UzAuto Motors декабрь ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt ва Gentra учун шартнома тузишни тўхтатган эди. Икки ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, қисман Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ушбу моделлар сотуви қачон очилиши борасида ҳеч қандай маълумот йўқ. Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзавтосаноат” ахборот хизмати билан боғланди.
“Соbalt ва Gentra учун қачон шартнома бериш бошланиши бўйича аниқ маълумот йўқ. Контрактация очилмаётгани навбатларни камайтириш ишлари олиб борилаётгани билан боғлиқ”, дейилади компания вакилининг жавобида.
UzAuto Motors 2022 йил охиридан Nexia-3 ва Spark ишлаб чиқаришни тўхтатганди, жорий йил охиридан эса Gentra ҳам конвейердан олиб ташланиши режалаштирилган. Катта эҳтимол билан, яқин йиллар ичида Nexia-3 ва Spark ўрнига бошқа бюджет моделлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмайди.
Телеграмдаги Uzavtosavdo_bot маълумотларига таянилса, 4 март ҳолатига кўра, шартнома имзолаш имконияти мавжуд бўлган UzAuto Motors’нинг энг арзон моделлари: Onix - 207 млн 347 минг сўмдан, Tracker-2 эса 211 млн 454 минг сўмдан бошланади. Ўз навбатида Onix учун 4559та, Tracker-2 учун 31054та навбат ҳам бор.
2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 892 минг сўмни ташкил этган. Бу Ўзбекистонда ўртача даромад топадиган ходим амалда сотиб олиш учун мумкин бўлган Onix’ни харид қилиши учун ҳар қандай харажатлардан тийилиб, 53 ой ёки 4,5 йил ишлаши кераклигини англатади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, 2022 йилда бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчиларнинг 28 фоизи ёки 1 404 377 нафар ходим 1 млн сўмгача маош олган. 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача ойлик олувчилар сони 1,2 млн нафарни (24,6 фоиз) ташкил қилган. Шунингдек, 25,2 фоиз ходим 2 млн сўмдан 4 млн сўмгача ойлик даромад топган. Республика миқёсида бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчи ходимларнинг 77,8 фоизи ойига 4 млн сўмдан камроқ даромад топади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров компаниянинг 3 йил аввалги ваъдаларини яна бир бор эслатиб, ўзбекистонлик истеъмолчилар кичик бюджет автомобиллари сотиб олиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлишганига эътибор қаратди.
“2019 йил 7 июнь санасида “Ўзавтосаноат” Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси” тақдимотини ўтказган. Унда хусусан, биринчи 5 йилликда нархи 10 000 АҚШ доллари атрофида бўлган арзон автомобиллар ишлаб чиқарилишига эътибор қаратилиши эълон қилинган.
Худди шу стратегия бир кун ўтиб давлат раҳбарига ҳам тақдим этилган. Раҳбар автомобиллар нархини барқарор сақлаб, сифатини ошириш, янги ҳамёнбоп моделлар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш орқали маҳсулотларнинг бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Амалда нима бўлди? Амалда нархи 6-8 минг долларгача бўлган механика коробкали автомобилларни ишлаб чиқариш 2020 йил давомида, кейин 2021 йилда қуйи позициядаги 8-9 минг долларлик автомат коробкали ва якунда 2022 йилда 10 минг долларгача бўлган автомобиллар ишлаб чиқариш бутунлай тўхтатилди. Буям майли. Агар бу сегментда маҳаллий ишлаб чиқариш бўлмаса, балки ҳукумат соғлом ақлга мурожаат қилган ҳолда “малолитражкалар” учун божларни бекор қилдими? Асло йўқ”, дея ёзaди Отабек Бакиров.
Айни вақтда энг тежамкор ҳисобланган кичик литражли автомобиллар учун божлар энг баланд тарзда ўрнатилган. Кутилаётган тенденция Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги учун автомобиль танлаш имкониятини тубдан чеклайди. Ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсмаслиги ва чекланган танлов шароитида қондирилмаган талаб фақат ўсиб боради.
“Янгиланган” Malibu
UzAuto Motors янгиланган Мalibu XL автомобиллари нархларини эълон қилди:
- Malibu XL 1LT – 375 000 640 сўм;
- Malibu XL 2LT – 390 000 800 сўм;
- Malibu XL LTZ – 419 000 960 сўм.
Мalibu XL олдин сотувда бўлган Мalibu-2'дан деярли фарқ қилмаслигини инобатга олсак, ҚҚС пасайиши фонида компания нархларни сезиларли даражада оширганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Умуман олганда эса, UzAuto Motors “янгиланган” рутбаси билан сотувини йўлга қўяётган Мalibu XL Хитойда ўтган йилда ўша пайтдаги курс бўйича 25 минг 750 доллардан сотувга чиқарилган.
UzAuto Motors Chevrolet Malibu’ни Ўзбекистонга Жанубий Кореядан импорт қилади. Йиллик лимит – 2900 дона. Компания ушбу машиналар қанчадан сотиб олинаётганини бирор марта очиқламаган.
Таъкидлаш керакки, UzAuto Motors Кореядан Malibu импорт қилаётганида ҚҚС ва утилизация йиғими тўлашини билдирган, бироқ импорт божига тўхталмаган. Бу – мазкур монопол корхона яширин ҳужжатлар орқали автомобил импорти божидан озод қилинганига ишора қилади.
Шу тариқа, маҳаллий автогигантга берилган эксклюзив имтиёзлардан оддий истеъмолчилар маҳрумлигича қолмоқда. Жаҳон бозорида қулайлиги жиҳатидан Chevrolet Malibu билан рақобат қила оладиган, нархи ҳам яқин бошқа автомашиналар талайгина, лекин уларни олиб кирмоқчи бўлган тадбиркорлар жуда катта моддий ва бюрократик тўсиқларга дуч келади.
Муваффақиятсиз IPO
UzAuto Motors давлат корхоналари ичида биринчилардан бўлиб IPO ўтказди. Савдолар якунига кўра, компания инвесторлардан 56,9 млрд сўмгина жалб қилишга муваффақ бўлди. Миллий автомобиль ишлаб чиқарувчисининг акцияларига талаб кутилганидан 17 баробарга паст бўлди.
Ўзбекистондаги автомобилсозлик саноатининг монополистик ҳолати юқори даражада экани ҳеч кимга сир эмас. UzAuto Motors эса автомобил импортига ўрнатилган бож ставкалари билан ҳимоя қилиб келинади. Компаниянинг очиқ рақобат муҳитида фойда ёки зарар билан қандай ишлаши мумкинлиги ҳақидаги прогнозлар мавжуд эмас. Яъни мамлакатдаги иқтисодий сиёсат ўзгарганда, компаниянинг молиявий ҳолати қандай бўлишини таҳлил қилиш имконсиз. Айнан рақобат муҳити йўқлиги бугунги кунда компания “муваффақиятлари”ни белгилаб бераётган асосий омил ҳисобланади.
Шунингдек, компаниянинг ҳақиқий молиявий ҳолати ҳақидаги ҳисоботлар очиқланмайди. UzAuto Motors бир қатор очиқ ва ёпиқ имтиёзлар, субсидиялардан фойдаланиб келади.
Аввалроқ, “Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умрзоқов автомобилга навбатлар йўқ бўлишига яна бир марта ваъда берганди. Унинг айтишича, бунга автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали эришилади.
“Андижоннинг ўзида бу йил 250−300 млн долларлик тўртта янги завод қурадиган бўлдик. Бу нима беради? Тасаввур қилинг, 2016 йил 80 минг машина чиққан, 2017 йил 120 минг чиққан. Бугун 330 минг чиқаряпмиз. Бу йил 400 мингдан ошиқ чиқарамиз. Навбат йўқ бўлади, ишонинг, фақат озгина сабр”, – деди “Ўзавтосаноат” раиси.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг