тўплаган маблағига Мадаминни аввал маҳалладаги Абдухалил домланинг мактабида, кейин эса Қўқондаги «Ҳоким ойим» ва Бухородаги «Меҳтар анбар» мадрасаларида ўқиттирди. Муқимий таҳсил давомида араб ва форс тилларини ўрганди.

Мадрасалар таҳсилини тугатгач, Қўқонга қайтган Муқимий бир оз муддат ер қурилиши маҳкамасида мирзалик, дарё қирғоғидаги Оқжарда кемачиларга паттачилик қилиб юрди. Аммо баъзи ноинсоф танобчилар, кемачилар билан келишаолмай, ҳар иккала ишни ташлаб, уйига қайтиб кетди. Табиатан адолатгўй бўлган Муқимий паром ва танобчилар мавзусини ўз шеърларида акс эттириб ўтган:

Келганим ушбу маконга қиладур манга алам,
Лойиқи табъ йўқ одамки, десам ҳасрату ғам,

Гаплашурға киши йўқ эртадин оқшомғача ҳам,
Кун совуқ, қора чироқ, гўрдек ую, ўтин кам.

Чиқсам эшикка қилур тўрғайи чулдир-чулдир.


Шоир танобчиларнинг қинғирликларини ҳажв қилар экан, шеър охирида шундай хулоса чиқаради:

Тағи булар яхшию бизлар ямон,
Эл тамизидин ҳазар эт, алъамон.


У ҳаётда шу каби қинғирликларни кўриб юрган вақтда онаси касалликдан вафот этади ва отаси Зиёдабиби деган бева аёлга уйланади. Унинг Санамбиби исмли қизи ҳам бор эди. Отаси иши юришмай уйга қайтиб келган Мадаминни 1878 йилда ана шу ўгай қизига уйлантириб қўйди.

Гарчи орадан бир йил ўтиб, ўғли Акбар туғилган бўлса-да, Мадамин Санамбибининг отаси ва сингилларига, қолаверса, баъзида ўзига ҳам бўлган ҳурматсизлиги сабабли у билан келиша олмади. 1881 йили ажрашишга мажбур бўлди. Шоир шу тариқа уй-жойини отаси, ўгай онаси ва сингилларига ташлаб, ўғлини олганича мадраса ҳужрасига бош олиб кетди.

1886 йилда отаси ҳам вафот этади.

Муқимий мадраса мударриси сифатида ҳужрада яшар экан, мадраса пешвоси Соҳибзода Ҳазратнинг ёрдамини айтмаса, қийин ҳаёт кечирган. Унинг ҳужрадаги бор-йўқ бисоти оддий бир намат, бир шолча, ўғли Акбар учун бир сидра кўрпа-ёстиқ, кўза, қумғон, декча ва чойнак-пиёладан иборат эди. Бироқ шунга қарамай, шоир сермаҳсул ижод қилди. Унинг ёзганларида қийналиб яшаганидан нолиш, замона тараққиётидан орқада қолганидан куйиниш каби жиҳатлар яққол акс этиб турарди:

Кетардим бош олиб, гар бўлса эрди, рўзғорим йўқ,
Нетай безоду тўша, йўлга юрмакка мадорим йўқ,

Турарга қолмади тоқат, кўнгулда ихтиёрим йўқ,
Ўзингдан ўзга, ё раб, раҳбари лайлу наҳорим йўқ,

Ҳидоят айлагайму деб Муиминг интизор ўлмиш..
Ёки бошқа бир шеърида шундай сатрлар бор:

Ҳайфким, аҳли тамиз ушбу маҳалда хор экан,
Олдилар ҳар ерда булбул ошёнин зоғлар.


Бошқа бир ашъорида эса:

Ранж-меҳнат соғарин кимдурки даврон ютдурур,
Толеим ҳам нечаким ортуқча пинҳон ютдурур,

Чарх селисиз Муқимийға қачон нон ютдурур,
Алмаийға баски бахти дам-бадам қон ютдурур,

Маргдур ширин қотида заҳридин аччиқ ҳаёт...


дея дардларини қоғозга тўкади шоир.

Ҳа, давр қийинчиликлари нафақат Муқимийга, балки Алмаий, Маҳмудхўжа, Ғарибий, Камий каби ижодкор дўстларига ҳам катта таъсир ўтказган эди.

Муқимий чиройли ҳуснихат эгаси бўлганидан хаттотлик қилиб пул топар, оладиган оз-моз чақага ўғли иккаласи учун кундалик емиш харажат қиларди. Ярақон, сариқ касаллигига, қулоқ оғригига чалинганидан сўнг табиблар унга ҳаво алмаштиришни маслаҳат беришди. Шоир ўғлини сингилларига топшириб, топган озгина пулига Исфара, Конибодом, Тошкентнинг баҳаво жойларига саёҳат қилди. Айнан шу йилларда у ўзбек шеъриятида машҳур бўлган «Саёҳатнома» асарини ёзиб қолдирди.

Фарёдким, гардуни дун,
Айлар юрак-бағримни хун.

Кўрдики бир аҳли фунун –
Чарх анга кажрафтор экан.


Шоир саёҳати давомидаги қувончнию, давр жафоларини ҳам шу тариқа қаламга олиб ўтади. Умуман олганда, Муқимий ижодида ҳажв катта ўринни эгаллайди. Унинг «Танобчилар», «Тўйи Иқонбачча», «Масковчи бой таърифида», «Воқеаи Виктор», «Сайлов», «Дар шикояти Лахтин» ҳажвияларида замондошлар ва жамиятнинг кирдикорлари фош этилган. «Воқеаи кўр Ашурбой ҳожи» сингари ҳажвияларда эса ҳажга бориб келган ахлоқий бузуқ кимсанинг ишратбозлиги тасвир этилган.

Муқимий ўзининг турмуши ночорлиги, оилавий ишлари юришмаганлиги, соғлиғининг ёмонлиги, қолаверса, замонасидаги мутаассибона қарашлар иқтидорли инсонлар парвозига тўғаноқ бўлаётганлиги боис, ўз жияни ва ўғлидан умидвор эди. Уларнинг камолини кўриб, армонга айланган орзулари улар орқали ушалишини, «Саёҳатнома» туркумига кирувчи шеърларини олис Москва-ю Петербургга бориб ҳам ёзишни истарди. Ўғли Акбарнинг ҳали бола бўлгани сабабли жияни Рўзимуҳаммаддан кўпроқ умид қилар, унинг ортидан эргашиб, ўғлининг ҳам олис Москвага бориб яшаши, ўқишини орзу қиларди. Ахир бу манаман деган бойваччага ҳам насиб қилавермасди-да!

Хўш, Рўзимуҳаммад қандай қилиб Россияга борган? Муқимийнинг жияни бўлмиш Рўзимуҳаммад, болалигидан онадан эрта етим қолгани сабабли, мешкобчи отасининг ночор турмуш шароитида Қўқонда вояга етаётганди. Отаси Дўстмат ака уни еру кўкка ишонмай, доимо бирга олиб юрган. Фалакнинг гардишини қарангки, отаси ҳам касалликдан вафот этди. Тоғаси Муқимий Рўзимуҳаммадни боқиб олай деса, ўзи мадраса ҳужрасида зўрға кунини ўтказяпти. Бироқ тоға жиянининг иқтидоридан хабардорлиги боис унга кўпинча ёзиш ва ўқишдан сабоқ берди. Шундай кунларнинг бирида етим қолиб, гоҳ у, гоҳ бу қариндошлариникида юрган Рўзимуҳаммадни Қўқонга иш билан келган петербурглик Зинаида Алексеева исмли хоним кўриб қолади. У билан яқиндан танишади.

Зеҳни ўткир, қолаверса, уддабурон ва кўчада турли юмушларни қилиб, рус тилини чала-чулпа ўрганиб олган Рўзимуҳаммад Зинаида Алексееванинг ишончини оқлагач, петербурглик хоним уни Россияга олиб кетди. Шу тариқа қўқонлик мешкобчининг етим қолган ўғли Петербурга бориб, Зинаида хонимникида, унинг онаси Мария Васильевна тарбиясида ўсди. 11 ёшли болакайнинг рус тилини ўрганишга, турли касбларга қизиқишини кўрган петербурглик хонимлар уни Москвага келтириб, дворянларнинг мактабига ўқишга киргиздилар.

Шу тариқа Рўзимуҳаммад 8-9 йилча Москвада таҳсил олиб, қариндошларини кўргани 1898 йилнинг май ойида Қўқонга келди. Қўқонда бу пайтда унинг энг яқин одами, ўқув-ёзувни ўргатган, баъзи қариндошлари Рўзимуҳаммадни Россияга юборишга қарши турганида унга оқ йўл тилаб қолган тоғаси Муқимий эди. Узоқ йиллик ҳижрондан сўнг мадраса ҳужрасида дийдорлашган тоға-жиян Петербург ва Москвада кўрганлари, тараққиёт намуналари ҳақида суҳбатлашдилар.

Таътилга келган жияни икки ой тоғасининг ёнида бўлиб, унинг ижод намуналари билан танишди. Август охирларида эса баъзи қариндошлари яна аввалгидек «кофир» бўлиб кетасан, дея Рўзимуҳаммадни олиб қолмоқчи бўлишди. Тоғаси Муқимий можарони тинчитиб, рус мактаби формасидаги жиянини шахсан ўзи поездга чиқариб қўйди. Пули камлигидан у атиги битта рўмол ва дўппини жиянига совға сифатида бериб юбора олди, холос.

Орадан кўп ўтмай, Москвадан Рўзимуҳаммад тоғасига мактуб ёзиб жўнатди. Хат орасидаги бошида фуражка, эгнида пиджак, шим, пальто, оёғида ботинка кийган жиянининг расмини кўрган Муқимий севиниб, тор ҳужрасига офтоб киргандек бўлди. У шундан кейин фотосуратни ҳужрасига осиб қўйди. Ўша вақтда мутаассиблар ҳатто, суратга тушишга ҳам қарши турган пайтда мадраса ҳужрасида расм осиб қўйиш жасорат эди.

Муқимий Рўзимуҳаммаднинг Москвадаги манзилига кўплаб хатлар ёзиб, маслаҳатлар бериб турди. Жиянига бағишлаб шеър битди. Мактуб орқали ўзаро боғланиш 1903 йилнинг май ойигача, яъни шоирнинг вафотигача давом этди. Ҳатто, оғир касал ётган тоға мадраса ҳужрасида осиғлиқ турган москвалик жиянининг суратига орзиқиш билан термилгангача вафот этган экан. Шоир Қўқондаги «Шайхон» қабристонига дафн этилган.

Рўзимуҳаммад Дўстматов тоғасининг меросини излаш, уни келгуси авлодларга авайлаб сақлаш бўйича кўпгина ишлар қилиб, 1965 йили оламдан ўтади.

Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Хаста шоирнинг ночор қисмати...