
Ўзбекистонда янгича тартиб жорий этилиши кутилмоқда — эндиликда юриш масофаси (одометр) сунъий ўзгартирилган автомобилларни харидорни хабардор қилмасдан сотганлар жаримага тортилиши мумкин, деб хабар берди Norma.uz.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ҳозирда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. Ҳужжатда сўнгги йилларда иккилламчи авто бозорида одометр кўрсаткичларини камайтириш орқали машинани қимматроқ нархда сотиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган.
Лойиҳада Маъмурий жавобгарлик кодексига янги — “Транспорт воситасининг одометри ўзгартирилганлиги ёки алмаштирилганлиги ҳақида хабар бермаслик” деб номланган 121-1-модда қўшиш таклиф этилган.
Унга кўра, агар сотувчи харидорга одометр алмаштирилгани ёки кўрсаткичлари ўзгартирилгани ҳақида маълум қилмаса, у 10 дан 15 гача асосий ҳисоб бирлиги миқдорида жарима тўлайди — бу тахминан 4,1 миллиондан 6,2 миллион сўмгача.
Ташаббус муаллифлари таъкидлаганидек, янги норма истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иккиламчи авто бозоридаги алдов ҳамда ишончни суиистеъмол қилиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси 2025 йил 20 ноябргача жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.