2 045
«Газ жанги». Европа руслар газ бермай қўйишига ишониб бўлди, Россия газининг ўрнини нималар боса олади?
Франциядаги АЭС. Фото: Benoit Tessier / Reuters / Scanpix / LETA
26 июл куни Европа ва Россия ўртасидаги газ можаросида икки муҳим воқеа содир бўлди: «Газпром» яна бир газ ҳайдовчи двигател трубинасини таъмирлашга юборди, оқибатда қазиб олиш ҳажми 20 фоизгача камайди. Худди шу куни Европа Иттифоқи давлатлари электр энергиясини тежаш бўйича 2022/23 йилги иситиш мавсуми учун чора-тадбирлар режасини тасдиқлади.
Европа Иттифоқи давлатлари ихтиёрий тарзда газдан фойдаланиш бўйича эҳтиёжни 15 фоизгача қисқартириш мажбуриятини олди. Иттифоқ давлатлари бу мажбуриятни ўз гарданига олган тақдирда ҳам энергия дефицитига дуч келиши мумкин. Ўз навбатида, Россия ҳозирда энг кўп газ сотган даврларига қараганда 80 фоиз камроқ газ экспорт қилмоқда ва бу мамлакат иқтисодиётига таъсир қилмай қолмайди. «Медуза» охирги янгиликлар «газ жанги»га қандай таъсир этишини таҳлил қилди.
Россия нега газ етказиб беришни камайтирди?
Россия Европага газ берадиган асосий ўтказгич бўлмиш «Шимолий оқим-1»ни таъмирлаш учун ёпиб қўйганида европаликлар таъминот қайта тикланмаслиги мумкин деб ўйлай бошлашди. Аммо ўн кунлик таъмирлаш ишларидан кейин 21 июл куни ўтказгич белгиланган вақтда Европага газ ҳайдашни тиклади. Европадаги рус гази импортёрлари ҳам таъминот тикланганини хабар қилишди.
Таъмирлашдан кейин «Шимолий оқим-1» бўйлаб камроқ газ ўта бошлади. Аниқроғи максимум юборилиши мумкин бўлган газнинг 40 фоизигина Европага ўтди. 26 июл кунидан Европага янада камроқ газ кета бошлади. Чунки Россия Ленинград областидаги «Партовой» қазиб олувчи компрессор станциясини ишга туширмади. Бу компрессор станциясидаги қувурлар иккиламчи фойдаланишга мўлжалланган бўлгани учун Ғарб санкцияларига тушиб, таъмирлашга юборилган Канадада қолиб кетганди. Гап шундаки, бу қувурлардан самолёт ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланиш мумкин, шу сабаб улар санкцияга тушган.
Канада ҳукумати ва АҚШнинг махсус рухсати билан қувурлар Германиядаги «Газпром»га хизмат кўрсатувчи корхона бўлмиш Siemens'га етказиб берилди. Ўз навбатида, немис компанияси «Газпром»га Канаданинг экспорт лицензиясини тақдим этди. Бунинг ёрдамида таъмирланган қувурлар Россияда ишлатилиши, «Газпром» қолган деталларни ҳам 2024 йилгача Канадага таъмирлаш учун юбориши мумкин бўлади. Аммо «Газпром» қувурларни қабул қилмаслигини айтиб, берилган ҳужжат «аввал мавжуд бўлган хавотирларни бартараф этолмаслиги, қайтага қўшимча саволлар туғдираётгани»ни маълум қилди. Шу боис, қувурлар ҳамон Германияда қолмоқда.
Reuters вазиятдан хабардор манбаларига таяниб ёзишича, Россия атайлаб бюрократик жараённи чўзиб ўтирибди. Руслар расман берилган ҳужжат ЕИ ва Британия санкцияларини чеклаб ўтиш имконини бермайди, деб иддао қилмоқда. Ваҳоланки, таъмирланган қувурлар Россия ҳудудига олиб кирилиши ва фойдаланилиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Siemens таъмирланган қувурларни Россияга етказиб беришга тайёр, аммо «Газпром» бунга рухсат бермаяпти. Россия томони Лондон ва Брюсселдан махсус рухсатнома кутмоқда. Афтидан, уларни «тиз чўктириш» мақсадида.
Россия президенти Владимир Путин 20 июл куни ой охирига бориб газ қазиб олиш янада камайтирилишига ишора қилганди. «Адашмасам, июлнинг охирроғида, 26-санада бўлса керак, яна бир станциядаги қувурлар таъмирлаш учун юборилиши керак, шундай эмасми? Аниғини яна «Газпром» билади», деганди Путин очиқчасига Европага янада камроқ газ берилишига ишора қилиб.
26 июл куни Путин айтганидай «Партовой»даги яна бир станция қувурлари таъмирлаш баҳонаси билан тўхтатилди. Бу вақтда ҳали қувурлари Россияга олиб кирилишига руслар қаршилик қилаётган бошқа станция фаолиятини тиклаб улгурмаганди. Оқибатда фақат битта кичик станцияда газ олиш давом эттириладиган бўлди ва Россия Европага юбориши мумкин бўлган газнинг атиги 20 фоизини сотмоқда.
Европа ўзини қандай ҳимоя қилмоқчи?
Европа биринчи навбатда қиш кунлари келишидан аввал ерости газ захираларини тўлдириб олмоқчи. Европа Иттифоқи умумий ҳисобда Россиядан йилига 155 миллиард кубометр газ сотиб олади. Бу ЕИ давлатларига экспорт қилинадиган газнинг 45 фоизи ва умумий истеъмолнинг 40 фоизига тенг. Ҳозирча ерости захиралари 66 фоизга тўлган ва мақсад уларни 80 фоизгача тўлдириш. «Шимолий оқим-1» таъмирланишидан аввалги тепмда захираларни режалаштирилган ҳолатда тўлдириш учун икки ой керак бўларди, ҳозирги темпда эса бунинг учун янада кўпроқ вақт кетади. Чунки юзага келган кескин иссиқ ҳаво харажатларни янада ошириб юбормоқда. Европа учун ноодатий бўлган аномал иссиқ сабаб одамлар кўпроқ кондиционер ишлатмоқда, бу эса электр энергияси сарфини ошириб юборган. Электр эса табиийки газдан олинади.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг фикрича, Европа Иттифоқи давлатлари рус газига боғланиб қолганини кўрган Россия газдан иттифоқ давлатларини шантаж қилишда фойдаланмоқда. Энергоқарамликдан, хусусан, Россия газига қарамликдан қутулишни мақсад қилган ЕИ давлатлари газ истеъмолини 15 фоизгача камайтиришга келишиб олишди. Дарвоқе, бош вазири «Путиндан илҳомланиши»ни яширмайдиган, иттифоқда Россияга қарши нима бўлса, шубҳасиз қарши чиқадиган Венгрия 26 июл куни тасдиқланган газни тежаш борасидаги келишувга ҳам қарши чиқишга улгурди.
Европа газ истеъмолини қандай камайтирмоқчи?
Европа учун газни ёки электрни тежаш янгилик эмас. Охирги бир ярим йилда нархлар ошиб кетгани сабаб европаликлар аллақачон энергияни тежашни бошлаб юборган. Халқаро валюта фонди таҳлилларига кўра, минтақада жорий йилнинг биринчи чорагида энергия истеъмоли ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга камайган. Баъзи давлатлар ҳатто чора-тадбир ишлаб чиқилгунга қадар нормадан ортиқ тежашни бошлаган. Масалан, Эстония ҳозирдан ўтган йилгига қараганда 18 фоиз камроқ энергия истеъмол қилмоқда. Гарчи бу ЕИ истеъмол ҳажмига қараганда анча кам фоизни ташкил қилса ҳам, Эстония тежамкорлик борасида намуна бўлмоқда.
Халқаро валюта фонди экспертларининг оптимистик прогнозларига кўра, рус газининг 70 фоизгача бўлган қисмини муқобил таъминотчилар ва бошқа энергия манбалари орқали тўлдириш имкони бор. Лекин ЕИ Россия газни тўлиқ узиб қўйишига тайёр эмас. Бундай ҳолатда рус газига жуда ўрганиб қолган шарқий давлатларда дефицит 15 фоиздан 40 фоизгача етиши мумкин. Яъни ЕИ давлатларининг 15 фоиз газни тежаш чораси ҳам бу давлатларга ёрдам бермайди.
«Шимолий оқим — 1»нинг Германия ҳудудидаги инфратузилмаси. 2022 йил 11 июл
Jens Buettner / dpa / AP / Scanpix / LETA
Ҳозирча воқеалар тахминан шундай ривожланади: Украина орқали Европага газ бориши камайиши, «Шимолий оқим-1»даги тўхтовсиз таъмирлашлар, иккинчи компрессорнинг ишга тушмаслиги сабаб Россиядан газ келиши 80 фоизга камайиб кетган ва бу ҳолат сақланиб қолади.
Европа Иттифоқида рус газининг ўрнини боса оладиган қандай вариантлар бор?
Биринчи вариант. Суюлтирилган газ
Россия газининг ўрнини қисман бўлса ҳам тўлдира оладиган асосий вариант суюлтирилган газ ҳисобланади. Аммо Европа Иттифоқи бозордаги рақобатни енгиб ўтиши ва қолган минтақалардаги харидорлардан кўпроқ пул таклиф қилиб суюлтирилган газ сотиб олиши керак бўлади.
Бундай турдаги газнинг асосий ишлаб чиқарувчилари Қатар ва АҚШ ҳисобланади. Австралия ҳам бор, аммо бу Европа учун жуда узоқ. Шунингдек, кичикроқ ишлаб чиқарувчилар бор: Уммон, БАА, Тринидад ва Тобаго, Нигерия, Ангола, Индонезия, Малайзия. Жазоир ва Миср каби ишлаб чиқарувчилар эса шундоғам ишлаб чиқараётган маҳсулотини Европага экспорт қилмоқда.
Бу ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси узоқ йиллардан буён уларни қаноатлантирадиган Европадан ташқаридаги мижозлар билан ишлаб келмоқда. 2025 йилгача бозорда бошқа катта ишлаб чиқарувчи пайдо бўлишини кутиш эса имконсиз.
Бундан ташқари, бошқа муаммолар ҳам бор. Масалан, июн ойида АҚШдаги суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи Freeport LNG заводида авария содир бўлди. Оқибатда мамлакатнинг экспорт қуввати кескин тушиб кетиб, кунлик етказиб бериш ҳажми газга эквивалент сифатида ҳисобласа, 60 миллион кубметргача тушиб кетди. Бу эса ҳозирда «Шимолий оқим-1»дан Европага ўтаётган бир кунлик газдан икки баравар кўпроқ дегани. Бу авария оқибатлари йил охирига борибгина бартараф этилиши мумкин.
Ушбу аварияга қарамай, Европа АҚШдан рекорд миқдорда газ сотиб олди. 2022 йил январ-июн ойларида илк марта Европа табиий газдан кўра суюлтирилган газни кўпроқ харид қилди. Ярим йил давомида ЕИ 65 миллиард кубометр суюлтирилган газ сотиб олди. Бу вақт давомида Россиядан 45 миллиард, Норвегиядан эса 41 миллиард кубметр газ сотиб олинган.
Нидерландиянинг Гронингенида ҳам катта газ кони мавжуд ва у ҳам Европа учун потенциал энергия манбаси деб қаралмоқда. 2013 йил у ердан 55 миллиард кубметр газ қазиб олинган. 2021 йилда эса қазиб олиш ҳажми атиги 6,5 миллиард кубметрни ташкил этган. Ҳудудда газ жуда кўп, аммо қазиб олиш маҳаллий аҳоли талабига кўра камайтирилган. Гап шундаки, гронингенликлар газ қазиб олиш ҳажми ошиши оқибатида ерости бўшаб қолиб, зилзила хавфи ортишидан хавотирланади. Шу сабабли, ҳукуматдан газ қазиб олишни камайтиришни талаб қилишган. Ҳозирги биргина таъминотчи томонидан шантаж қилинаётган инқироз ҳолатида Европа гронингенликларни қазиб олиш ҳажмини оширишга кўндириб кўриши мумкин.
Иккинчи вариант. Кўмир, мазут ва бошқа «яшил бўлмаган» энергия манбалари
2021 йилда Европа Иттифоқи 2030 йилда иссиқхона эффекти оқибатида юзага келадиган газлар миқдорини 55 фоизгача камайтириш мақсад қилинган режани тасдиқлаганди. У вақтда Россия Украинага бостириб кириши ҳақида ҳеч ким билмаган ва Россия ЕИ давлатларининг «газини бериши» дипломатларнинг тушига ҳам кирмаганди. Ваҳоланки, буни тахмин қилиш мумкин эди, чунки Россия бекордан бекорга ўз ҳисобига қувур тортиб Европага арзон газ бериб қўймайди.
Демак, ушбу «яшил» режага кўра Европа давлатлари кўмир, мазут ва ҳавони ифлослантирадиган бошқа воситаларни ёқиб электр энергияси олишни аста-секин камайтириши керак эди. Аммо кетма-кет инқирозлар, Украинадаги уруш минтақа давлатлари ушбу «яшил» режага ўтишига имкон бермаяпти.
Коронавирус инқирозидан тиклана бошлаган Европа саноати ўтган йили 2017 йилдан буён илк марта кўмирдан фойдаланишни оширди ва умумий энергиянинг 12 фоизини кўмирдан олди. Ҳозирги инқироз эса Германия, Франция, Италия ва Австрия каби бой давлатларни рус газига муқобил ўлароқ кўмирда ишловчи ИЭСларни қайта очишга мажбур қилди. Европа дизел ва мойни ёқиб электр олиш каби янада кўпроқ табиатни ифлослантирувчи энергия манбаларига қайтиши ҳам мумкин.
Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Биролнинг айтишича, ҳозир рус газининг ўрнини босиш учун кўмир ва мазутдан фойдаланавериш керак. Табиий тоза бўлмаган маҳсулотлар табиатга зарари кўп бўлиши билан бирга газдек самарали ҳам эмас. Аксар газда ишловчи ИЭСлар мазутда ҳам ишлаши мумкин, лекин мазут ёқилса, уларнинг самарадорлиги 55 фоизгача тушиб кетади. Замонавий станцияларда эса 37-40 фоизгача. Бу эса электр энергияси қимматлашиб кетишига, шунингдек, керакли миқдорда энергия ишлаб чиқарилмаслигига сабаб бўлади.
Кўмирли электр станцияларни қайта ишга тушириш ҳам осон бўлмайди, чунки кўмир ҳам қимматлаб кетган, бунинг устига дефицит. Қўшимчасига Европа истеъмоли учун 20 фоиз кўмирни Россиядан олади. ЕИ эса рус кўмирига эмбарго киритиб бўлди.
Газнинг ўрнини босадиган бошқа манбаларга бирданига ўтиб бўлмаслигини ҳам инобатга олиш керак. Масалан, Европадаги битта хўжалик газда ишлайдиган сув ва уйларни иситувчи тизимини мазутда ишлайдиганига алмаштириш учун 10-15 минг евро сарфлаши керак. Худди шу тизимни электрда ишлайдиганига алмаштиришга эса камига 15-20 минг еврога тушади.
Халқаро энергия агентлиги ҳисоб-китобларига кўра кўмир ва мазутга ўтиш орқали ЕИ йилига 10 миллиард кубгача газни тежаши мумкин.
Учинчи вариант. Атом энергияси
Электр энергияси ишлаб чиқаришда газнинг ўрнини атом электр станциялари ҳам эгаллаши мумкин. Европа Иттифоқи давлатлари АЭСларни 2023 йилгача ёпишга келишиб олганди, аммо уруш ҳолатида бу чекловни узайтириб туриш муаммо эмас. АЭСлар ёрдамида Европа газ истеъмолини ойига 1 миллиард кубгача камайтириши мумкин. Бундан ташқари, Европа Иттифоқида АЭСлар экологик тоза энергия манбаси деб топилган ва унга инвестиция киритишга рухсат берилган.
Россия газига боғланиб қолган Германия 2021 йил учта АЭСни бузди ва жорий йил охирида яна учтасини бузмоқчи. Немислар АЭСлардан халос бўлишда Европада етакчи эканини кўрсатиш мақсадида атом реакторларини намойишкорона портлатиб юборди. Айнан шу олтита АЭС Германия истеъмол қиладиган энергиянинг 13,3 фоизини берарди. Ҳозир мамлакатда мавжуд АЭСларни қайта ишга тушириш муҳокама қилинмоқда.
Европа Иттифоқининг «энг атомли» давлати Франция ҳисобланади. Дунёда фақат АҚШда Франциядан кўпроқ атом реакторлари мавжуд. Яқингача французлар истеъмоли учун электр энергиясининг 70 фоизини АЭСлардан оларди. Аммо бу ерда ҳам муаммо пайдо бўлди: станциялардаги хавфсизлик тизими коррозияга учради. Шу сабаб ҳозирда 12 та АЭС ишламаяпти. Таъмирлаш йил охиригача давом этиши мумкин ва шу сабаб Франция энергия ишлаб чиқариш қувватини бошқа қийналган давлатларга электр берадиган даражада ошира олмайди.
Яна 18 та реакторлари таъмирланаётгани ҳисобига Франция мамлакат ҳудудида мавжуд 56 та АЭСнинг ярмидан умид қилмаса ҳам бўлади. Ҳозир Франция АЭСлар орқали энергия эҳтиёжининг 59 фоизинигина қондира олади, шу сабаб мамлакат нафақат бошқаларга ёрдам бера олмайди, балки ўзи янги манбалар қидиришга тушган.
Узоқ келажакда Европани нима кутмоқда?
Нефт ва газ соҳасида эксперт Сергей Вакуленконинг фикрича, Европа яқин 5-7 йил ичида тўлиқ суюлтирилган газ ва бошқа таъминотчидан олинадиган табиий газни қайта ишлаб электр энергияси олишга ўтади. Озарбойжон билан кўпроқ газ сотиб олиш борасида келишувга эришилди. Шунингдек, Ўрта ер денгизи шарқидаги давлатлардан ҳам газ олиш варианти бор. Бу ҳудудларда Россияда бўлгани каби жуда катта газ йўқ, лекин Европа эҳтиёжлари учун етади.
Фото: Евгений Фельдман
Янги таъминотчилар Европадан лойиҳаларни қоплашга имкон бериши учун узоқ муддатли шартнома тузишни талаб қилиши ҳам муаммо туғдириши мумкин. Масалан, Европа энди Россиядан газ олгани каби шунчаки пулини тўлаб газни олавериши қийин бўлади. Яъни таъминотчилар ўтказгичлар қуришни молиялаштиришни талаб қилиши мумкин.
Қайта тикланувчи энергия-чи?
Европа анча йиллардан буён қайта тикланувчи энергия манбалари ҳақида бонг уради, лекин афтидан бу борада айтарли ҳеч нима қилинмаган, фақат гапирилган. Чунки бундай турдаги энергия Европа эҳтиёжининг атиги 10 фоизини қондирмоқда, холос. Рус газига қарамликдан қутулиш режасида ЕИ қуёш ва шамол электр станцияларига тезроқ ўтиш таклифларини ҳам берган.
Аслида қайта тикланувчи энергия жуда истиқболли манба ҳисобланади. Агар Европа бу турдаги энергиядан эплаб фойдалана олса, йилига 6 миллиард куб газни иқтисод қилиши мумкин. 8-10 йил ичида Европа қайта тикланувчи энергия борасида катта ўсишга эришиши ҳам кутилмоқда. Чунки ҳозирги инқироз ҳолатига ниҳоят бу йўналишга ҳам жиддий қарай бошлашади.
Россия газни қисиш орқали Европа давлатларининг «кўзини очди» дейиш мумкин. Энди ЕИ давлатлари электр энергияси сақлаш, АЭСлардан хавфсиз тарзда фойдаланиш борасида катта ишлар қилиши мумкин. Аммо булар 8-10 йилсиз самара бермайди. Бундан ташқари, Европадаги ишлаб чиқариш соҳаси ҳам тубдан ўзгариб кетиши, кўп энергия талаб қиладиган ишлаб чиқаришлар бутунлай йўқолиб кетиши мумкин. Нефт-кимё заводлари, пўлатни қайта ишловчи заводлар, цемент заводлари, фармацевтика ва автомобил ишлаб чиқарувчилар ҳам бошқа турдаги энергияга ўтказилиши ҳеч гап эмас. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи