
Сўнгги бир йил ичида мамлакатимизда электромобилларга бўлган қизиқиш кескин ўсди. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь–октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга жами 47 264 дона электрда ҳаракатланувчи автомобиль олиб кирилди. Улар умумий қиймати 544,1 миллион долларни ташкил этган. Бу нафақат ўтган йилги кўрсаткичдан, балки 2023–2024 йилларнинг умумий натижасидан ҳам юқори ҳисобланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, электромобил импорти бир йил ичида деярли икки бараварга кўпайган. Масалан, 2024 йилнинг шу даврида мамлакатга 22 220 дона электромобиль келтирилган бўлса, жорий йилда бу рақам икки ҳиссага ошган.
Айниқса, октябрь ойидаги кўрсаткичлар диққатга сазовор — фақатгина шу ойнинг ўзида хориждан 6 933 та электромобиль олиб келинган. Уларнинг умумий қиймати 71,4 миллион долларга етган. Бу 2024 йил октябридаги кўрсаткичдан 1,74 баравар кўпдир. Аммо шу билан бирга, сентябрь ойида қайд этилган 11 534 дона электромобилга нисбатан 4 601 тага кам.
Қизиғи шундаки, импорт қилинаётган ҳар бир электромобильнинг ўртача баҳоси ҳам ортиб бормоқда. Октябрь ойидаги ҳисоботга кўра, ҳар бир автомобилнинг ўртача қиймати 10,3 минг доллар бўлган. Солиштириш учун, ўтган йилнинг шу ойида бу кўрсаткич 5,2 минг долларни, жорий йил сентябрида эса 9,9 минг долларни ташкил этган.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга жами 24 091 та электромобиль киритилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 224,7 миллион долларга тенг бўлган. 2023 йилда эса 16 084 дона электр автомобили олиб келинган, бироқ ўша пайтда машиналар сони кам бўлса-да, жами харид қиймати анча юқори — 433,8 миллион доллар бўлган.
Шу билан бирга, 2025 йил январь–октябрь ойларида бензинли автомобиллар импорти икки бараварга қисқарган, гибрид автомобиллар импорти эса қарийб олти баравар камайган.
Мутахассислар фикрича, бундай тенденция мамлакатда экологик тоза транспорт воситаларига бўлган талаб ортиб бораётганидан дарак беради. Электромобиллар нафақат иқтисодий жиҳатдан тежамли, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!