Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 59,8 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,9 фоиз ёки 11,1 миллиард доллар кўпдир.
Экспорт ҳажми 26,7 миллиард доллар бўлиб, 33,3 фоизга ўсди. Импорт эса 33,1 миллиард долларни ташкил этиб, 15,6 фоизга кўпайди.
Ўзбекистон ҳозирда 206 давлат билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Улар орасида етакчи ҳамкорлар — Хитой (19,1%), Россия (15,7%), Қозоғистон (5,8%), Туркия (3,6%) ва Корея Республикаси (2,2%).
Мутахассислар фикрича, бу ўсиш мамлакатдаги экспорт салоҳияти ва ишлаб чиқариш турларининг кенгайиши билан изоҳланади. Айниқса, Хитой ва Россия билан савдо алоқаларининг кучайиши иқтисодий фаолликни янада оширган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятда янги босқичга қадам қўйиб, халқаро бозорларда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!