date

Рафинья “Эл-класико”да "Реал Мадрид"га қарши майдонга тушадими?

Рафинья “Эл-класико”да "Реал Мадрид"га қарши майдонга тушадими?

“Барселона” жамоаси учун муҳим хабар: вингер Рафинья жароҳатдан тўлиқ тикланиб, 26 октябрь куни бўлиб ўтадиган “Реал”га қарши ўйинда жамоага ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақда “Marca” нашри маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бразилиялик футболчи 25 сентябрь куни “Овьедо”га қарши (3:1) баҳсда сон орқа қисмида жароҳат олганди ва шундан кейин бир ойга яқин майдондан четда қолган. Энди эса у умумий гуруҳ машғулотларига қайта қўшилди ва шифокорлар унинг ҳолатини “жуда яхши” деб баҳоламоқда.

Манбаларга кўра, Рафиньянинг тикланиш жараёни режадан тезроқ кечган. У ҳатто кечаги Чемпионлар лигаси баҳси — “Олимпиакос”га қарши (6:1) учрашувда иштирок этиши мумкин эди, аммо бош мураббий Ханс-Дитер Флик хавфга бормасликни маъқул кўриб, футболчига яна бир неча кун дам беришни афзал кўрган.

Ҳозирча Рафинья “Эл-класико”да асосий таркибда бошлайдими ёки захирадан майдонга тушадими — бу ҳақда аниқ қарор қабул қилинмаган. Флик бразилиялик футболчининг жисмоний тайёргарлиги ва ўйин ритмини баҳолаб, сўнг қарор чиқаради.

Шу билан бирга, клуб ичидаги манбалар Рафиньянинг кайфияти юқори эканини ва у “Реал”га қарши ўйинни орзудай кутaётганини таъкидламоқда. Унинг майдонга қайтиши “Барселона” учун ҳужум чизиғида янги куч ва тезлик олиб келиши кутилмоқда.

Бразилиялик футболчи жорий мавсумда 8 та учрашувда қатнашиб, 2 гол ва 3 голли узатма билан жамоага ҳисса қўшган. Энди эса “Эл-класико” орқали Рафинья учун навбатдаги синов ва катта саҳнага қайтиш имкони яратилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рафинья “Эл-класико”да "Реал Мадрид"га қарши майдонга тушадими?