
Андижон вилояти ҳокимлиги Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда янги пуллик автомобиль йўли қуриш бўйича келишувга эришди. Ушбу йўл Янги Андижон ва Хонобод шаҳарларини боғлайди.
Келишув 3 ноябр куни вилоят ҳокими Шухрат Абдураҳмонов ва компания вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда имзоланди. Аввал оммага эълон қилинмаган ушбу лойиҳа мамлакатда пуллик магистрал йўллар тармоғини ривожлантириш миллий стратегиясининг бир қисми бўлади.
Лойиҳа сентябр ойида қабул қилинган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири асосида амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжат бундай лойиҳаларга ҳуқуқий асос яратиб, пуллик йўллар учун бепул альтернатив йўл ва иқтисодий жиҳатдан асосланган тарифлар мавжуд бўлишини талаб қилади.
Янги йўл “Янги Андижон” деб номланган кенг қамровли шаҳарсозлик лойиҳасини тўлдиради. Ушбу лойиҳага Бобур номини бериш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада 250 миллион доллар ҳажмидаги молиялаштириш асосида йирик таълим ва маданият маркази барпо этиш режалаштирилган. Янги Андижон – Хонобод йўналиши ҳукумат томонидан тасдиқланган пуллик йўллар рўйхатига киритилади.
Ушбу рўйхатга Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон йўналишлари ҳамда Тахтақорача довонида пуллик туннель қурилиши кабилар киради. Ташаббус транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳудудларга хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган.
Замонавий тушунчадаги биринчи пуллик йўл XVII асрда Буюк Британияда пайдо бўлган. 1663 йилда қабул қилинган парламент қонуни маҳаллий ҳокимиятларга Шимолий Буюк йўлнинг бир қисми учун йўл ҳақини ундириш ва уни сақлаш ҳуқуқини берган.
Андижонда янги пуллик йўл қурилади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар