Қозоғистон медиа маконида италиялик мутахассис Фабио Каннаваронинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида тайинланиши кенг муҳокама қилинди, деб ёзади Qsport ютуб-канали. Нашр ўз чиқишида мазкур қарорни нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё футболи учун янги давр бошланиши сифатида баҳолади.
“Фабио Каннаваро — Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги устози. У жаҳон чемпиони, футбол афсонаси. Аммо жамоа қаерга йўналганини тушуниш учун, аввал қаердан келганини унутмаслик керак”, — дейди видеоролик муаллифи.
Qsport таҳлилида таъкидланишича, асосий ва энг оғир ишни Сречко Катанец бажарган — у жамоани тузди ва саралаш босқичларидан ўтказди. Кейин Тимур Кападзе масъулиятни ўз зиммасига олиб, ишни муваффақиятли якунлади ҳамда Ўзбекистонни тарихда илк бор жаҳон чемпионатига олиб чиқди.
Эндиликда эса бошқарувни жаҳон футболида катта ном қозонган Фабио Каннаваро қўлга олди. Қозоғистонлик журналистлар буни табиий қадам, деб баҳолашса-да, баъзилар “фақат жаҳон чемпиони бўлган мураббий автоматик равишда совринлар олиб келмайди”, деган фикрни ҳам билдиришган.
Мазкур видеога келган изоҳларни жамлаб, улардан айримларини ўқувчиларга тақдим этамиз.
Фойдаланувчиларнинг аксарияти Ўзбекистонга мухлислик билдириб, ўз фикрларини илгари сурган:
– “Ўзбек футболи ҳали жаҳонга нималарга қодирлигини кўрсатади. Омад тилайман!” — дейди тожикистонлик мухлис.
– “Ўзбекларга офарин. Улар учун хурсандман, Қозоғистон сизларга мухлислик қилади”, — деб ёзади бошқа фойдаланувчи.
– “Каннаварога ишонаман, у жамоани узоққа олиб боради. Ўзбекистон мундиалда камида битта ғалаба қозониши мумкин”, — деган фикрлар ҳам бор.
Баъзилар юмор билан муносабат билдиришган:
– “Нега барча бош мураббийлар фамилияси ‘Ка’ билан бошланади? Катанец, Кападзе, Каннаваро... эҳтимол, кейинги — Кака бўлар?” — деб ёзган фойдаланувчи.
Шу билан бирга, айримлар эҳтиёткор фикр билдирган:
– “Каннаваросиз ҳам Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқди. Энди асосийси — муносиб иштирок этиш.”
– “Жамоа муваффақиятининг ўн фоизи мураббийга боғлиқ, қолгани ўйинчилар қўлида”, — деб ёзган бошқа мухлис.
Қозоғистонлик спорт мухлислари умумий фикрда якдил: Ўзбекистонга ҳурмат катта, Каннаваро эса нафақат жамоани, балки бутун минтақани янги босқичга олиб чиқиш имкониятига эга.
Шундай қилиб, қўшни давлатдаги муҳокамалар нафақат қизиқиш, балки Ўзбекистон футболига нисбатан чин дўстона муносабатни ҳам яна бир бор намоён этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!