Германиялик жаз хонандаси Ўзбекистонда концертлар ва маҳорат сабоқлари беради » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Германиялик жаз хонандаси Ўзбекистонда концертлар ва маҳорат сабоқлари беради

Маданият 19-05-2016, 13:12 1 056
Германиялик жаз хонандаси Ўзбекистонда концертлар ва маҳорат сабоқлари беради

Германиялик жаз хонандаси Пэт Эпплтон ўзбек созандалари билан ҳамкорликда Ўзбекистон бўйлаб концерт турнеси ўтказади. Турнени Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Давлат консерваторияси кўмагида ташкиллаштирмоқда. Бу ҳақда «Daryo» нашри хабар берди.
Концертлар Ўзбекистон Давлат консерваторияси (23 май), Жиззахдаги 1-мусиқа ва санъат мактаби (24 май) ҳамда Навоий маданият ва санъат коллежида (26 май) бўлиб ўтади. Бу муассасаларда қўшиқчи вокал бўйича маҳорат сабоқлари бериши ҳам кўзда тутилган.

Пэт (Патриция) Эпплтон ўз фаолияти давомида Jazzkantine, Nighthawks ва Bahama Soul Club каби гуруҳлар билан ишлаган. Ҳозирда De-Phazz жамоаси билан биргаликда бутун дунё бўйлаб концерт бериб келмоқда. У «замонавий немис жазининг муҳим овозларидан бири» сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистондаги концертлар давомида Эпплтонга Қосимжон Назаров (Қашғар рубоби), Нодира Мелибоева (чанг), Рамил Исанбаев (бас-гитара) ва Зиёдулла Абдуллаев (зарбли асбоблар) созандалик қилади.
loading...


Zamin.uz нинг Одноклассники’даги расмий саҳифасига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.