18:15 / 02.12.2024
10

Электромобиллар қанча вақтда ўз қийматини йўқотади?

Электромобиллар қанча вақтда ўз қийматини йўқотади?
Фото: picture-alliance
Транспорт воситасига эгалик қилишда энг катта харажатлардан бири амортизация (қадрсизланиш) ҳисобланади. Автомобил автосалондан чиқиши билан ўз қийматини йўқота бошлайди. Вақт ўтган сари босиб ўтилган масофа ва машинанинг эскириши туфайли унинг баҳоси янада пасаяди.

Хўш, электромобиллар (EV) ички ёнув двигателли автомобиллар билан таққосалаганда қанчалик чидамли? Улар ўз қийматини яхшироқ сақлай оладими ёки тез қадрсизланадими? Euronews бу ҳақда мақола тайёрлади.

Амортизация нима?

Амортизация — автомобилнинг дастлабки қиймати билан унинг ҳозирги бозор қиймати ўртасидаги фарқ.

Бутун Европа бўйлаб кўпчилик автомобиллар дастлабки уч йил ичида ўз қийматининг қарийб 50 фоизини йўқотади, бироқ тўртинчи-бешинчи йилга келиб амортизация суръати секинлашади.

Саккиз-ўн йил ичида аксарият автомобиллар ўз қийматининг катта қисмини бой беради.

Амортизацияга нималар таъсир қилади?

Автомобилнинг қадрсизланиш тезлиги бир қанча омилларга, жумладан, босиб ўтган масофасига, ҳолатига, талаб ва таклифга, маркаси ва моделига боғлиқ.

Электромобилларда эса аккумулятор ҳолати, технологик ривожланиш ва давлат сиёсати каби қўшимча омиллар ҳам муҳим рол ўйнайди.

Яқинда Италияда ўтказилган тадқиқотда миллий солиқ сиёсати автомобилларнинг харид нархлари ва қолдиқ қийматига таъсир қилиб, амортизацияга сезиларли даражада таъсир кўрсатиши маълум бўлди.

Масалан, баъзи мамлакатларда субсидиялар туфайли Tesla Model 3 Toyota Corolla’дан 8 524 евро арзонроқ, бошқаларида эса 6 590 евро қимматроқ туради. Бу иккала моделда солиқ юкламаси сезиларли фарқ қилди: 448 евродан 16 022 еврогача.

Солиқ имтиёзларидаги бундай тафовутлар бутун Европа бўйлаб автомобилларни қайта сотиш нархига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Иқтисодий пасайиш ёки ишлаб чиқаришнинг секинлашиши каби ташқи омилларни унутмаслик керак. Масалан, COVID-19 пандемияси даврида ишлаб чиқаришнинг қисқариши етказиб бериш тақчиллигига олиб келди, бу эса ишлатилган автомобиллар нархини оширди.

Электромобилларнинг амортизацияси: алоҳида қонуният

Электромобиллар тарихан ички ёнув двигателли автомобилларга нисбатан бошқача амортизация эгри чизиғига эга бўлиб келган. Дастлаб, электромобиллар, асосан, аккумулятор технологияларининг тез ривожланиши туфайли тезроқ қадрсизланган. Юриш масофаси узоқроқ, қувватлаш имкониятлари яхшироқ бўлган янги моделлар пайдо бўлиши билан эски электромобиллар ўз қийматини янада тезроқ йўқотди.

Электромобилнинг эскиришига бир нечта асосий омиллар, хусусан, аккумулятор деградацияси таъсир қилади. Янги электромобилларга, одатда, саккиз йилгача ёки 160 000 километргача кафолат берилишига қарамай, аккумулятор узоқ ишлай олиши борасида хавотирлар ҳалигача долзарб. Бироқ электромобил аккумуляторларининг ҳолати ва самарадорлигига ихтисослашган Recurrent компанияси маълумотлари оптимистик натижалар кўрсатмоқда.

20 000 нафар EV эгалари орасида ўтказилган сўровномага кўра, аккумуляторларнинг атиги 2,5 фоизи ишлаб чиқарувчининг чақирувисиз алмаштирилган. Бу эса аккумуляторлар деградацияси илгари хавотирлангандан анча секинроқ кечаётганини англатади. Бу ҳолат потенциал харидорларни электромобил аккумуляторлари узоқ муддат сифатини йўқотмаслигига ишонтиради.

Иккинчи муҳим омил технологик тараққиётдир: электромобилларнинг янги моделлари узоқроқ масофа босиб, тезроқ қувватланади, бу эса эски моделларни урфдан чиқармоқда. Натижада, жадал технологик ривожланиш эски электромобилларнинг қайта сотиш қийматига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Талаб ва таклиф ҳам муҳим омил ҳисобланади. Сўнгги йилларда янги электромобиллар сотувининг кескин ўсиши натижасида ишлатилган электромобиллар таклифи ҳам кўпаймоқда. Бунда, айниқса, айниқса, бозорни тўлдириб, нархларни пасайтираётган флот компанияларнинг хизмати катта.

Хитойдан арзонроқ моделларнинг кириб келиши ҳам ушбу тенденцияга ҳисса қўшиб, ишлатилган электромобилларни қайта сотиш нархларига босимни оширди.

Шунингдек, нархларнинг қайта тақсимланиши бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Яқинда автомобил ишлаб чиқарувчилар томонидан янги электромобиллар нархининг пасайтирилиши ишлатилган автомобиллар бозорига сезиларли таъсир кўрсатди. Арзон нархлар истеъмолчиларни ўзига жалб қилса-да, ишлатилган электромобилларнинг қиймати узоқ вақт барқарор қолишига шубҳа уйғонмоқда.

Электромобилларнинг ички ёнув двигателли автомобилларга нисбатан амортизацияси қандай?

Autovista Group маълумотларига кўра, Европанинг бир қатор бозорларида электромобиллар ички ёнув двигателли автомобилларга қараганда тезроқ қадрсизланяпти.

Уч йиллик ва 60 000 километр масофани босиб ўтган электромобилларнинг қиймати паст. Аксинча, ҳибрид электромобиллар ўз қийматини анча яхши сақлаб турибди.

Ирландиянинг энг йирик автомобил савдо сайти DoneDeal'нинг 2024 йил сентябр ойидаги ҳисоботига кўра, мамлакатда ишлатилган электромобиллар нархи ўтган йилга нисбатан 15 фоизга тушган. Бунга ишлаб чиқарувчиларнинг янги автомобилларга нисбатан қўллаган агрессив нарх сиёсати ҳамда бозордаги таклиф ҳажмининг ошиши сабаб бўлган.

Ишлатилган электромобиллар бозори борми?

Амортизация билан боғлиқ муаммоларга қарамай, ишлатилган электромобиллар бозори ўсиб бормоқда. Нархларнинг пасайиши янги электромобил сотиб олишга қурби етмайдиган харидорлар учун айни муддао.

Батарея технологияси тобора такомиллашиб, жамоатчиликнинг электромобилларга ишончи ортиши сабабли амортизация суръати яхшиланмоқда. Бу эса ишлатилган автомобиллар бозорида электромобилларнинг рақобатбардошлигини оширмоқда.

Электромобилларни қандай келажак кутмоқда?

Соҳа таҳлилчилари электромобилларнинг келгусидаги қийматини қатор омилларга асосланиб прогноз қилади. Буларга аккумулятор ишлаб чиқариш харажатлари, чиқинди газларга қўйиладиган солиқлар, йўл ҳақи тўлаш тизимлари ва давлат имтиёзлари киради.

2035 йилдан бошлаб Европа Иттифоқида бензин ва дизелда юрадиган янги автомобилларни сотиш тақиқланди. Бу электромобилларни қайта сотиш қийматига таъсир кўрсатади.

Электромобил таннархининг энг катта қисми — умумий қийматнинг тахминан 40 фоизини батареялар ташкил этади. Бироқ хомашё нархининг пасайиши ва ишлаб чиқариш қувватининг электромобилларга бўлган талабдан ошиб кетиши сабабли аккумуляторлар нархи тушиши кутилмоқда.

Гарчи электромобиллар азалдан ички ёнув двигателли автомобилларга қараганда тезроқ қадрсизлган бўлса-да, ишлатилган электромобиллар бозорининг ривожланиши ва талаб ортиши билан бу тафовут қисқариши кутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, автомобилнинг амортизацияси келажакдаги харидорларнинг истаги ва талабларига боғлиқ. Электромобиллар технологияси такомиллашиб бориши билан, вақт ўтган сари электромобилларнинг ўз қийматини янада барқарор сақлаб қолиши эҳтимоли ортиб боради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Электромобиллар қанча вақтда ўз қийматини йўқотади?