21:12 / 16.07.2022
3 045

Яқин Шарқ давлатлари Украинадаги урушга қандай муносабатда бўлмоқда?

Яқин Шарқ давлатлари Украинадаги урушга қандай муносабатда бўлмоқда?
Фото: Getty Images
Араб олами Украинадаги урушга анча эътиборсиз қарамоқда. Араб давлатлари Россияга қарши санкциялар қўллагани йўқ, Россия билан алоқаларни ҳам узишмаган. BBC талқинига кўра, Яқин Шарқ дунёнинг Владимир Путин таклиф қилаётган моделига ишонди. Ҳаттоки Суриядаги урушдан кейин ҳам. Энди эса Россия ҳамма Американи ёмон кўрадиганлар томонида туриб Ғарб билан урушяпти деган фикр уларнинг онгида янада қаттиқ ўрнашиб қолди.

Ғарб ахборот урушини бой бераётган Яқин Шарқда аксар давлатлар Россия томонидан Украинада бошланган урушга нисбатан нейтрал позицияда бўлишни маъқул кўрмоқда. Ҳеч ким Россия билан ҳам, АҚШ билан ҳам урушиб қолмоқчи эмас.

«Кўпчилик давлатлар кўпроқ томонлар билан муносабат ўрнатиш кераклиги, «тухумларни ҳар хил саватларга солиш кераклиги»ни тушуниб етди. Россия шундай саватлардан бири», дейди Вудро Вилсон номидаги Яқин Шарқ тадқиқот дастури директори Мерисса Хурма. Унинг фикрича, араб давлатлари орасида айнан мана шундай ёндашув одатга айланган.

Сурия Россиянинг минтақадаги асосий иттифоқчиси. Россиядан кейин айнан Сурия ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олганди. БМТнинг Россияга қарши резолюциясига қарши чиққан саноқли давлатлардан бири ҳам айнан Сурия. БМТ резолюцияси учун овоз беришда Жазоир, Ироқ, Эрон каби давлатлар бетараф бўлиб туришди, Марокаш каби давлатлар эса умуман овоз беришда иштирок этмади.

«Минтақадаги аксар давлатлар тарихан АҚШ билан яқин муносабатда бўлган эса-да, охирги вақтларда Россия улар учун тижорат ва ҳарбий соҳада муҳим ҳамкорга айланди», дейди Халқаро муносабатлар бўйича Европа кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури координатори Келли Петилло.

Эксперт Мерисса Хурманинг эътибор беришича, минтақадаги давлатлар Россия Украинага бостириб киришидан аввал ҳам, кейин ҳам ҳолатга нейтрал қараш позициясини эгаллаган. Баъзи араб давлатлари охир-оқибат БМТ резолюциясини қўллаб овоз беришди, аммо кейинчалик бу борада бирдамлик кўзга ташланмади.

«Биз ҳеч ким томонда бўлмаймиз, ўз иқтисодий манфаатларимиздан келиб чиқиб ҳаракат қиламиз», деди Қатар энергетика вазири Саад ал Кааби CNN билан интервюда.

Охирги йилларда АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари чиндан турли томонлар билан муносабат ўрнатишга интилмоқда. Хусусан, Россия билан. АҚШ минтақадан аста-секин кета бошлагани фонида улар тўпланган капитални йўқотмаслик муҳим деб ҳисоблашади.

2011 йил Россия собиқ президенти Дмитрий Медведев ташкил этган нотижорий ташкилот бўлмиш Халқаро муносабатлар бўйича Россия кенгаши эксперти Кирилл Семёновнинг фикрича, аксар араблар Россия Украина билан эмас, бутун НАТО давлатлари билан урушмоқда деб билади.

Ақл ва юракни забт этиш миссияси

2001 йил 11 сентябрдаги Нью-Йорк терактларидан кейин америкалик сиёсатчи ва ҳарбийлар Яқин Шарқда ва хусусан Ироқда жанг майдонларида эмас, ғоявий майдонда ғалаба қозониш муҳим деб ҳисоблай бошлашди. Улар минтақадаги инсонларнинг юраги ва ақлини забт этиш муҳим деган хулосага келган.

Минтақадаги арабларнинг ақли ва юрагини забт этиш жангида ҳозирда Россия ҳам фаол олишмоқда. Канзас университети эксперти Надя Овейдатнинг фикрича, Ғарб минтақадаги ахборот урушида ютқазмоқда. Эксперт араб оламида Украинадаги уруш қандай ёритилаётганини кузатган ҳолда шундай хулосага келган.

Араб давлатларининг аксарида аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 25 ёшга кирмаган ёшлар ташкил этади. Уларнинг аксари ижтимоий тармоқдан фаол фойдаланади. Украинадаги уруш ҳақидаги араб тилидаги хабарларнинг аксари эса рус манбаларига бориб тақалмоқда. Яъни, аксар араб ёшлари Европа ёки Америка эмас, айнан Россия тақдим этаётган хабарларни ўқимоқда. Ҳатто аксар мустақил араб каналлари ҳам араб тилида ишловчи рус манбаларидан хабар олмоқда.

Араб давлатларидаги ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада қатнашган 70 фоиз иштирокчи Россияни иттифоқчи, 26 фоизи эса душман деб билган. АҚШни уларнинг 41 фоизи душман деб ҳисоблаган, 56 фоизи иттифоқчи.

Интернетнинг арабча сегментида Ғарбнинг «колониал икки хил стандартли сиёсати» ҳақида кўп ёзишади. Масалан, Украинадаги қочоқларга бўлган муносабат Яман, Сурия ва Афғонистондан бўлган қочоқларга кўрсатилмагани айтилади. Уларнинг фикрича, Ғарб бу минтақадаги қочоқларни ўзидан «деворлар орқали тўсиб қўйган».

Надя Овейдатнинг фикрича, минтақада демократик принциплар шаклланмаган, ҳимояланмаган, муқобил нуқтайи назар эса оммалашмаган.

BBC мониторинг хизмати таҳлилчиси Аҳмад Нурнинг айтишича, араб тилида ишловчи нашрлар ахборот урушидаги «нариги томон»га қараганда кўпроқ аудиторияни қамраб олиш мақсадида жуда кўп хабар бериб турибди. Таҳлилчи ахборот маконидаги араб ўқувчилар аввал ҳам Ғарб бераётган хабарларга ишонмагани ва руслар тақдим этаётган хабарларга бажонидил ишонганини таъкидлайди. Натижада Россия Голиафни мағлуб этаётган Давид кўринишида гавдаланмоқда.

«Бушнинг Ироққа бостириб киргани билан Путиннинг Украинага бостириб киргани ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмаяпман. Ар-Риёд бу можарога аралашмаяпти», дейди Spiegel билан суҳбатда Саудиядаги шаҳзода Сауд Ол Файсал номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази профессори Мансул ал- Марзуқий.

Россиялик эксперт Кирилл Семёновнинг фикрича, Украинадаги воқеалар бўйича араб оламига АҚШ ва Европа тушунтиришга интилаётган масалаларнинг ўзи арабларга яқин эмас. Араблар учун Ямандаги уруш муҳимроқ ва бу уларнинг кўз ўнгида содир бўлмоқда. Минтақадаги кўп давлатлар Украинадаги ва Ямандаги урушнинг бир биридан фарқи йўқ деб ўйлайди.

«Шу сабаб минтақа давлатлари учун Россиянинг позицияси Европаники каби тушунарсиз эмас», дейди Семёнов.

Суриянинг бунга нима алоқаси бор?

Россиянинг урушдаги ғалабаси (агар бир давлатни босиб олишни ғалаба дейиш мумкин бўлса) дунё сиёсатида кўп нарсани ўзгартириб юбориши мумкин. Масалан, демократиядан ўзга бошқарув усулини қидираётганлар учун янгича бошқарув пайдо бўлиши, геосиёсатда силжиш кузатилиши, халқаро ҳуқуқ ва хавфсизлик ўзанлари ҳам ўзгариб кетиши мумкин.

2011 йил араб давлатларидаги қонли намойишлар кейинчалик «араб баҳори» номида инқилобга айланиб кетди, аммо у кутилганидек араблар демократия томон юз буришига олиб келмади. Қайтанга аксар араб давлатлари автократияга юз тутиб, минтақада демократия барқ уриши борасидаги охирги умидлар ҳам чиппакка чиқди. Араб давлатлари фуқаролари орасида ўтказилган охирги ижтимоий сўровдан шуни билиш мумкинки, уларнинг аксари демократия Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазиятни ўнгламайди деб ҳисоблайди.

«Россиянинг муваффақияти Яқин Шарқдаги авторитаризмни фақат мустаҳкамлайди. Аксар араб давлатлари ўз ҳудудида кичик Россия қуриш ҳақида ўйлай бошлайди», дейди Крэнфилд университети эксперти Анисе ван Энгеланд.

АҚШ Яқин Шарққа бўлган қизиқишини пасайтирганидан сўнг пайдо бўлган бўшлиқни эгаллашга Россия анчадан буён ҳаракат қилмоқда. Россияга нисбатан муносабат ўзгаришига кўпчилик Суриядаги уруш, аниқроғи Россиянинг можарога қўшилиши сабаб деб ўйлайди.

«Россия Сурияда нималарга қодирлиги, кучи кўплигини кўрсатиб қўйди. Араб оламида эса кучни ҳурмат қилишади, Россияга ҳам шунга яраша муносабатда бўлишмоқда», дейди Вашингтон Яқин Шарқ институти тадқиқотчи директори Фабрис Баланш.

АҚШ Сурия президенти Башар Асадни ва унинг режимини одамларга қарши кимёвий қурол ишлатгани учун жазолаш ваъдасини бажармади. Бу эса Башар Асад ва унинг асосий иттифоқчиси бўлмиш Россиянинг «қўлини ечиб юборди».

Эксперт Баланшнинг фикрича, Суриядаги урушдан буён араб давлатлари коллектив Ғарб кутилганидай кучли эмаслиги, у Россия каби куч ишлата олмаслигини англаб етган: «Улар ортиқ АҚШдан ва Ғарбдан қўрқмайди, шу сабаб тезгина Россия томонга ўгирилишлари мумкин. Суриядаги уруш Ғарбнинг дунёдаги гегемонлиги тугаганини кўрсатди. СССР тарқалганидан буён илк марта Россия қайсидир режим ағдарилишига қаршилик қилди. Қаззофий ағдарилганлар орасида охиргиси эди. 2011-16 йилларда бу борада силжиш кузатилди.

Араблар Россия кўп қутбли дунёда янги қутб, янги кучга айланганини тушуниб етмоқда. Бу ҳақда Путин кўп гапирган, араб етакчилари эса такрорлашади
», дейди эксперт.

Араб етакчилари Башар Асадни йиллар давомида қўллаб келаётган Россия «ўзиникиларни ташлаб қўймаслиги»га ишонмоқда. Ахир АҚШ Мисрда Ҳусни Муборакни, Тунисда Бен Алини қўлламади, улар «араб баҳори» фонида кетганди.

Нефт, газ, дон

Украинадаги уруш араб давлатлари иқтисодиётига таъсир қилмай қолмади. Хусусан, нефт ва газ савдоси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти, қурол савдоси ва сайёҳлик секторигача. Форс кўрфазидаги монархлар учун нефт ва газ нархи ошаётгани айни муддао бўлди. Улар Европага кўпроқ маҳсулот сотиб, каттароқ пул ишламоқда.

Ливан, Тунис ва Миср Россиядан келадиган дон маҳсулотларига боғланиб қолган, БААга россиялик тадбиркорлар бориб бизнес қилади, Миср эса Россия билан биргаликда қўшни Ливияда Халифа Ҳафтарни қўллайди. Жазоир Россиядан қурол сотиб олади, Марокаш баҳсли Ғарбий Сахара борасида БМТ Хавфсизлик кенгашида Россиянинг овозига умид қилади. Эрон эса Ироқда Россиянинг иттифоқчиси.

Форс кўрфази давлатлари ОПЕК+ доирасида ҳам Россия билан мулоқотда бўлиб туради. Шу сабаб ҳозирча АҚШ ва Европанинг нефт қазиб олишни ошириш борасидаги сўровларига жавоб бермаяпти. Яқин Шарққа сафари давомида Жиддада Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан кўришган Байден арабларни нефт қазиб олишни оширишга кўндириш учун ҳаракат қилиб кўрди.

Байден билан шаҳзоданинг учрашувидан кейин Саудия нефт қазиб олишни ошириши борасида хабарлар чиқди, аммо икки давлат етакчиларининг муносабатлари яхши дейиш қийин. Айниқса саудиялик журналист Жамол Қошиқчини ваҳшийларча ўлдириб кетишганидан кейин. АҚШ разведкаси қотиллик буюртмачиси Муҳаммад бин Салмон бўлганини маълум қилган. Байден 2019 йилдаёқ Саудия журналистнинг ўлдирилиши учун оғир товон тўлашини айтганди.

Шу тариқа, Яқин Шарқ давлатлари Россия ва АҚШ билан муносабатларда олтин ўрталикни топиб олишни истамоқда. Аммо воқеалар ривожи тезлашиб кетгани сабаб икки ўт орасида қолиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас.

Экспертлар турли фикрлар билдираётган бўлса-да, битта масалада умумий хулосага келишган: араб оламининг Украинадаги урушга нисбатан қандай муносабатда бўлиши унда Россиянинг муваффақият қозониши ёки мағлуб бўлишига боғлиқ. Прагматик араб давлатлари АҚШ ўзини қандай тутишини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Ҳозирча эса Россиянинг минтақадаги таъсири катта бўлиб қолаверади, русларнинг Яқин Шарқда кучсизланишига ҳеч қандай ишора кўринмаяпти. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Яқин Шарқ давлатлари Украинадаги урушга қандай муносабатда бўлмоқда?