Фото: Reuters
2022 йилда Украина ялпи ички маҳсулоти 45 фоизга, Россия ялпи ички маҳсулоти эса камида 9 фоизга қисқариши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, 4 та постсовет давлати: Беларус, Молдова, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам иқтисодий турғунлик бошланиши мумкин. Умуман, шу йилнинг ўзида жаҳон иқтисодиёти камида 1 триллион доллар йўқотади – бу миллионлаб инсонларнинг ҳаёт сифати ёмонлашади дегани.
Жаҳон банки ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ўзларининг ярим йиллик прогнозларида глобал иқтисодиёт истиқболлари ҳақидаги оптимистик қарашларини қайта кўриб чиқди. Қайд этилишича, иқтисодий пасайиш хавфи ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага етган.
“Дунё Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари учун катта товон тўлайди. Уруш икки йиллик пандемия давридан кейин бошланган иқтисодий тикланишга таҳдид солади. Шубҳасиз, энг қашшоқ давлатлар бошқалардан кўра кўпроқ жабр кўради”, – дейилади OECD ҳисоботида.
“Россиянинг Украинага бостириб кириши жаҳон иқтисодиётига жиддий зарар етказди, энергия бозорларини беқарорлаштирди, кўплаб ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат танқислиги ва қашшоқликни кучайтирди”, дея ёзади Жаҳон банки иқтисодчилари.
BBC бу икки ташкилот эълон қилган охирги ҳисоботлар асосида Россиянинг Украинага бостириб кириши жаҳон иқтисодиётига қандай зарар етказиши мумкинлиги борасида 10 та факт ва прогнозларни келтириб ўтди.
1. Урушнинг нархи
Жаҳон банки 2022 йилда глобал иқтисодиётнинг ўсиши бўйича прогнозларини 4,1 фоиздан 2,9 фоизга, OECD эса 4,5 фоиздан 3 фоизга пасайтирди.
Ўсишнинг бир ярим фоизга қисқариши – улкан миқдор ҳисобланади, чунки жорий йилда глобал ялпи ички маҳсулот биринчи марта йилига 100 триллион доллардан ошиб кетиши кутилаётган эди.
Фото: EPA
Урушдан ташқари, Хитойда жорий қилинган карантин чекловлари ва Россия агрессияси туфайли юзага келган рекорд даражадаги инфляцияга қарши курашиш учун ривожланган мамлакатларда кредит ставкаларининг ошириши ҳам иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилмоқда.
2. Камбағаллар бойлардан кўра кўпроқ азият чекади
Иқтисодий инқироз натижасида ривожланаётган мамлакатлар ривожланган мамлакатларга қараганда тезроқ қашшоқлашади, чунки озиқ-овқат ва энергия ресурсларининг жаҳон бозоридаги нархлари ошиб бормоқда. Шунингдек, ривожланаётган мамлакатларнинг озиқ-овқат, ёқилғи, технология ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш учун хорижий валютадаги қарз ставкаларига боғлиқлик даражаси ҳам юқори даражада. Шу нуқтайи назардан, Россиянинг Украинага ҳужуми айнан уларга кўпроқ таъсир кўрсатади.
Фото: EPA
“COVID-19 ривожланаётган мамлакатларда даромадлар ўсиши ва қашшоқликнинг қисқаришига жиддий путур етказди. Украинадаги уруш оқибатлари эса бу муаммоларни янада кучайтиради. Натижада, ушбу мамлакатларнинг тахминан 40 фоизида аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар пандемиядан аввалги даражага қайтмайди ва рецессиядан қочиш жуда қийин бўлади”, – дея огоҳлантиради Жаҳон банки.
“Россия ва Украинадан буғдой экспортининг тўхтатилиши ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин. Уларга нафақат иқтисодий инқироз, балки гуманитар фалокат, қашшоқлик ва очлик ҳам таҳдид солмоқда”, – деб ёзади OECD иқтисодчилари.
Жорий йил бошида Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодий ўсиш траекториясига қайтиши кутилганди, аммо Россия армияси Украина чегарасини кесиб ўтди.
“Россия босқини сабаб 2022 йилда минтақа иқтисодиёти тахминан 3 фоизга қисқаради”, деб ёзади ЖБ. Урушдан олдин эса рецессия эмас, балки 3 фоизлик ўсиш прогноз қилинганди.
Россия, Украина ва собиқ СССРнинг яна 4 та давлати: Беларус, Молдова, Қирғизистон ва Тожикистонда иқтисодий турғунлик кузатилиши мумкин, деб ҳисоблайди Жаҳон банки.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда Украина ялпи ички маҳсулоти 45 фоизга қисқаради ва яқин йилларда тикланмайди.
“Урушнинг оқибатлари узоқ йиллар давомида сезилади. Бу Украина иқтисодиётида вайрон қилинган саноат, куйиб кетган далалар, йўқотилган инсон ресурслари кўринишида чуқур из қолдиради”, – деб ёзади иқтисодчилар.
Фото: Reuters
Россия ЯИМ эса жорий йилда 9 фоизга қисқариши мумкин ва кейинги йилда ҳам ўсиш кузатилмайди. Ҳатто нефть эмбаргоси, инвестициялар ва даромадларнинг қисқариши фонида 2023 йилда ҳам 2 фоизлик пасайиш бўлиши мумкин.
4. Украин қочқинлари Европа давлатларига қимматга тушади
OECD ҳисоб-китобларига кўра, фақатгина 2022 йилнинг ўзида Европа Иттифоқи Украинадан келган қочқинлар учун 26 миллиард евро сарфлайди. Бу миқдорнинг учдан икки қисми тўғридан тўғри қабул қилиш ва жойлаштириш харажатларидир. Таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларини молиялаштириш учун яна тахминан 9 миллиард евро талаб қилинади.
Ҳозирда Европа Иттифоқида 5 миллиондан ортиқ украиналик қочқин бор.
“Украинадаги уруш Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда энг кўп миқдорда аҳоли миграциясига олиб келди. Икки йиллик можародан сўнг Суриядан келган қочқинлар сони уч миллионни ташкил этган бўлса, Украинадаги урушнинг дастлабки уч ҳафтасида худди шунча миқдордаги одамлар қочиб ўтди”, – деб ёзади OECD.
5. Украинадан ва Россиядан келган қочқинлар Европа учун фақатгина ортиқча харажат эмас
Улар ЕИ ва бошқа ривожланган Ғарб мамлакатларида пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклашдаги асосий тўсиқлардан бири бўлган ишчи кучи етишмаслигини қисман қоплаш имконини беради.
Фото: Reuters
“Украиналик қочқинлар ва россиялик муҳожирлар, айниқса, ўқимишли ва малакали ишчилар оқими ўрта муддатли истиқболда меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг ошиши ҳисобига иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин”, – дея ёзади ЖБ.
6. Уруш сабаб нефть ва газ нархи ошди
Санкциялар ва Россиянинг энергетикадаги ҳаракатлари туфайли нефть нархи пандемия давридагига қараганда номинал қийматда деярли 4,5 баравар кўтарилди. 1970 йиллардаги энг йирик нефть инқирозидан кейинги даврда глобал бозорда бу каби кескин сакраш кузатилмаганди.
Фото: Reuters
Европада газ нархи тарихий рекордларни янгилади, кўмир нархи 2008 йилги ўзининг энг юқори чўққисига яқинлашмоқда. Нархлар ошишига Россиядан импорт қилишнинг камайиши ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Илгари Европадаги газга бўлган талабнинг 40 фоизи Россия томонидан таъминланган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 35 фоизга, ҳозирда эса 25 фоизгача пасайган.
7. Жаҳон савдосининг тахминан 3 фоизи хавф остида
Санкциялар ва эмбарголар нафақат нефть ва газ, балки бошқа барча товарлар савдосига ҳам таъсир қилган. OECD иқтисодчилари ҳисоб-китобларига кўра, жорий қилинган чекловлар жаҳон савдосининг қарийб 3 фоизига жиддий таъсир кўрсатади.
Дунё бўйлаб сотиладиган 4500 та асосий турдаги товарлардан Россия ва Украинанинг улуши 15 фоиздан ошадиган маҳсулотлар ажратилиб, уруш шароитида узилишлар кузатилиши мумкин бўлган энг заиф юзта позиция ажратиб олинган. Булар асосан металлар, нефть-кимё ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.
Фото: EPA
8. Доллар курси мустаҳкамланмоқда. Бу қашшоқ мамлакатларга таҳдид солади
Долларнинг мустаҳкамланиши АҚШда кредит ставкаларининг ошиши ва уруш фонида евронинг заифлашиши билан боғлиқ тарзда кечмоқда.
“Валютадаги кредитларнинг ўсиши кўплаб ривожланаётган мамлакатларнинг молиявий барқарорлигига таҳдид солади, чунки доллар курсининг ўсиши уларнинг ташқи қарзларини қайта молиялаштириш харажатларини оширади ва инвесторларнинг сармоя киритиш истагини камайтиради”, дейди Жаҳон банки.
OECD потенциал қурбонларнинг номларини ҳам санаб ўтади.
“Хорижий валютадаги давлат қарзларининг улуши Туркия, Болгария, Руминия ва Аргентинада юқори – 50-70 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда. Ривожланаётган мамлакатлардан капиталнинг чиқиб кетиши кучайса, кейинги девальвация уларнинг қарз юкини кескин оширади”, – деб ёзади мутахассислар.
9. Иқлим ўзгаришига қарши кураш вақтинчалик унутилди
Европа Россияга нефть ва газ қарамлигидан қутулишга шошилди ва иқтисодиётини “яшил қайта қуриш” режалари барбод бўлди. Улар “ифлос” кўмир ва ядро ёқилғисини “тоза” табиий газга алмаштиришга ҳаракат қилаётган эди.
Фото: Reuters
“Энергетика инқирозининг олдини олишга уринишлар муқобил углеводород етказиб берувчиларни излаш ва кўмир истеъмолини кўпайтириш ваҳимасини вужудга келтирди . Бу айни вазиятда вақтинчалик ечим, чунки дунё тоза энергия манбаларига муҳтож”, – дейди OECD бош иқтисодчиси Лоранс Бун.
10. Уруш қанча вақт давом этади ва санкциялар қачон бекор қилинади?
Жаҳон банки ҳам, OECD ҳам у ёки бу кўринишда уруш камида бир йил давом этади, Россия ва Беларусга қарши санкциялар эса ўз кучида қолади, деган эҳтимолий тахминларни илгари суришган.
Шунингдек, Россия кўмир ва нефтига Европа эмбаргосининг кучга кириши, товар ва металлар баҳосининг ўсиши тўхташи, лекин нархлар юқорилигича қолиши, жаҳон савдоси логистика муаммоларига дуч келишда давом этиши ва дунё бўйлаб кредит ставкаларининг янада кўтарилиши таъкидланган. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда