20:39 / 06.06.2022
1 655

Сербиянинг қўшнилари Белградга келмоқчи бўлган Лавров учун осмонни ёпишди

Сербиянинг қўшнилари Белградга келмоқчи бўлган Лавров учун осмонни ёпишди
Фото: AFP
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Белградга режалаштирилган икки кунлик ташрифини бекор қилишга мажбур бўлди - якшанба куни Черногория, Болгария ва Шимолий Македония унинг самолёти ўз ҳаво кенгликлари орқали учишига йўл қўйишмади. Лавров буни ақлга сиғмас ҳолат деб атади. Россияликлар ташқи ишлар вазирининг Сербияга ташрифи 6-7 июн кунларига режалаштирилганди.

«Бугун, бир соат олдин, Сербияни ўраб турган мамлакатлар алоқа каналларини ёпиб, у ерга йўл олган Сергей Лавровнинг рейси учиб ўтишига рухсат беришмади. Россия делегацияси музокаралар ўтказиш учун Белградга бориши керак эди. ЕИ ва НАТО аъзолари бўлган давлатлар ўз ҳаво кенгликларини беркитиб, навбатдаги алоқа каналини ёпишди», деди Россия ТИВ расмийси Мария Захарова якшанба куни Италиядаги La7 телеканали эфирида.

Сербия ҳукумати вакили Ана Брнабич Лавров атрофидаги вазият юзасидан мамлакат президенти Александр Вучич Болқондаги қўшнилар билан шахсан музокаралар ўтказишини айтган.

«Чиндан ҳам ақл бовар қилмайди, Европа ва дунёда вазият шундай, бир мамлакат президенти бошқа бир мамлакат ташқи ишлар вазири парвози логистикаси билан шуғулланишига тўғри келмоқда», - дея вазиятни изоҳлаган Брнабич серб телевидениеси эфирида (иқтибос Интерфаксники).

Душанба куни Лавров матбуот анжумани ўтказиб, Сербия ташқи ишлар вазири Никола Селаковични яқин вақтлар ичида Россияга ташриф билан келишга таклиф қилганини айтиб, ўзининг ушбу мамлакатга сафари бекор қилинишини «суверен давлатнинг ташқи сиёсат олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум этилиши» деб атади. «Албатта, ақлга сиғмайдиган ҳодиса содир бўлди. Сербиянинг Россия йўналишидаги халқаро фаолияти тўсиб қўйилди», деган Лавров.

Унинг фикрича, агар у ердагилар Россия ташқи ишлар вазирининг Сербияга ташрифини «деярли дунё миқёсидаги таҳдид» сифатида қабул қилаётган бўлса, демак «Ғарбнинг ишлари жуда чатоқ».

Евроиттифоқнинг қарийб барча давлатлари ва Буюк Британия Россия 24 феврал куни Украинага бостириб кириши биланоқ ўз ҳаво кенгликларини россияликлар самолётлари учун ёпганди.

Шимолий Македония ва Черногория ЕИ таркибига кирмайди, аммо НАТО аъзолари ҳисобланади ва европаликларнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилишган.

Сербия - Россиянинг Европадаги кам сонли иттифоқчиларидан саналади. Бу давлат НАТОга аъзо эмас ва Москва билан муносабатларда қўлланган санкцияларга қўшилмаган, аммо 2012 йилдан буён ЕИга аъзо бўлиш учун номзод давлат мақомига эга ҳисобланади.

Шу билан бирга Сербия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, уруш бошлангач эса Белград БМТнинг Москвани қораловчи резолюцияси учун овоз берганди.

Март ойи бошида Белградда Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, кўп кишилик акция бўлиб ўтди.

Сербия амалда россияликлар газига тўлиқ қарам, аммо бу давлатнинг Москва билан яқинлиги Россия ҳукумати Косова мустақиллигини тан олмай, Белградни қўллаб-қувватлаши билан ҳам боғлиқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сербиянинг қўшнилари Белградга келмоқчи бўлган Лавров учун осмонни ёпишди