
Тошкент шаҳридаги бозор ва савдо комплексларида автотураргоҳ нархлари дам олиш кунлари оширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг 18-ноябрь кунги қарорида белгилаб ўтилган. Ҳокимлик ушбу қарорга оид қўшимча тушунтириш билан чиқди.
Маълум қилинишича, “Муниципал активларни бошқариш” корхонаси автотураргоҳлар фаолиятини ўрганиб чиққан. Таҳлилларга кўра, оддий харидорлар учун зарур савдоларни амалга оширишга одатда икки соат етарли бўлади. Шу сабабли, дастлабки икки соатлик туриш нархи ўзгаришсиз қолади.

Нархларнинг ошиши асосан узоқ вақт тўхтаб турадиган фойдаланувчиларга — яъни бозор ходимлари, сотувчилар ва ҳудудда фаолият юритадиганларга таъсир қилади. Бу чора бозор атрофи ва автотураргоҳлар юкламасини камайтириш, тўхташ жойларини бошқалар учун ҳам очиқ ва мавжуд сақлаш мақсадида жорий этилган.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, бу ўзгариш оддий харидорларга салбий таъсир кўрсатмайди, аксинча, бозорлар яқинидаги автотураргоҳлардан фойдаланиш хавфсизлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Нархлар орқали тартиб ва айланишни назорат қилиш режалаштирилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.