date

Ўзбекистонда пулли йўлларда янги тезлик меъёри жорий этилади

Ўзбекистонда пулли йўлларда янги тезлик меъёри жорий этилади

Ўзбекистонда тез орада пулли йўлларда соатига 150 километргача тезликда ҳаракатланиш имконияти яратилади. Бу ҳақда Автомобил йўллари қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаров маълум қилди, деб хабар берди Gazeta.uz.

Унинг таъкидлашича, “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда пулли йўлларга оид аниқ нормалар белгиланмоқда. Қонун кучга киргач, ҳаракат қоидаларида ўзгаришлар бўлади ва айрим йўлларда соатига 150 км тезлик билан юришга рухсат берилади.

Шу билан бирга, пулли йўллардан фойдаланиш тўлови ҳукумат томонидан тасдиқланадиган методика асосида ҳисобланади. Нархнинг энг юқори чегараси белгиланиб, инвесторлар бу миқдордан ортиқ тўлов талаб қила олмайди.

Ҳасан Умаров буни шундай изоҳлади:
“Ҳозир йўлда бир нечта радар бор. Бир марта тўғри келсангиз ҳам, 200 минг сўм тўлайсиз. Пулли йўлларда эса бугунги ҳисоб-китобларга кўра, 200 км учун 100 минг сўм атрофида бўлади. Лекин бу нарх ҳали ўзгариши мумкин”.

Қонунчилик палатаси вакили Фарҳод Зайниев эса пулли йўл қурилиши учун унга параллел бепул йўл мавжуд бўлиши шартлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги мавжуд йўллар пулли қилиб ўзгартирилмайди, балки янгидан қурилади.

“Йўловчида танлов бўлади: хоҳласа давлат йўлида бепул ҳаракатланади, хоҳласа вақт тежаш учун пулли йўлдан юради”, – деди депутат.

Зайниев шунингдек, пулли йўллардан тушган маблағлар қаерга сарфланиши ҳам аниқ кўрсатилганини маълум қилди. Агар йўл давлат-хусусий шериклик асосида қурилган бўлса, тушумнинг бир қисми йўлни сақлаш ва таъмирлашга, қолган қисми эса инвестор улушига йўналтирилади.

Қонун лойиҳасига кўра, фавқулодда ҳолатларда пулли йўллардан бепул фойдаланиш мумкин бўлади. Шунингдек, тез ёрдам ва ички ишлар органларининг махсус автомобиллари учун тўлов қўлланилмайди.

Маълумот учун, Қонунчилик палатаси “Автомобил йўллари тўғрисида”ги янги қонунни 23 сентябр куни қабул қилиб, Сенатга юборган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ўзбекистонда пулли йўлларда янги тезлик меъёри жорий этилади