17:45 / 06.05.2022
1 929

Вучич: Путиннинг Косово ҳақидаги баёноти Сербиянинг позициясини мураккаблаштиради

Вучич: Путиннинг Косово ҳақидаги баёноти Сербиянинг позициясини мураккаблаштиради
Фото: РИА Новости © Сергей Мамонтов
Сербия президенти Александр Вучич Косово ва Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар мустақиллигини тан олиш билан боғлиқ вазиятни солиштирган Россия президентининг баёноти Белграднинг позициясини мураккаблаштиришини айтди.

«Президент Путиннинг баёноти вазиятни янада мураккаблаштиради. Қўрқаманки, иқтисодий жабҳада ҳаммаси янада қийинлашади», деган Вучич Берлинда Германия канцлери Олаф Шольц ва ГФР ТИВ раҳбари Анналена Бербок билан учрашувидан кейин.

Аввалроқ Handelsblatt нашрига берган интервьюсида Вучич Путин Косоводаги вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётгани тўғрисидаги фикрларни билдирганди.

26 апрел куни Путин БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувда Россия ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни тан олишини айтиб, бунда Косово республикаси билан боғлиқ прецедентга асосланишини айтганди - 2008 йилда Сербиядан ажралиб чиққан косоволиклар мустақиллиги БМТ Халқаро суди томонидан тан олинган.

«Мен Халқаро суд қарорини яхши эслайман, унда ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга оширишда бирор бир давлатнинг муайян ҳудуди ўз суверенитетини эълон қилиш учун рухсат сўраб мамлакатнинг марказий ҳокимиятига мурожаат этишга мажбур эмаслиги ёзиб қўйилган», деганди ўшанда Путин.

Гутерриш бунга жавобан БМТ Косово мустақиллигини тан олмаганини эслатган.

Сербия худди Россия каби Косово мустақиллигини тан олмайди. Серблар конституциясида Косово Сербия Республикасининг бир қисми экани кўрсатилган.

Россия Украинага бостириб киргач, Сербия БМТнинг Москванинг ҳаракатлари қораланган резолюциясини ёқлади, аммо халқаро санкцияларга қўшилмади.

Вучич Сербия Украинадаги можаро характерини баҳолашда европаликлар билан ҳамфикр экани, аммо санкциялар сиёсатига ишонмаслигини билдирган.

«Биз ўнлаб йиллар олдин санкциялар қурбони бўлганмиз ва биз санкциялар сиёсатига ишонмаймиз. ЕИ давлатлари орасида ҳамон муҳокамалар кетмоқда, масалан, нефт ёки газ эмбаргоси хусусида. Бизнинг ўз манфаатларимиз бор. Қолаверса биз ҳали ЕИ таркибида эмасмиз. Афсуски», деган Сербия президенти Handelsblatt учун интервьюда.

Яқинда президентликка қайта сайланган Вучич жума куни миллатга мурожаат қилиши кутилмоқда, унда Россияга қарши санкциялар масаласи ҳам тилга олиниши кутилмоқда.

Пайшанба куни вице-премьер, Сербия тоғ ишлари ва энергетика вазири Зорана Михайлович мамлакатнинг ягона етказиб берувчиси - Россияга қарамлигини камайтириш мамлакат энергетик хавфсизлиги учун зарур эканини айтди.

«Биз имкон қадар кўпроқ етказиб берувчиларга эга бўлишимиз учун барча ишни қилишимиз керак бўлган палла келди, бу орқали хавфсизликда бўламиз. Европа мамлакатларида энергия хавфсизлигини ошириш ва диверсификация биргина етказиб берувчига қарамлик оқибатлари қанчалик ёмон эканини тушуниб етишимиздан аввалроқ содир бўлиши керак эди», деган Михайлович (иқтибос РИА Новостиники).

Бундай баёнотни у Болгария, Руминия, Шимолий Македония, Греция, Туркия, Озарбойжон ва Украина вазирлари, шунингдек Еврокомиссия вакиллари иштирокида кечган газ етказиб беришни диверсификация қилиш масалаларига бағишланган йиғилишдан кейин маълум қилди

Йил охиригача Россиядан импортни учдан икки қисмига қисқартириш режалаштирилган бўлса-да, ЕИ ҳозирча газ эмбаргосини муҳокама қилмаяпти. Шу кунларда Еврокомиссия иттифоқнинг 27 мамлакатига Украинадаги уруш учун Россияга қарши санкцияларни қатъийлаштириш ва босқичма-босқич тарзда нефт эмбаргоси жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилишни таклиф қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Вучич: Путиннинг Косово ҳақидаги баёноти Сербиянинг позициясини мураккаблаштиради