21:00 / 26.05.2023
289

“Ўзавтосаноат” президент топшириғини бажармаяпти: Tracker’га бир ярим, Onix’га бир йил навбат

“Ўзавтосаноат” президент топшириғини бажармаяпти: Tracker’га бир ярим, Onix’га бир йил навбат

Айни пайтда Ўзбекистонда сотувдаги энг паст нархи 200 миллион сўмдан юқори бўлган автомобиллар — Tracker ва Onix учун навбат катта. Буни UzAutoMotors мобил иловасидан кўриш мумкин. Навбатларга қараганда, автомобиль учун тўлов қилган мижоз машинасини олишни 1—1,5 йил кутишга тўғри келиши кўринади. Президент “Ўзавтосаноат”га 2022 йил 1 майдан автосалонлардаги навбатларни тугатиш вазифасини қўйганди.

[media=https://twitter.com/ShuhratRazzakov/status/1662120681146916864?s=20]

UzAutoMotors салкам бир ой давомида Tracker ва Onix учун тўхтатган сотувини 25 майдан қайта тиклади. Бугун, 26 май ҳолатига кўра, компания иловасида Tracker учун 3 минг 23 та навбат борлиги ва пули тўланган автомобилни олиш учун 1,5 йил кутиш кераклиги, Onix учун 1 минг 171 та навбат мавжудлиги ва машина тайёр бўлишини 1 йил кутиш кераклиги кўрсатилган.

Скриншот / UzAutoMotors

Компания икки русумдаги автомобиллар сотувининг тўхтатилишига сабаб сифатида уларнинг қўшимча вариантлар билан сотувга чиқарилишини маълум қилган. Янги вариантларда бир неча қўшимча жиҳозлар бўлиши таъкидланган.

Скриншот / UzAutoMotors

Хусусан, аввалги комплектациядаги Chevrolet Tracker LS 211 454 880 сўмдан, Tracker LTZ 231 196 000 сўмдан, Premier 251 142 080 сотилмоқда. Қўшимча опсияларга эга янгиланган тўпламлар:

LS Plus — 223 824 160 сўм;

LTZ Plus — 246 981 280 сўм;

Premier Plus — 276 016 160 сўм;

Redline — 285 834 080 сўмдан сотилмоқда.

Аввалги Chevrolet Onix комплектациялари:

Premier 1 — 207 347 000 сўм;

Premier 2 — 214 748 000 сўм.

Қўшимча опсияларга эга янгиланган тўпламлар:

Premier 2 Plus — 221 640 160 сўм, Redline — 230 624 800 сўм.

Иловада юқоридаги икки русумдаги автомобилдан кейинги, нархи арзонроқ — Malibu 2 учун навбат 122 та кўрсатилган ва навбат жорий йилнинг июль ойида келиши акс этган. Автомобиль нархи — 419 миллион сўм.

Ўзбекистонда Onix ва Tracker автомобиллари ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақида илк бор 2019 йил июнида маълум бўлганди. Onix биринчи марта сотувга чиққан 2022 йил 1 ноябрь куни автомобиль учун рекорд даражадаги — 28 мингдан ортиқ шартнома имзоланган ва навбатлар 1 йилгача чўзилган. Дастлаб Chevrolet Onix 9-12 минг доллар атрофида сотилиши хабар қилинган. Аммо жорий йил май ойи бошида шартномалар тўхтатилгунга қадар автомобиль 18 минг доллардан сотилган. Ҳозир ҳам энг арзон автомобиль 18 минг доллардан юқори.

UzAuto Motors 2022 йилда нархи 13 минг доллардан паст бўлган — Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобиллари сотувини тўхтатган. Компания Tracker ва Onix 2023 йилдан Spark ва Nexia ўрнига ишлаб чиқарилишини маълум қилган. Аммо Cobalt ва Lacetti автомобиллари сотуви қачон бошланиши ноаниқ.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг февралидаги йиғилишда “Ўзавтосаноат” АЖ олдига 2022 йилнинг 1 майигача автосалонлардаги навбатларни тугатиш вазифасини қўйганди.

“1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш шарт”, — деган эди давлат раҳбари.

Орадан бир йил ўтди ҳамки, корхона ўзига юклатилган вазифани бажармай келмоқда. Пастроқ ёки ўрта даромадли аҳоли сотиб олиши мумкин бўлган автомобиллар сотуви тўхтатилган. Ўзбекистонликлар нархи 18 минг доллардан юқори бўлган машиналарни олишни бир йилдан ортиқ вақт давомида кутишга тўғри келади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, Onix автомобилининг арзон контрактациялари тўхтатилади.

Эртадан гўёки “одолжение” қилиб, Onix учун нархларни оширмай контрактацияни тиклаётган монополист шу баҳонада 149 миллион сўмдан 159 миллион сўмгача бўлган энг арзон механика коробка, шунингдек, 185 миллион сўмлик базавий автомат коробка модификацияларини контрактация рўйхатидан буткул олиб ташламоқда.

Ўтган йили ноябрда Onix учун сотувлар бошланганида мазкур, нисбатан арзон модификациялар учун шартнома топиш ўта мушкул бўлса-да, имкони бор эди. 2023 йил январида Onix’нинг арзон моделлари учун контрактация ёпилгани бўйича қайта тикланмади. Мана энди эса расман, де-юре бекор бўлмоқда. Монополистнинг ўрта ва қуйи даромадли истеъмолчиларни жазолашга ва хўрлашга қаратилган бу усули илгарироқ Spark ва Nexia-3 сотувларида ҳам қўлланилган.

2020 йилдан бошлаб яримўтказгичлар етишмовчилиги баҳонасида гўёки камёб микросхемалар энг қиммат модификацияларга ўрнатилиши самарали дея бошланган бу муттаҳамлик мана энди бозор микросхемаларга тўлиб кетган бўлса-да, бутунлай янги босқичга чиқмоқда.

Афсуски, монополистнинг мазкур ҳаракатларига ҳуқуқий ва амалий баҳо берадиган антимонополия органи фақат қоғозда мавжуд. Фалаж ётган антимонополия органига қон бериши мумкин бўлган “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири эски ва янги Конституцияда белгиланган муддатларга зид равишда имзоланмай қайсидир бюрократик занжирда яшириб ё ушлаб турилибди”, — деб ёзади иқтисодчи.



UzAutoMotors, Tracker, Onix, Навбат

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » “Ўзавтосаноат” президент топшириғини бажармаяпти: Tracker’га бир ярим, Onix’га бир йил навбат