Исроилдаги етакчи нашрлар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни Италия телекомпаниясига берган интервьюсида яҳудийлар ва Ҳитлер ҳақидаги ўйловсиз айтган сўзлари учун қаттиқ танқид қилмоқда. Jerusalem Post нашридаги мақолада айтилишича, шу вақтгача Украинадаги уруш борасида бетарафлик сақлашга уриниб келган Исроил Лавровнинг сўзларидан кейин бундай қила олмайди.
«Исроил очиқчасига Владимир Путинга қарши туришдан манфаатдор бўлмаса-да, Путиннинг Украинадаги урушига қарши демократик Ғарб ва «эркин дунё» томонида туришдан худди шу даражада манфаатдор», дея ёзади газета ўз таҳлилида.
Jerusalem Post Россия ТИВнинг Исроил гўёки Украинадаги неонацистларни қўллаб-қувватлаши тўғрисидаги баёнотига ҳам эътибор қаратган.
Газета Исроил бош вазирининг Лавровнинг сўзларига билдирган реакцияси ва Россия элчиси Исроил ТИВга чақиртирилгани Исроил бу урушда бундан буён бетараф позиция эгалламаслиги ва Украинани қўллаб-қувватлай бошлаши ҳақида сигнал эканини қайд этган.
Haaretz газетаси Лавров Ҳитлер тўғрисидаги «антиқа баёноти» билан Россиянинг тажовузини оқлаш учун беҳуда уринганини ёзган ва Америка яҳудийлари қўмитаси муносабатидан иқтибос келтирган: «Биз бир неча бор денацификация зарурати ҳақида айтганмиз - Киевда эмас, Москвада».
Газета Исроил соғлиқни сақлаш вазири ва «Мерец» партияси етакчиси Ницан Хоровицдан ҳам иқтибос келтиради: «Украинада неонацистик режим йўқ. Зеленский - нацист эмас. Ҳа, Исроил Россиянинг бешафқат босқини қаршисида Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ёқлайди».
«Кечириб бўлмас сўзлар»
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Италиянинг Mediaset телекомпаниясига берган интервьюси дипломатик можаро келтириб чиқарди. Президент Володимир Зеленскийнинг ўзи яҳудий бўлгани ҳолда қандай қилиб Украинани «нацификация»да айблаш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан россиялик вазир Адолф Ҳитлерда ҳам «яҳудий қони» бўлгани, қолаверса «энг ашаддий антисемитлар» қоидага кўра яҳудийлар бўлиши ҳақида айтди.
Лавровнинг баёноти норозиликлар тўлқинини уйғотди - бутун дунёдаги яҳудийларнинг ташкилотларида ва Исроил ҳукумати вакиллари орасида.
Исроил бош вазири Нафтали Беннет Россия ТИВ раҳбарини ёлғончиликда айблади ва Ҳолокост фожиасидан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини маълум қилди.
Россия элчиси Исроил ТИВга изоҳ бериш учун чақирилди, исроилликлар ташқи ишлар вазири Яир Лапид Лавровнинг баёнотини «кечириб бўлмас сўзлар» деб атади.
BBC’нинг Қуддус (Иерусалим)даги мухбири қайд этишича, россиялик вазирнинг сўзлари Исроил ва Россия муносабатлари учун ўзига хос синовга айланиши мумкин.
Лавров нималар деди?
Сергей Лавров Mediaset нашрига (Италиядаги Сильвио Берлускони асос солган энг йирик медиаконгломерат) берган интервью 1 май куни кечқурун эълон қилинди - унинг тўлиқ расшифровкаси Россия ТИВ сайтига жойлаштирилган.
Унга кўра, вазир саволлардан бирига жавоб бераркан, Украина ҳудудида «милитаристлар ва нацистлар» «гуллаб-яшнаётгани» ҳақида айтади.
Бундай риторика Россия раҳбарияти учун янгилик эмас - Россия президенти Владимир Путин Украинага бостириб кириш сабабларидан бири сифатида ушбу мамлакатни «денацификация» қилиш заруратини келтирган.
Лавровдан интервью олган Mediaset журналисти бу борада баҳслашади. «Бу сизнинг нуқтайи назарингиз, Володимир Зеленский эса бутунлай бошқача гапиради. У денацификацияни маъносиз деб атайди. Ахир у яҳудий. Нацистлар, «Азов»чилар - улар камчилик», - деган у Лавровга.
Бунга Россия ТИВ раҳбари қандай жавоб қайтарди? Биринчидан, унинг фикрича, «Азов» ва «Айдар» каби бўлинмаларнинг асир тушган аъзоларининг таналарида свастика ва нацистик батальонлар рамзи ҳисобланган татиуровкалар борлиги Украинада нацизм мавжудлигидан дарак беради.
Зеленский ҳам яҳудийлиги ҳақидаги аргументни эса Лавров ишонарли эмас деб ҳисоблайди.
«Адашаётган бўлишим мумкин, лекин Ҳитлерда ҳам яҳудий қони бўлган. Бу мутлақо ҳеч нарсани англатмайди. Доно яҳудий халқи айтадики, энг ашаддий антисемитлар, одатда, яҳудийлардир. Бизда эса «ҳар оиланинг ўз аҳмоқ аъзоси бор» дейишади», деган у.
Лавровнинг сўзлари қандай реакция келтириб чиқарди?
Лавровнинг Ҳитлер яҳудий бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапи можаро келтириб чиқарди. Бунга энг кескин реакцияларни Исроилдагилар билдиришди.
«Россия ташқи ишлар вазири баёнотига ўта жиддийлик билан ёндашаман. Унинг сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди, унинг айтилиши нотўғри. Бундай ёлғонлардан мақсад яҳудийларга қарши содир этилган тарихдаги энг жирканч жиноятларда уларнинг ўзларини айбдор қилиш ва бу орқали Исроилнинг душманларини жавобгарликдан озод этиш ҳисобланади», деган Исроил ҳукумати раҳбари.
«Яҳудий халқи Ҳолокостидан сиёсий инструмент сифатида фойдаланишни дарҳол бас қилиш зарур», дея қайд этган бош вазир.
«Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг таъкиди кечириб бўлмайдиган ва кишини ғазаблантирадиган бўлишдан ташқари, ўта қўпол тарихий хатодир. Яҳудийлар Ҳолокост чоғида ўзларини ўзлари ўлдиришмаган. Яҳудийларга нисбатан ирқчиликнинг энг қуйи даражаси – яҳудийларнинг ўзини антисемитизмда айблашдир», деди 2 май тонгида Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид.
Исроил ТИВга россияликлар элчиси Анатолий Викторов «тушунтириш суҳбати» учун чақирилган. Лапид бу «оддий суҳбат» бўлмаслигини таъкидлаган.
Исроил ТИВ раҳбари ўринбосари Идан Ролл твиттерида Лавровнинг чиқишини «антисемитизмнинг янги туби» деб атаб, Россия ҳокимияти уруш бошланганидан буён Ҳолокост тарихи бўйича мунтазам илтифотсизликка йўл қўяётганини қўшимча қилди.
Исроил алоқа вазири Йоаз Ҳендел ҳам Исроил мудофаа армияси радиосига берган интервьюсида Лавровнинг сўзларини нохолис бўлганини қайд этди: «Шунчаки тарихий аниқлик учун: Ҳитлерда яҳудийлар қони бўлгани ҳақидаги гаплар тарихчилар томонидан инкор этилган - Украинада содир бўлаётган воқеалар эса кишини ғазабга солади».
Ҳендел Исроилда ўтган ҳафтада Ҳолокост қурбонларини хотирлаш куни бўлиб ўтганини эслатган. Ҳолокост чоғида нацистлар ва уларнинг ҳамтовоқлари Германия назоратига ўтган ҳудудларда 6 млн атрофидаги яҳудийларни ўлдиришган.
Исроилнинг диаспора ишлари бўйича вазири Нахман Шай Лавровни зудлик билан ўз сўзларини қайтариб олишга чақирган. «Ҳитлерда яҳудийлар қони бўлмаган, бу бемаъни ёлғонни такрорлаш тарихда яҳудийларга қарши содир этилган энг ёмон жиноятлар учун жавобгарликни яҳудийларнинг ўзига юклайди. Яҳудийларга қарши жиноятларда яҳудийларни айблаш моҳиятан антисемитизм ҳисобланади», деган у.
Нафтали Беннет 27 апрел куни Қуддусда Ҳолокост мемориалида чиқиш қилмоқда. Фото: Getty Images
Исроил жамоат хавфсизлиги вазири Омер Бар-Лев Лавровнинг сўзлари нацистлар томонидан ўлдирилганлар «хотирасини оёқости қилиши» ва бу каби ёлғонга асосланган баёнотлар бутун дунё бўйлаб антисемитизм тўлқинини келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этди.
Унинг ўринбосари Яир Голан ҳам Лавровнинг сўзларини ёлғон деб атади. «Бу Россия ҳокимияти аслида қандай эканлигини акс эттиради: у — ўз уйида рақибларини йўқ қилувчи, ўзга давлатга бостириб кириб, уни нацизмни уйғотишда ёлғондан айбловчи шафқатсиз ҳукумат...», деган Голан.
Лавровнинг интервьюсига Қуддусдаги «Яд ва-Шем» музейида ҳам муносабат билдирилди, Ҳолокост мемориали раиси Дани Даян Лавров «қурбонларни жиноятчига айлантираётгани»ни айтиб, баёнотни асоссиз деб атади. «Умуман украиналикларни, хусусан президент Зеленскийни нацист деб аташ ҳам жиддийликда ундан кам эмас. Бу тарихни тўлиқ сохталаштириш ва нацизм қурбонларини ҳақорат қилишдир», деган Даян.
Исроил ва Россия муносабатлари учун синов
Бу сўнгги икки ойда «Яд ва-Шем» томонидан Россиянинг ҳаракатлари қораланиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Март ойи бошида мемориал раҳбарияти Киевдаги Баби Яр атрофи россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилишини қоралаганди - ўшанда бу ҳужум нишони ушбу ҳудудда жойлашган телеминора бўлгани айтилганди.
Айнан Баби Ярда нацистлар Иккинчи жаҳон уруши вақтида тинч аҳоли вакилларини оммавий қатл этган - асосан яҳудийлар отилган. Бу ерда 1941 йил августининг сўнгги икки кунида 33 мингдан ортиқ киши ўлдирилган.
Етакчи тарихчилар ва Ҳолокост мемориали раҳбарлари Россиянинг Украинага босқинини қоралаб, Москванинг бу мамлакатни «денацификация» қилиш зарурати ҳақидаги риторикасини нацизм қурбонлари ва унга қарши курашганлар, жумладан Қизил армия аскарлари хотираси учун ҳақорат эканини айтган.
Россиялик ҳарбийлар зарбаларидан жабрланган Дробитский Ярдаги Ҳолокост мемориали. Харков атрофи, 2022 йил 27 март.
SERGEY BOBOK/AFP VIA GETTY IMAGES
Исроил бош вазири Нафтали Беннет бу ҳарбий можарони ҳал этишда ўз воситачилигини таклиф этган. Украина ҳукумти Исроилни Украина хавфсизлик кафолати учун потенциал гарант давлатлардан бири сифатида кўраётганини билдирган - Истанбулдаги музокаралардан кейин ҳозиргача бундай кафолатни имзолаш масаласи муҳокама этилмоқда.
Бундан ташқари, Украина президенти Володимир Зеленский март ойи ўрталарида Қуддусни унинг Владимир Путин билан учрашувини ўтказиш мумкин бўлган жой деб атаганди.
BBC’нинг Қуддусдаги корреспонденти Жон Доннисоннинг қайд этишича, Исроил ҳукумати Владимир Путин билан муносабатларда етарлича қатъиятлик кўрсатмаётгани учун кўп бор танқидга учраган. Сергей Лавровнинг сўзлари эса Исроилнинг Россия билан муносабатлари мустаҳкамлигини синовдан ўтказиш вазифасини ўташи мумкин.
Лавров нега Ҳитлер яҳудий бўлиши мумкин деб айтишга қарор қилди?
Нацистлар партияси етакчиси Адолф Ҳитлерда яҳудийлар қони бўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги назариялар ўнлаб йиллар мобайнида муҳокама қилиб келинган. Бу гапнинг асосий манбаси - Ҳитлернинг бобоси (бу одам ким бўлгани ҳақида ишончли маълумот йўқ) ота томондан яҳудийларга мансуб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотдир.
Бундай маълумот дастлаб Ҳитлернинг ишончли кишиларидан бири бўлган, Иккинчи жаҳон уруши вақтида ишғол этилган Польша генерал-губернаторлигига тайинланган Ҳанс Франкнинг мемуарларида тилга олинган. Унинг хотиралари 1953 йилда - Франк Нюрнберг трибунали ҳукмига кўра қатл этилганидан етти йил ўтиб нашр қилинган.
Франкнинг мемуарларида 1930 йилда Ҳитлернинг бобоси Австриянинг Грац шаҳрида яшаган яҳудий бўлгани аниқлангани даъво қилинади. Бу гўёки Ҳитлернинг бувиси Мария Анна Шикльгрубернинг ўзи уйида ишлаган, келиб чиқишига кўра яҳудий бўлган Франкенбергер фамилияли одам билан ёзишмаларида кўрсатилган. Мактубга кўра, Шикльгрубер хўжайиннинг 19 ёшли ўғлидан ҳомиладор бўлиб қолган.
Бундан ташқари, Франк Ҳитлернинг жияни гўёки фюрерни шантаж қилгани ва унда яҳудийлар қони борлиги ҳақидаги маълумотни тарқатиш билан таҳдид қилгани ҳақида ҳам ёзади.
Исроилдагилар Лавровнинг сўзлари нацистлар қурбонлари хотирасини оёқости қилиш деб ҳисобламоқда.
VALERY SHARIFULIN/TASS
Focus журнали батафсил ёзишича, Ҳитлернинг биографиясини ўрганган тарихчилар доимо Франкнинг гапларини шубҳа остига олишган. Биринчидан, у асосланган ёзишма архивлардан топилмаган. Иккинчидан, унинг мемуарларида жуда кўплаб ноаниқликлар мавжуд ва бу унинг барча ишларини шубҳа остига қўяди. Ва учинчидан, Ҳитлернинг бувиси ёзишмалари бўлиб ўтган деб ҳисобланган 1836 йилда Грац шаҳрида катта эҳтимол билан бирорта яҳудий яшамаган.
Сўнгги тезиснинг ўзи америкалик олим, психиатр Леонард Сакс томонидан шубҳа остига олинади, у 1850 йилда Грацда яҳудийларнинг кичик диаспораси вужудга келганига оид далиллар аниқлаган.
Шу билан бирга нацизмни тадқиқ қилган британиялик машҳур тарихчи Ричард Эванс The Times of Israel нашрига берган интервьюсида айтишича, Грацда XIX асрнинг 30-йилларидаёқ яҳудийлар диаспораси бўлган деб ҳисобланса ҳам, Ҳитлер уларга қон ришталари билан боғланган дейиш учун далил йўқ.
Тарихчининг сўзларига кўра, ҳатто Грацда Франкенбергер фамилияли яҳудийлар оиласи яшагани борасида ҳам далил йўқ. «Ҳитлернинг отаси ёки ота томондан бувисининг ёзишмаларига мансуб бўлган бирорта парча топилмаган. Шунингдек Ҳитлернинг қариндоши унинг келиб чиқишини билгани ва уни шантаж қилганига оид далиллар ҳам йўқ», деган Эванс.
Шу интервьюда Эванс Ҳитлернинг келиб чиқиши борасидаги баҳс-мунозаралар «айримлар учун унда кучли ва мудҳиш антисемистик қарашлари пайдо бўлиши сабабини тушунарсизлиги ва буни шахсий мотивлар туфайли бўлган деб ўйлашлари» сабабли олиб борилиши ҳақида айтиб ўтган. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда