Дунё автомобиль бозорида сентябр ойи ҳақиқий бурилиш нуқтаси бўлди — фақат электр ва тармоқдан қувват олувчи гибрид машиналарнинг глобал савдоси 26 фоизга ошиб, тарихда илк бор 2,1 миллион донага етди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўсиш аввало Хитойдаги юқори талаб ва солиқ имтиёзлари тугаётганидан олдин АҚШ бозоридаги шошилинч харидлар билан боғлиқ.
Шимолий Америкада натижалар рекорд даражада — сотувлар 66 фоизга кўтарилиб, 215 минг автомобилга етди. Бу рақамлар минтақада электромобилларга қизиқиш ошиб бораётганидан далолат беради.
Жаҳон савдосининг ярмидан кўпи Хитой ҳиссасига тўғри келган — тахминан 1,3 миллион дона. Бу ҳолат ажабланарли эмас, чунки Хитой бугун электромобил саноатининг асосий "локомотиви"га айланган.
Европада ҳам “яшил” машиналар борасида ҳақиқий бум кузатилди. Қитъадаги сотувлар 427 мингдан ошди. Бу ўсишга Германия ҳукумати томонидан амалга оширилаётган рағбатлантирувчи дастурлар ва Буюк Британиядаги кучли талаб сабаб бўлган.
Экспертлар фикрича, яқин ойларда Европа бозори яна қизийди — чунки Tesla Model Y’нинг арзонроқ варианти сотувга чиқиши кутилмоқда. Бу эса рақобатни янада кучайтиради.
Шу билан бир вақтда, АҚШ бозорида тўртинчи чоракда маълум пасайиш эҳтимоли бор. Сабаб — солиқ имтиёзлари якунланиши ортидан ҳам истеъмолчилар, ҳам бизнес учун харид имкониятлари чекланиши.
Хулоса қилиб айтганда, сентябр ойи глобал автомобиль бозорида “яшил энергия” сари навбатдаги қадам бўлди — дунё тобора электр транспорт даврига шиддат билан кириб бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!