00:29 / 25.07.2022
2 850

«Зулм технологияси»: Лениндан бошланган уруш

«Зулм технологияси»: Лениндан бошланган уруш
Ушбу даврни ва ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида кўнглимга келган бир фикр билан худди шу ўринда ўртоқлашишни лозим топаман.

Мен мактабда ва кейинчалик Самарқанд ҳамда Москва университетларида таҳсил олганимда бир ҳодисага ҳайратланардим, аммо чуқурроқ мулоҳаза этмагандим. Гап шундаки, «инқилоб доҳийси» Владимир Ленин Россияда инқилоб қилишдан олдин, Оврўпода узоқ фаолият олиб боради. У турли паспортлар билан қиёфасини ва исмини ўзгартирган ҳолда турли мамлакатларда марксистик уюшмалар тузиб, газета ва рисолалар чоп этади, Россиядаги марксистик ташкилотлар билан яқин алоқада бўлади, ҳаттоки хориждан туриб, Россиядаги партиясининг ташвиқий ва террористик фаолиятига раҳбарлик ҳам қилади.

Жосуслик ва разведка тизими маҳорат билан ишлайдиган Оврўпода бунинг имконини Ленин қандай топди экан? Наҳотки, Оврўпо мамлакатларининг разведкаси, хавфсизлик хизматлари ўз мамлакатлари ҳудудида чет эллик инқилобчи ташкилотнинг бу қадар кенг фаолиятидан бехабар бўлган бўлсалар?!

Бугунга келиб, социализм қулагач аён бўлдики, Ленин Оврўпо мамлакатларидан, хусусан, Олмония ҳукуматидан мадад, катта миқдорда пул олиб турган, ушбу мамлакатлар унинг фаолиятига кенг йўл очиб берганлар. Унинг Оврўподаги «яширин фаолияти» ҳақидаги мадҳиялар шўролар ташвиқотчилигининг маҳсули, холос. Хўш, нега Оврўпо Лениндан инқилобчи ясади?

Маълумки, Россия Биринчи Жаҳон Урушида Олмония билан урушаётган қудратли салтанат эди. Унинг қудрати Оврўпони ҳақли хавотирга соларди. Россияни урушда енголмаган мамлакатлар уни ичидан емиришга қарор берадилар ва 1848 йилда Олмонияда инқилоб қиламан деб мувафаққиятсизликка учраган марксизмни Шарққа «экспорт» қиладилар. Томирида қалмоқ ва немис қони оққан Владимир Ленинни Николай подшо давлатини қулатишга жалб этадилар.

Маркс назариясига кўра социалистик инқилоб капитализм ривожланиб, «сўнгги ва юқори босқичи» бўлган империализмга ўтган, синфлар антогонизми кучайган мамлакатда юз бериши керак эди. Оврўпо Маркс назариясига зид равишда инқилобни ривожланмаган, аграр Россияга йўллади ва бу учун ирода ва маблағни аямади. Ҳаддан зиёд кўп қонлар эвазига бўлса-да, Россияда «инқилоб» аталган тўнтариш амалга ошди. Социализм ҳокимият тепасига келди.

Гитлер фашизмининг ҳокимият тепасига келиши ҳам Оврўпонинг шунга ўхшаш яна бир ҳаракатидир. Маълумки, Олмониянинг бевосита иштироки билан Николай подшога қарши ҳокимият тепасига келган большевизмнинг ўзи Ленин ва, айниқса, Сталин зулми остида ХХ асрнинг 30-йилларига келиб кучли, уюшган тоталитар давлатга айланади ҳамда яна Оврўпога хавф сола бошлади.

Қолаверса, советларнинг мафкураси Оврўпога ёйила бошлади. Хусусан, Эрнест Тельман раҳнамолигида немис коммунистлари Олмонияда катта сиёсий кучга айлана бошладилар. Уларнинг сони маълумотларга кўра 9 миллиондан оша бошлади. Россия учун Оврўпо томонидан ўйлаб топилган «коммунизм шарпаси» энди Оврўпонинг тепасида ҳам кеза бошлади.

Айни шу пайтда Адольф Гитлернинг пивохоналарда коммунистларни тутиб олиб, ураётгани билан ном чиқарган жангарилардан иборат бўлган партияси пайдо бўлди. Гарчанд кучли мавқега эга бўлмаса-да, бу партия ҳокимият эгалари ва катта пулдорлар ёрдамида Олмонияда давлат тепасига келтирилди. Халқаро сиёсат ва иқтисоднинг «громейстер»лари шахмат тахтасида Сталинга қарши Гитлерни сурдилар. Гитлер ҳокимиятга келган заҳоти Рейхстаг биносига ўт қўйди ва буни коммунистларга тўнкади.

Ўша кечасиёқ коммунистлар қамоққа олиниб, қирила бошлади. (Коммунист Сталиннинг кейинчалик айнан шу Гитлер билан шартнома тузгани ҳайратлидир! Ростини айтганда, Сталинни коммунист ҳам атаб бўлмайди – у миллионлаб коммунистларни қатли ом қилган бандит эди). Тақдир ўйинини қарангки, Оврўпо советларга қарши қўйиш учун ҳокимиятга келтирган Гитлер фашизми кучайиб, яна Оврўпонинг ўзига хавф сола бошлади.

Шундай қилиб, менинг назаримда, икки бандит – Гитлер ва Сталин, социализм ва фашизм XIX-XX аср Оврўпо сиёсатининг маҳсулидир. Бу жаҳон халқларига қимматга тушган, қанчалаб халқларни хонавайрон қилган, жаҳонннинг тадрижий тараққиётига зарар етказган ҳодиса сиёсатда ноҳалол ўйинларнинг охир-оқибат инқирозга олиб келишини кўрсатади ҳамда сиёсатнинг демократик йўлигина ҳаққоний эканини исботлайди.

Сталин ёвузликнинг империяча завқ-шавқида Гитлердан қолишмасди, фақат у асосан синфий фашизм амалиётчиси сифатида ишлади, назариётчи Гитлер эса ўзидан сўнг «Майн Кампф» («Менинг жангу жадалим») номли ирқий фашизмнинг сиёсий дастур китобини ҳам қолдирди. Сталиндан фарқли ўлароқ Гитлер ўқимишли жаллод эди. Унинг салтанати рамзи бўлмиш қайишқоқ хоч – «свастика» бир неча минг йилликлар, асрлар қаъридан - қадимий ҳинду тариқатларидан олинган.

Гитлер махфий тариқатлардан, яширин биродархоналардан хабардор бўлгани, ўзи ҳам сирли жодугарликларга бахш этилгани сир эмас. Уни олмонлар пайғамбари Вотанга тенглаштиришарди, халқ майдонларда халоскор сифатида уни кўз ёшлари билан, титраб-қақшаб тавоф қиларди. У оломон руҳи билан ўйнаша оладиган, одамларни сеҳрлашга қодир жодугар эди. Ахир, дунёга не-не буюк зотларни бера олган, қадимий тарихга, улкан маданий-тарихий меросга эга бўлган немис халқини бу шайтон ўз йўриғига истаганча юргиза олди-ку.

Албатта, у ўзини камида авлиё деб биларди. Гитлер ҳам Сталин каби руҳий хаста экани баробарида даҳрий ҳам эди, яъни мавжуд динлардан ҳеч бирини тан олмасди. Сталиннинг дини – марксча пролетар диктатураси, Гитлернинг дини – национал фашизм эди. Гитлер ҳатто Ватиканни вайрон қилмоқчи эди. Унинг «ғалаба»дан сўнг Рим папасини дабдабали либосларини кийдириб Ватикан дарвозасига осиш нияти бўлгани ҳам маълум.

Мақсади шуки унинг «дин»и – нацизмдан бошқа дин, унинг ўзидан бошқа илоҳ бўлмаслиги керак. У ҳайвонларни ўлдириб, ейишни гуноҳ ҳисобларди, миллионлаб одамларни ўлдирган, ёққан, оттирган қассоб – Гитлер гўшт истеъмол қилмасди, гўштли овқат ейдиганларни «мурдахўрлар», деб мазахларди, гўшт қайнатиб, пиширилган шўрвани «ўлакса чойи» деб атарди. У чекмасди ҳам, ичмасди ҳам. Сталиннинг муштукда тамаки чекиб турган суратини чоп қилишни Олмонияда тақиқлаб қўйган эди.

Социализм оқ пошшо зулмидан тўйган халқларнинг эрку-озодлик, еру-мулк орзусидан, талотўпдан безиб қолгани-ю, тартиб истаганидан фойдаланиб, инқилоб натижасида ҳокимитга келгани каби Гитлер фашизми ҳам қашшоқликдан, беқарорликдан тўйган немис халқига барқарорлик, тартиб ваъда қилиб ҳокимиятга келди. Немис халқи Гитлернинг партиясини халоскордай қабул қилди.

Энг ҳайратланарлиси шуки, Гитлер демократик сайловлар натижасида ҳокимиятга келган. Шунинг учун сайловларнинг ўзигина демократиянинг кафолати бўлади, деб ўйлаш кулгилидир. Сайланганлар ҳаракатлари халққа кўриниб туриши, эркин матбуот, халқ вакилларидан иборат парламентнинг реал ҳокимияти, имкон қадар узоқ муддатга тайинланган мустақил суд тизимининг мавжудлиги каби институтларсиз демократик сайловлар кўзбўямачилик, холос.

Фашизм ҳамма мамлакатлар ҳам орзу қиладиган қайишқоқ ва самарали иқтисод яратишга интилади, аммо бу интилишни у бошқа ерлар, бошқа халқларни босиб олиш, уларни қулларча эзиб ишлатиш эвазига амалга оширмоқчи бўлади. Фашизм ўз халқини бахтли қилмоқчи, аммо бунинг эвазига бошқа халқлар забун бўлмоғи керак.

Бунинг учун фашизм халқидан зарур жипслик ва якдилликни талаб қилади, оқибатда ижодкорликнинг асоси бўлган ҳурфикрликни, ташаббускорликни йўқотади, ўлик ҳаёт тарзига олиб келади. Ҳур ижодкорликларсиз, эркин меҳнатсиз иқтисод оғирлашаверади, фашистик тузум эса талваса билан бадтар барқарорлик, жипслик талаб қилиб, зулмни авжига олдиради… Оқибат шулким, фашизм инсон вужудидаги рак ҳужайраси каби бора-бора руҳни ҳам, танни ҳам емиради ҳамда ўзи ҳам ҳалок бўлади.

Гитлер ирқий фашизми билан Сталин синфий фашизмининг моҳияти бир бўлса-да, лексикаси, ниқоби, либоси фарқ қиларди. Гитлер ўз мақсадларини яшириб ўтирмайди. У ҳатто «Майн Кампф» каби китоб ёзиб, немис халқи «олий ирқ»лигини, мақсади – «шарқий кенгликларни эгаллаш» эканини, бунинг учун бошқа халқларни қул қилиш зарурлигини, бошқа халқлар фақат «ишчи кучи сифатидагина қадрли» эканини, бу халқларни «маданий қолоқ ҳолда сақлаш» лозимлигини, «уларнинг кўпайишига, туғилишига йўл қўймаслик» кераклигини очиқ баён қилади.

Умуман, Гитлер кўп гапиришни яхши кўрарди, ҳаттоки у бундай кайф қиларди. Уни яқин билган Алберт Шпеер, Отто Дитрих ва бошқа маслакдошлари «гапдонлик эгоизми» (Redeegoizmus) унинг ажралмас ва патологик белгиси бўлганини қайд этганлар. Гитлернинг бу одати баъзан авжига чиқар, дарғазаб бўлган пайтларида у жазавага тушар, оёқлари билан ерни тепар, муштлашдан ва қўмондонларга қараб қўлига тушган нарсани отишдан ҳам тоймасди.

«Иблисона фюрер» ҳақида генерал-полковник Гейнтс Гудериан шундай ёзади: «Менинг қаршимда ғазабдан қовоғи шишган, сиқилган муштлари тепага кўтарилган, қалтираб, ўзини тутолмаётган киши турарди… Айни пайтда қичқириқдан у зўриқиб кетар, кўзлари қинидан чиқар ва пешонасидаги томирлари кўпчир эди». Сиёсий қиморбоз сифатида Гитлер қарталарини очиб ўйнайди.

Ундан фарқли ўлароқ, Сталин, гарчанд худди шундай фашистона сиёсатни олиб борса-да, ўз мақсадларини ниқоблайди. Қаллоб сиёсий қиморнинг доғули ўйинчиси бўлган Сталиннинг ва совет давлатининг «олий ирқи» – пролетариат, совет фашизми ҳам «бегона кенгликларни» босиб олади, аммо буни «эзилган халқларни озод қилиш», деб атайди. Совет тузуми ҳам ҳурфикрли кишиларни ўлдириб келади, аммо уларни «халқ душмани» деб атайди, оммавий қатағон ва қирғинларни – «тозалаш», биродаркушликни «партия ва халқ таркибини ёт унсурлардан поклаш», деб тарғиб қилади.

Совет тузуми ҳам халқларни «қолоқ, паст маданий савияда сақлаш»ни мақсад қилади, аммо буни «интернационализм», «мазмунан социалистик маданият яратиш» ниқобига ўрайди. Совет халқи ҳам «халқларнинг кўпаймаслиги» тарафдоридир, фақат бу ғайриинсоний жаллодлик сиёсатини «оилани режалаштириш» шиори билан бекитмоқчи бўлади.

Гитлер фашизмининг тиғи ташқарига йўналтирилган: у немис халқини ва бошқа халқларни қул қилиш, мардикор этиш, уларнинг бойликлари, ер-сувларидан фойдаланиш ҳисобига фаровон қилмоқчи бўлади. Лениндан Горбачевгача давом этган совет фашизми эса тиғини ичкарига ҳам йўналтиради: халқини синфларга бўлиб, бир синф – пролетариат «манфаатлари учун» бошқа синфларни - ҳунармандлар, косиблар, «қулоқлар», мулкдорлар, амлокдорлар, зиёлилар, олимларни гоҳ ошкора, гоҳ зимдан қириб ташлайди.

Совет тузуми ҳам яратувчи эмас, боқиманда эди:
  • 1917-1925 йилларда Ленин бошчилигида бойлар, мулкдорлар таланди, муллалар отиб ташланди, Николай пошшодан, Бухоро амиридан қолган бойликлар ейилди;
  • 1926-1954 йиллар давомида Сталин бошчилигида миллионлаб одамлар қамоқхоналарга тиқилди, маҳбуслар текинга ишлатилди, этник заҳиралар ейилди;
  • 1955-1985 йиллар давомида мамлакатнинг ерости-ерусти бойликлари: олтин, пахта, нефть, қоракўл тери, никел ва бошқа маъданлар, халқнинг, келгуси авлодларнинг насибаси бўлган бойликлари аёвсиз қазиб, заминни ториқтириб сотилди, ясама фаровонлик уюштирилди;
  • 1985-1990 йилларга келиб, табиий бойликларнинг ҳам таги кўриниб қолди, химикатларга тўла заминнинг ҳосилдорлиги камайди, экологик вазият бузилди, қимматчилик бошланди, Горбачев ва Рижков ҳукумати мамлакатнинг ҳатто уруш пайти ҳам тегилмаган етмиш йиллик тилло заҳираларини сотиб ейишди, инқироз аёнлашгач, «ошкоралик» «жадаллаштириш», «қайта қуриш» ҳақида гап бошланди. Яратувчиликка ноқобил ҳарбий-миршаблик социализми қулади. Гитлерни 1945 йилда енгган мамлакат 1990 йилга келиб қулади, енгилди.

Гитлер устидан ғалаба – тактик ғалаба эди, холос. Стратегик ғалаба эмасди. Чунки халқнинг қони эвазига келган ғалабадан ҳам совет тузуми ўз сиёсий мақсадларида - дунёни «социалистиклаштириш»да, самарасиз тузумни ёйишда фойдаланди. Бугун урушда енгилган Олмония мамлакати «ғолиб» мамлакатга ёрдам бермоқда. Гарчанд улар ҳимоя қилган мамлакат – СССР энди карталарда ҳам йўқ бўлса-да, орден-медалларини шақирлатиб тақиб юрган уруш фахрийлари кеча ўзлари нафрат билан қараган немислардан инсонпарварлик мадади олишга кўз тикмоқдалар.

Шу маънода немис фашизми – очиқ босқинчи бўлса, совет фашизми ўз мақсадларини дилтортар шиорлар ниқобига ўраган, нафақат халқларнинг еру сувларини, балки қалбини ҳам коммунистик догмалар билан эгаллашга даъвогар бўлган босқинчилик фашизмидир. Бирови – 1945 йилда, бошқаси 1990 йилда муқаррар қулади.

Донишманд тарихнинг хулосаси шуки, адолатга зулм билан эришиб бўлмайди. Агар ҳақиқат ғалабасига инсон, халқ устидан зуғум ўтказиш, куч ишлатиш ҳисобига эришилса, бу «ғалаба» ҳам жиноятдир. Ўзга ҳудудларни босиб олиш, ўзга халқларни эзиш эвазига бахтли бўлса, ўрис халқи халқи бахтли бўларди. Ҳолбуки, ўрислардан кўра бахтсизроқ халқ бўлмайди. Бошқа халқларни ўрислар эзган бўлса, ўрисларни ўрисларнинг ўзи эзди. Салтанат қурган бу шўрлик халқнинг ўзи ҳам ҳамишга эзилиб келди. Ўриснинг табиий ҳудуди Москов Руси эди. Ўрис подшоҳларининг босқинчилик урушлари туфайли салтанат Болтиқ денгизидан Тинч океанигача кенгайди ва Америкагача – Аляскагача борди. Ўрислар фожеаси Рус давлатининг иштаҳаси очилиб, ўз ҳудудий-этник чегарасидан чиққан пайтда бошланган.

Бу халқ ўз ҳудудига қайтиб, табиий Москов Руси ҳудудида давлат тузсагина яна уруш-жанжалсиз, барқарор, бахтли бўлиши мумкин. Оврўосиёга миршаблик даъвосидан қанчалик тез воз кечса, шунчалик ўзига яхши бўлади. Ҳатто монархиячи тарихчи Ключевский ҳам ўтган асрдаёқ бу ҳодисани сезиб улгурганди: «XIX асрнинг ўрталаригача давлат ташқи ҳудудлари кенгайиши халқнинг ички ҳуррияти ўсишига тескари келмоқдадир… Кенгайиб бораётган босқинчилик фаолияти оқибатида ҳокимият кўлами кенгайди, лекин халқ руҳининг шавқи пасайиб бормоқда.

Янги Ўрусиянинг ташқи ютуқлари қанотлари бўронда кучсизлик қилаётган, шунга қарамай яна тўфонга ташланаётган шўрлик қушнинг аҳволига ўхшайди… Давлат тўлмоқда, халқ эса сўлмоқда». Кучли давлат халқни кучсизлаштириш эвазига бўлиши мумкин, холос. Халқни кучсизлантирган давлат ҳам охири қулашга маҳкум. Подшоҳлари истаги билан бошқа халқлар қўлига занжир солган ўрис халқи ўзини ҳам занжирбанд қилди – ўз эркини топшириб қўйди. Давлатнинг қудрати халқнинг моддий ва маънавий қуллиги ҳисобига ошди.

Совет давлати ҳам дунёни қўрқувга соладиган ҳарбий-полициявий давлат қуриш учун ўз халқини қашшоқ мамлакатлар яшаш даражасига туширди, осмонга космик ракеталар учирди, аммо қишлоқларда одамлар ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланмади, ривожланиш йўлидаги дунёни «чириётган капитализм» атади ва унинг «чириётганини» кўришни истаса, халқни ташқарига чиқармади, юрт чегараларига эса қулф осиб қўйди. Халқ бунақа «социализм»ни орзу қилган, шундай яшаш учун курашган эмасди, чунки қуш – қафасни, одам қамоқхонани орзу қилмайди.

Сталин «совет халқининг бахт-саодати учун» шу халқнинг 55 миллион кишисининг ёстиғини қуритди. Одамларни – «халқ душмани», бутун-бутун халқларни «душман халқ» деб сургуну қатағон қилди, ўлдирди. Гитлер ўз жинояткорона фаолиятини «олий ирқ бахт-саодати, ёзилиб яшаши» учун «кемтик миллатлар»ни йўқ қилишдан бошлади ва оқибатда секин-аста ўз халқини ҳам қул қилиб олди.

Икки «даҳо» ҳам ўз жинояткорликларини одамларнинг яхши яшаш орзулари билан боғладилар ва «фаровон яшаш»дан умидвор халқлар қулга айланганларини сезмай қолдилар, чунки немис халқининг аксарияти Гитлер бошқа халқларни уларнинг «ёрқин келажаги учун» босиб олаётганига ўзини ишонтирди ва жиноятга шерик бўлди, совет халқининг аксарияти ҳам Сталиннинг «халқ душманлари»ни отаётгани, юртни «ёт унсурлардан тозалаётгани» туфайли бахтли бўламиз, деган умидда эдилар, натижада давлат машинасининг бир парчасига айландилар. Кимки бунинг алдовлигини сеза бошласа, дарров халқнинг ҳақиқий душмани бўлган Сталин томонидан «халқ душмани» деб эълон қилинарди.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Зулм технологияси»: Лениндан бошланган уруш