
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мамлакатдаги автомобиль ҳаракати ва айирбошлаш бозори бўйича навбатдаги таҳлилни эълон қилди. Октябр ойида автотранспорт воситалари савдоси сезиларли даражада фаоллашгани, барча асосий сегментларда барқарор ўсиш қайд этилгани маълум қилинди.
Марказ хабарига кўра, октябр ойида республика миқёсида жами 112,5 минг автотранспорт воситаси сотилган — бу сентябр ойига нисбатан қарийб 11 фоиз кўп. Айниқса, енгил автомобиллар сегментидаги жонланиш умумий бозордаги ижобий динамикани янада кучайтирган.
Енгил автомобиллар бўйича бирламчи ва иккиламчи бозордаги савдолар 12,7 фоизга ошиб, 95,4 минг донага етди. Ҳудудлар кесимида эса Наманган, Жиззах ва Бухорода энг юқори ўсиш қайд этилган — бу вилоятларда савдолар 20 фоиздан ортиқ кўтарилган. Шунга қарамай, Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида фаоллик бироз пасайгани кузатилган.
Бирламчи бозордаги ҳолат
Октябр ойи натижасига кўра, бирламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси 19 фоизга ошган. Бу эса ой давомида қўшимча 6 мингдан зиёд янги автомобиль сотилганини англатади. Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар бўйича кўрсаткич 33,4 минг донага етган — бу сентябрга нисбатан 22 фоиз юқори.
Шунингдек, янги хорижий автомобилларнинг сотуви ҳам оз бўлса-да ўсган. Ушбу сегментда 4,5 минг автомобиль савдога чиққан бўлиб, бу 1,1 фоизлик ўсишни ташкил этади.
Иккиламчи бозорда фаоллик
Октябр ойида иккиламчи бозорда ҳам ижобий динамика кузатилган. Енгил автомобилларнинг бу сегментдаги савдоси 9 фоизга ошиб, 57,4 минг донадан ошди.
Айниқса, электромобилларга бўлган қизиқиш сезиларли равишда ўсган: иккиламчи бозорда электромобил савдоси 3 минг донадан ошиб, ойлик 15,2 фоизлик ўсиш қайд этилган. Қизиғи шундаки, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробарга юқори.
Авто бозордаги бундай фаоллик, мутахассислар таъкидлашича, аҳоли харид қобилиятининг тикланиши, янги моделлар тақдимоти ва кредит-молиялаштириш имкониятларининг кенгайиши билан боғлиқ. Бозордаги динамика декабр ойида ҳам давом этиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.