14:07 / 07.08.2022
2 335

Кучма Россия босқини, Путиннинг режалари ва ядро уруши эҳтимоли ҳақида ВВСга интервью берди

Кучма Россия босқини, Путиннинг режалари ва ядро уруши эҳтимоли ҳақида ВВСга интервью берди
Фото: Sergei Gapon / AFP / Scanpix / LETA
Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучма уруш бошланганида Киевдаги уйида эди ва шу вақт давомида ҳеч қаерга кетмади. Буни хоҳламаганини айтди.

У узоқ вақт давомида Минскдаги музокараларда Украина делегацияси раҳбари бўлган. Демак ундан бошқа ҳеч ким Россия расмийларининг урушдаги кайфияти ва амбициялари ҳақида яхшироқ билмайди. Бугун Леонид Кучма рус қўшинлари ва фашистларнинг бостириб кириши ўртасидаги ўхшашликларни очиқчасига айтмоқда. Шунингдек, 2003 йилда Тузладаги можародан бери [Россия ва Украина чегарасида жойлашган Керч областидаги Тузла оролига эгалик қилиш бўйича баҳс] «Путин Россияси» ҳақида ҳеч қандай иллюзияси йўқлиги ва бу сафар Россия президенти нотўғри иш қилганини таъкидламоқда.

Кучма 1994 йилдан 2005 йилгача икки марта Украинани бошқарган ва Путин айнан унинг кўз ўнгида ҳокимиятга кўтарилган. Уларнинг алоқалари ва мулоқотлари узоқ тарихга эга.

«Биринчидан, Путиннинг тез орада ўлишига ишонманг», деб маслаҳат беради Украина собиқ президенти. Шу билан бирга, у Украинанинг урушда ғалаба қозонишига ишонади. Путин билан унинг ҳеч қандай муросаси йўқ.

BBC News 24 февралда бошланган Россия босқинидан кейин Леонид Кучма билан биринчи ва ҳозирча ягона интервюни олишга муваффақ бўлди.

«Босқиннинг биринчи кунидан бери Украинадаман»

— Россия босқини содир бўлганида қаерда эдингиз? Сиз уни кутганмидингиз, ўша пайтда Украинада эдингизми?

Леонид Кучма
: Мамлакатимдаги аксарият тинч аҳоли сингари, мен ҳам Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганида уйқуда эдим. Бу, эҳтимол, барча фашистларга хос одат бўлса керак – жой ва замондан қатъи назар, эрталаб соат тўртда бизга ҳужум қилиш... Урушнинг биринчи кунларида рус самолётлари уйимнинг устидан ҳатто томни бузиб юбориш даражасидаги яқин масофадан учиб ўтарди.

Менга дарҳол чет элга эвакуация қилишни таклиф этишди. Буни рад этдим. Бу масалага бошқа қайтмадик, босқиннинг биринчи кунидан бери мен Украинада эдим.

Мен буни кутганмидим? Қийин савол. Психологик жиҳатдан ўз авлодим вакили сифатида урушга тайёр эдим – ахир, болалигимда фашистлар босқинидан омон қолганман.

Путин Россиясининг тажовузкор табиатини 2003 йилда билиб олганман. Ўша пайтда Москва Қримга бостириб киришга биринчи марта уринган ва Тузла оролини олмоқчи бўлган эди. Агар босқин бошланса, дарҳол ўт очишни буюрганман. Мен Россия таҳдидининг ҳақиқий даражасини тушунардим, чунки бу ҳақда турли манбалардан хабар олардим.

Шунга қарамай, Россия босқини мен учун зарба бўлди. Эҳтимол, мен сўнгги дақиқагача бундай ғайриинсоний буйруқни берган одамда инсоний фазилатлар қолади деб умид қилгандирман.

— Россиянинг Украинага бостириб киришининг олдини олиш мумкинмиди?

Леонид Кучма: Қачон? Агар феврал ойида, уруш арафасида бўлса, менимча, фақат Путиннинг ультиматум шартларига рози бўлиш орқали олдини олиш мумкин эди. Шунда босқин бўлмасди, балки давлатимиз аста-секин бўйсундирилиб, режа асосида оккупация қилинарди. Кейин эса рус босқинчиси кирган жойларнинг ҳаммаси Бучага айланарди.

Бундай қурбонлар эвазига босқиннинг олдини олиш мумкинми? Жавоб, менимча, аниқ. Черчилл айтган эди, уруш ўрнига ор-номусидан ажралишни маъқул кўрган киши олдин ор-номусидан ажралади, кейин эса урушга йўлиқади. Энг яхши таъриф шу бўлса керак.

Агар биз Россиянинг «ўрмаловчи тажовузкорлиги» бошланганидан бери йиллар давомида қаршилик кўрсатишга тайёрлансак, босқинни амалга ошириш имконсиз бўларди. Биз қуролли кучларимизни чинакам, тўлиқ, ҳар томонлама ривожлантиришимиз, модернизация қилишимиз керак эди.

Ҳа, Украина армияси ҳужумнинг дастлабки дақиқалариданоқ қаҳрамонлик кўрсатди. Аскарларимиз нафақат рус армиясининг элитасини, балки унинг енгилмаслиги ҳақидаги афсонани ҳам йўқ қилди, бу ҳатто афсона эмас, балки «рус халқ эртаги» эканини бутун дунёга кўрсатди.

Аммо қаҳрамонлик энг янги технологиялар, замонавий қуроллар билан қувватланса, янада ажойиб натижалар бериши мумкин. Минск келишувларидан кейинги 7 йил давомида Украина ҳукумати Россия билан муқаррар равишдаги кенг кўламли ҳарбий тўқнашувга тайёрланиши керак эди. Тайёргарлик жараёнида Украина ҳарбий-саноат мажмуасининг ноёб кадрлари ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиши лозим эди.

Тузла ороли, 2003 йил октябр. Леонид Кучма шу вақтгача «Путин Россияси» борасида ҳеч қандай иллюзияга берилмаганини айтади.
Фото: ВАЛЕРИЙ СОЛОВЬЕ

Бир пайтлар мен ракета-космик саноатимизнинг иккала байроқдори - «Южмаш» ишлаб чиқариш бирлашмаси ва «Южное» конструкторлик бюросига раҳбарлик қилиш шарафига муяссар бўлганман.

Ёрқин тарихга эга бу гигантлар Украина мудофаасини ишончли келажак билан таъминлаши мумкин эди. Аммо собиқ ҳамкасбларим билан суҳбатда давлатнинг ушбу интеллектуал ва технологик хазинага мутлақо бефарқлигини эшитганимда юрагим қонга тўлди.

Ҳокимиятнинг коинотга қизиқиши йўқлигини тушуниш мумкин - мамлакатдаги иқтисодий вазият оғир эди. Аммо мудофаагачи?! Муқаррар уруш хавфи остида бўлган Украина янги ва қудратли қуролларга муҳтож бўлган! Аммо давлат буюртмаси йўқ эди.

Ушбу корхоналарнинг янги ишланмалари юзлаб километрларни қоплай оладиган ракета мажмуаларидан иборат бўлган. Ҳозир бундай тизимларни ғарбдаги ҳамкорларимиздан «ёлвориб» оляпмиз.

Гап ўзимиз ишлаб чиқара оладиган нарсаларни сўраётганимизда эмас, балки, Россия ҳудудидаги стратегик объектларга зарба беришга қодир қуролларимиз борлиги Путин Россиясининг иштаҳасини пасайтириши мумкинлигида. Бунинг имкони бор эди. Мен ўзим АҚШ ва СССР ўртасида деярли ярим асрлик тинчликни таъминлаган қуролларни яратишда иштирок этганман ва «рақибни тийиб туриш» нима эканлигини биламан. Бу усул ҳақиқатан ҳам самарали.

Шунингдек, Кремлни тийиб туриш учун Ғарбда ҳам катта имкониятлар бор эди. Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Путинга таъсир қилувчи кучли дастакларга эга эди. Уларни босқин бошланишидан олдин фаоллаштириш, Украина ҳукумати аргументларини тинглаш, огоҳлантирувчи санкцияларни қўллаш лозим эди.

Менимча, Путин ўзини ҳеч ким жазолай олмаслигига ишонгани учун урушни бошлади. Ғарб Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида бирлашишига ишонмади. Россияга жуда салбий таъсир қилувчи санкциялар қўлланишига ишонмади.

Шубҳасиз, бу унинг учун ёқимсиз ва оғриқли сюрприз бўлди, энди у бундан қандай қилиб қутулишни билмаяпти. Агар Путин огоҳлантирувчи санкцияларга учраганида ва Ғарбнинг нияти жиддийлиги билганида, балки урушни бошламаган бўлармиди.

«Путин ҳисобда янглишди»

— Сизнингча, Россия нимани хоҳлайди ва Путин билан келишиб олиш мумкинми?

Леонид Кучма
: Агар ҳиссиётлар нуқтайи назаридан гапирадиган бўлсак, Путин вақтнинг худди эртакдагидек орқага қайтарилишини хоҳлаяпти. 24 феврал умуман бўлмаслигини истаяпти.

Чунки блицкриг барбод бўлди, айнан Путиннинг ҳисобда янглишиши оқибатида муваффақиятсизликка учради. Путиннинг «обрўсини сақлашга» уринаётганлар буни «кичик янглишиш» сифатида тақдим қилишмоқда, аммо бу жиноий режалардаги ҳалокатли хатолик эди. Энди кеч. Вақтни орқага қайтара олмайди, хатоликнинг олдини ололмайди.

Агар функционал тарафдан қарайдиган бўлсак, Путин ва унга яқин доиралар биринчи навбатда ўз ҳокимияти сақлаб қолинишини, Россия давлати уларнинг мулки бўлиб қолиши кафолатланишини хоҳламоқда. Бунинг учун тузум пойдевори дарз кетмаслиги керак. Оддий одамларга эса ўзини худди дунё эгаси ёки қаҳрамон ғолиб сифатида ҳис қилиши учун «гиёҳванд моддасининг порцияси» берилиши лозим.

Ҳокимият ғалаба сифатида одамларга нимани тақдим қилмоқчи? Исталган нарсани. Инфратузилмамиз ва саноат салоҳиятимизнинг йўқ қилинишини «демилитаризация» сифатида. «Азов» аъзолари судланишини «денацификация» сифатида. «ЛДХР» деб аталадиган жойнинг тўлиқ босиб олинишини, Қримга қуруқлик йўлаги очилишини, Днепр сувини.

Бир жумла билан айтганда, Путин Украина давлатининг йўқ қилинишини хоҳлади, аммо энди бизнинг қайта туғилишимизни кўради. Бугун биз айнан шу йўлдан боряпмиз – ўзлигини англаган ва курашга тайёр бўлган ягона украин миллатини шакллантиряпмиз.

НАТО ва Украинанинг алоҳида ҳамкорлиги тўғрисидаги хартия имзоланиши. 1997 йил 9 июл, Мадрид
Фото: ВАЛЕРИЙ СОЛОВЬЕВ

Путин билан суҳбатларга келадиган бўлсак. Яқинда ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба позициямизни аниқ ифодалади: биз Россия жанг майдонида мағлубиятга учраганидан кейингина музокаралар столига ўтирамиз. Яъни фақат ўз шартларимиз ва талабларимизни муҳокама қиламиз ва бу тўғри қарор. Уларни эса исталган одам билан муҳокама қилишимиз мумкин.

— Сизнингча, Украина расмийлари ҳозир ҳамма нарсани тўғри қиляптими?

Леонид Кучма
: Ҳеч ким ҳамма нарсани тўғри қила олмайди. Бироқ, вазиятнинг мисли кўрилмаган экстремаллиги ва мураккаблиги ҳисобга олинса, Украина ҳукумати кутилганидан кўра кўпроқ ва яхшироқ иш қилмоқда.

Ҳокимиятининг дастлабки кунларида уларга худди «ношудлар» сифатида қаралган эди, билишимча, Путин ҳам шундай муносабатда бўлган. Кремлнинг яна бир ҳалокатли хатоси. Аммо мен 2019 йил баҳорида Володимир Зеленскийнинг катта салоҳияти ва ниятларининг самимийлигига ишонганим ва уни қўллаб-қувватлаганимдан чин дилдан хурсандман.

Ўйлайманки, ғалабамизнинг калити – бу халқ, армия ва ҳокимиятнинг бирлиги, ўзига хос «Украина триадаси» бўлиб, уни ҳатто Россиянинг ядровий триадаси ҳам енгиб ўтолмайди. Тўғри, президентнинг айрим қарорлари жамиятнинг турли гуруҳлари ёки сиёсий кучлар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Аммо булар тактика даражасидаги тафсилотлар холос. Энг юқори, стратегик даражада эса Зеленский ҳамма нарсани тўғри қиляпти.

Доимий равишда дунёдаги турли сиёсий институтлар, маданий жамиятлар ва эксперт элиталарига мурожаат қиляпти ва улар томонидан ажойиб қабул қилинмоқда ва ҳақиқий ёрдам олмоқда. Бу ҳам тўғри иш.

Ҳарбий қўмондонлик ишига аралашмаяпти, профессионал ҳарбий раҳбарларга ишонч билдиряпти, натижада Украина армияси анча кучлироқ душманга қарши курашда мўъжизалар яратмоқда. Бу ҳам тўғри.

Ҳарбий вазифалар мутлақ устувор бўлса-да, коррупцияга қарши кураш дастурларини амалга оширишга ҳам эътибор қаратмоқда. Евроиттифоқ ҳам буни аъзоликка қабул йўлидаги тўғри жараён сифатида тасдиқламоқда. Бу ҳам тўғри.

Энг муҳими: урушнинг биринчи куниданоқ президент ва олий бош қўмондон ўз иш жойини тарк этмади, пойтахтдан кетиш ҳақидаги ҳар қандай таклифларни рад қилди. Бу эса босқиннинг оғир кунлари ва ҳафталарида сабр-тоқатли бўлишимиз учун жуда муҳим омил эди.

Бугунги кунда Зеленский дунёда жуда машҳур сиёсатчи. Бу эса унинг ҳаракатлари тўғри эканидан далолат беради. Акс ҳолда бу мақомда ушланиб қолмас эди.

НАТО ва Европа Иттифоқига аъзолик тўғрисида

— Украина расмийлари НАТОни Украинанинг альянсга аъзо бўлишини кечиктираётганликда очиқ айблади. Сизнингча, НАТОни шунчалик танқид қилиш керакми ва ҳозир Евро-Атлантика курсидан воз кечишга арзийдими?


Леонид Кучма: Умид қиламанки, сизнинг маълумотларингиз эскирган ва бугунги кунда бундай савол қўйилмаяпти. Шу ҳафтада, Украина ва НАТО ўртасида ўзига хос ҳамкорлик тўғрисидаги Хартия имзоланганига 25 йил тўлди, бу ҳақда мақола ҳам ёзганман.

Бу жараёнлар учун шахсан жавобгарликни ҳис қиламан, чунки Украинанинг Евро-Атлантика векторини очиш шарафига муяссар бўлганман: аввалига 1997 йилда НАТО-Украина хартиясини имзолаш орқали, кейин эса 2002 йилда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши йиғилишида Украинанинг НАТОга тўлиқ аъзо бўлиши стратегик мақсад сифатида белгиланган пайтда. Шу сабабли, украиналикларнинг альянсга қўшилиш ғоясига муносабати динамикасини диққат билан кузатиб бораман.

Демак, фақат урушнинг биринчи ҳафталарида Евро-Атлантика курсини қўллаб-қувватлаш даражаси бироз пасайди. Мен буни, биринчи навбатда, Россия билан музокаралар бошида хавфсизлик кафолатлари эвазига нейтрал мақом қабул қилиниши тахмини билан боғлайман.

Иккинчидан, НАТО томонидан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишининг қатъиян рад этилиши ҳам жамиятга оғриқли таъсир қилди.

Вақт ўтди ва иккала омил ҳам кун тартибидан олиб ташланди. Айтганча, Россия ультиматумининг асосий бандларидан бири бўлган нейтраллик ғояси, билишимча, энди кўриб чиқилмайди. Россиянинг ваҳшийликлари ва ҳарбий жиноятларидан кейин ҳеч ким Кремлга ишонмайди ва ҳеч қандай кафолат бермайди.

НАТО ёрдамига келсак, умид қиламанки, бу вақт ичида биз олган қуролларнинг деярли барчаси альянсга аъзо давлатлар томонидан берилгани украиналикларга аён бўлди. НАТО ташкилотининг институционал даражада можарога аралашишдан бош тортиши Москвага нисбатан қўрқоқлик эмас, балки ҳар бир аъзо давлат олдидаги жавобгарликдан далолат беради.

Шимолий Атлантика альянси барча аъзоларининг хавфсизлигини кафолатлайди ва шунинг учун Россия билан тўғридан тўғри тўқнашув хавфидан қочади. Бу парадокс, аммо бундай позиция бизни НАТОга тўлақонли аъзоликка интилишимизга янада кўпроқ ундаши керак.

Шахсан мен Украина учун НАТОга аъзо бўлишдан бошқа йўлни кўрмаяпман. Аммо, менимча, энди НАТО ҳам стратегик жиҳатдан қитъадаги энг жанговар армияга эга, Европанинг энг йирик давлати – Украинанинг қўшилишидан манфаатдор. Россия НАТО учун энг жиддий таҳдид сифатида расман тан олинганини ҳисобга олсак, бу янада долзарбдир.

— Украина яқинда Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини олди. Сизнингча, яқин келажакда Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятлари қанчалик ҳаётий?

Леонид Кучма: Бу кўп жиҳатдан урушнинг қандай тугашига боғлиқ. Агар Украина «абадий можаро ҳудуди»га, Ғарб ва Россия ўртасидаги «кулранг ҳудуд»га айланиб қолса, имконият кўп бўлмайди. Ғалаба қозонган Украина, эҳтимол, Европа Иттифоқига тез ва муваффақиятли аъзо бўлади.

Аммо Европа Иттифоқининг ўзи қандай бўлади? Бугун Европа ҳамжамиятида илгари тасаввур қилиб бўлмайдиган тектоник жараёнлар юз бермоқда.

Мен анчадан буён таъкидлайман, агар аъзо мамлакатлардан бири бошқаларнинг якдил қарорини тўхтата олса, ЕИ ҳеч қачон самарали бўлмайди. Айниқса, унда Путинга, юмшоқ қилиб айтганда «мойилроқ» муносабатда бўлган аъзолар борлигини ҳисобга олсак. Энди эса Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати билан боғлиқ қарорларни қабул қилишдаги якдиллик тамойилини қайта кўриб чиқиш вақти келди, деган баёнотлар янграмоқда. Бу ҳал қилувчи овозга эга бўлган Европа давлатларидан бирининг раҳбари, Германия канцлери Олаф Шольцнинг оғзидан чиққани муҳим. Менимча, бу мутлақо тўғри.

Европа ҳамжамияти тарихининг аввалида атиги олтита аъзо давлат бор эди. Ҳозир эса уларнинг сони 27 та. Бундай «симфоник оркестр» шароитида якдиллик тамойили қанчалик ўринли?

Агар ЕИ айнан шу йўналишда ўзгариб, янада мослашувчанлик ва самарадорликка эришса, ишончим комил, Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнимиз осонлашади ва унга аъзо бўлиш Украинага анча стратегик фойда келтиради.

БМТ ҳақида нима дейиш мумкин?

— Агар халқаро ҳамжамият ҳақида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда Россия билан урушаётган Украина учун етарлича иш қиляптими?


Леонид Кучма: Бу жуда кўп қиррали масала. Айнан қайси ҳамжамият? Агар БМТ назарда тутилган бўлса, у деярли ҳеч нарса қилмаяпти. БМТ билан содир бўлаётган воқеалар Иккинчи жаҳон уруши арафасида ва бошида Миллатлар Лигаси тақдирини эслатади – худди ўша ночорлик, қатъиятсизлик, агрессор давлат билан муносабатлар.

Ўйлайманки, бизнинг ғалабамиздан сўнг, демократия фашистик авторитаризм устидан ғалаба қозонганидан кейин кўплаб халқаро ташкилотлар форматни тубдан ўзгартиришни талаб қилади, чунки ҳозиргиси ишламаяпти. БМТ энг фаол ва қатъий ҳаракат қилиши керак бўлган пайтда тўлиқ самарасизлигини кўрсатди.

Агар саволингизни шартли Ғарб ҳамжамияти миқёсида торайтирсак, бу ерда ҳам ноаниқликлар бор. Масалан, Европа Иттифоқи ёки НАТОга аъзо бўлмаган айрим мамлакатларнинг позицияси мени афсусга солди.

Уларнинг номини айтишни истамайман, лекин ўз тарихида даҳшатли геноцид синовларига дуч келган давлатнинг қирилиб кетиш хавфи остида турган Украина халқи билан бирдам бўлишини кутиш мумкин эди. Аммо, йўқ – бошини қумга тиқиб, туяқуш позасида туришибди.

«Южмаш» заводида. 2004 йил 23 июл, Днепр
Ўз навбатида, яқинда ўзининг Т-72 танкларини Украинага беришга қарор қилган кичик Шимолий Македония номини тилга олган бўлардим. Мен учун бу чинакам ҳаяжонли воқеа. 2001 йилда македониялик дўстим ва ҳамкасбим, президент Борис Трайковскийнинг илтимосига биноан зирҳли техника ва авиацияни ушбу Болқон давлатига берган эдим. Бу эса Македония ҳукуматига албан айирмачиларининг қуролли исёнига жавоб қайтариш ва мамлакат бирдамлигини сақлаш имконини берганди.

Шимолий Македониянинг ҳозирги қадамини нафақат бирдамлик, балки йигирма йил аввал қилинган яхшилик учун Украина халқига миннатдорлик ифодаси сифатида қабул қиламан. Тан олинг, бундай қадам катта сиёсатда камдан кам учрайди.

Леонид Кравчук, Леонид Кучма, Виктор Юшченко ва Петро Порошенко 2019 йил янги сайланган парламентнинг очилиш сессиясида
Аммо бошқа тарафдан олганда, фақат Украина халқи ва унинг армияси ғалаба учун «етарлича» иш қила олади, қолганлар фақат ёрдамчи бўлиши мумкин.

«Путиннинг ўлимини кутманг»

— Бу урушнинг охирини кўряпсизми? Сизнингча, у қандай тугаши мумкин?


Леонид Кучма: Биринчидан, Путин тез орада ўлишини кутманг. Шунингдек, бу санкциялар Россияни иқтисодий жиҳатдан ўлдириши, халқ эса тўсатдан урушга қарши норозилик намойишига чиқишини ҳам кутманг. Бундай бўлмайди. Украина курашиши ва ҳамма нарсани жанг майдонида ҳал қилиши керак.

Албатта, ҳаммамиз урушнинг иложи борича тезроқ тугашини хоҳлаймиз, чунки ҳар лаҳзада фронтда яна бир аскаримиз, Россия бомбалари остида яна бир болакай ҳалок бўлиши мумкин. Аммо уруш тез орада тугайди, деб ўйламайман. Путин шоша-пиша қамоқхоналардан армия тўпламоқда ва шарқий автократиялардан қурол-яроғ олмоқда. У ҳали ҳам қандайдир «ғалаба»дан умидини узмаган.

Уруш қандай тугаши мумкин? Замонавий, цивилизациялашган дунё можароларида, одатда, ҳар бир томон ўзи учун мақбул натижани, у ёки бу даражада ғалаба қозониш йўлини излайди ва мағлублар бўлмайди.

Аммо бу бизга тааллуқли эмас. Путин юртимизга жуда кўп қайғу, вайронагарчилик ва даҳшатни келтирди. Юзлаб украиналик болалар ҳалок бўлди – бундан кейин у билан қандай қилиб муросага келиш мумкин? Қарама-қаршилик шу даражада жиддийлашдики, энди бу урушда фақат битта ғолиб бўлиши мумкин – ва биз ғолиб бўлишимизга ишонаман. Ҳозирда томонлар учун мақбул натижалар шу қадар фарқ қиладики, фикрлар бир жойдан чиқиши учун имконият йўқ.

Украинага ўз ерларини тарк этиш, ўз халқини оккупация остида қолдириш мақбул эмас. Россия расмийлари эса ўз халқи ва Ғарб олдида худди омадсиздек, мағлуб бўлгандек кўринишни истамайди. Чунки босиб олинган ҳудудларни тарк этиш худди шуни англатади.

Бундан ташқари, томонларнинг ҳар бири ўзининг кучайишига умид қилмоқда. Вақт ўтган сайин бизда Ғарб қуроллари шунчалик кўп бўлади, Россияда эса турли ҳарбий сафарбарлик ва иқтисодиётни ҳарбий рельсларга ўтказиш чоралари кўрилади.

Урушнинг бориши ва давомийлигига қаттиқ таъсир кўрсатадиган турли омиллар бор – масалан, жанубий фронтда қарши ҳужумга ўтилиши ёки Херсоннинг озод қилиниши. Ва аксинча, совуқ тушиши билан Россия газисиз қолган Ғарбдаги сисёсий инқирозлар – буларнинг барчаси ўт очишни тўхтатиш муддатига таъсир қилиши мумкин, аммо бизнинг фойдамизга эмас.

Унутмаслик керак, Европа бирлигини, Евро-Атлантика ҳамжамиятининг яхлитлигини бузиш Кремлнинг асосий мақсадларидан бири. Путиннинг арсеналида эса буни амалга оширишда қўлланадиган қуроллар кўп – ёлғон ташвиқот ва манипуляция, қўрқитиш ва шантаж.

Анча вақтдан бери рус пуллари билан суғорилаётган ва коррупциялашган Ғарбнинг баъзи элитаси ҳам Москвага ёрдам бермоқда (Шрёдер ва Фийон – айсбергнинг учи, холос). Шунингдек, «оддий европаликлар»нинг маиший қулайликлар ва фаровонликлардан маҳрум бўлишга тайёр эмаслиги ҳам. Бир нарсани тушуниб олишимиз керак – Ғарб биз учун нафақат бебаҳо ёрдам, балки эҳтимолий муаммолар манбайи ҳамдир.

Владимир Путин 2000 йил илк бор Россия президентлигига келганида Украинада Кучма президент эди. 2003 йилдаёқ Тузлада можаро келиб чиққан, мамлакатлар ўшанда ҳам ҳарбий можаро ёқасига келганди. Фото: УКРИНФОРМ
Ядро зарбаси эҳтимоли

— Россия расмийларининг ядровий зарба ҳақидаги таҳдидлари қанчалик жиддий?

Леонид Кучма: Ядро қуроли билан таҳдидлар доимо жиддий. Умрининг ярмини ракета ишлаб чиқишга бағишлаган одам сифатида менга ишонишингиз мумкин. Ядро қуролига тааллуқли ҳамма нарса доимо жиддийдир. Менимча, сиз бу таҳдидларнинг жиддийлигини эмас, балки нақадар ҳаққоний эканини назарда тутдингиз.

Мен Россиянинг стратегик салоҳиятидан фойдаланишини истисно қиламан. Мен бунга умуман ишонмайман. Давлат фақат ўзининг мавжудлигига реал таҳдид бўлса ёки ядро зарбасига учраган тақдирда, бунга жавобан стратегик ядро қуролини ишга солиши мумкин.

Россия бундай қуролларни фақат Қўшма Штатларга қарши қўллаши мумкин, қитъалараро ракеталарни жойлаштириш ва нишонини белгилаш хусусиятлари шундай. Аммо Путин АҚШ унга таҳдид қилмаслигини ва биринчи бўлиб зарба бермаслигини жуда яхши билади. Стратегик ядро қуролидан фойдаланиш автоматик тарзда жавоб зарбасини олишни ва кафолатланган ўлимни англатади. Ҳатто геосиёсатда «бир-бирини кафолатланган тарзда йўқ қилиш» атамаси ҳам бор. Путин ўз жонига қасд қилмоқчи эмас.

Тактик ядро қуролига келсак, афсуски, бунда вазият анча мураккаб. Мен бу хавфни истисно қилмайман. Гап шундаки, ядро қуролидан холи Украина Россияга муносиб тарзда жавоб зарбасини бера олмайди. Жазосиз қолиш туйғуси эса ўн йилдан ортиқ вақт давомида Путин ҳаракатларининг асосий двигатели бўлиб келмоқда.

Агар фронтдаги вазият таҳдид соладиган бўлса, йўқ, Россиянинг мавжудлиги ёки хавфсизлигига эмас, балки фақат Путиннинг сиёсий позициялари ва режимининг барқарорлигига таҳдид соладиган бўлса, Кремл тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкин.

Бунинг олдини олиш мумкинми? Умид қиламанки, ҳа. Биз бу ерда Путинни тўхтата олмаймиз. Лекин ғарблик иттифоқчиларимиз тўхтата олади.

Огоҳлантирувчи санкциялар Россияни босқинчиликдан қайтарувчи омил бўлиши мумкинлигини айтгандим. Ишончим комилки, агар, масалан Қўшма Штатлар Путинни Украинага нисбатан ядровий қуролни қўллаш оқибатларидан огоҳлантирса, уни тўхтатиш мумкин.

Ва мен махсус алоқа каналлари орқали бундай огоҳлантириш аллақачон берилганини истисно қилмайман. Чунки вазият жуда қалтис. Агар у издан чиқиб кетса, занжир реакциясини тўхтатиб бўлмайди. Россия босқинидан кейин дунё аввалгидек бўлмаслигини ҳамма айтмоқда. Агар ядро қуролидан фойдаланилса, дунё бутунлай йўқолиши мумкин.

— Дунё учинчи жаҳон уруши ёқасида турибдими? Масалан, Россия Литва ёки Полшага ҳужум қилиши мумкинми? Бу имконият қанчалик реал?

Леонид Кучма: Ҳитлер Полшага ҳужум қилганида, ҳали ҳеч ким жаҳон уруши бошланиб қолганини билмас эди. Украина тажовузга қандай жавоб қайтаришидан келиб чиқадиган бўлсак, учинчи жаҳон урушининг олдини олиш мумкин ёки у аллақачон давом этмоқда. Агар бардош берсак, Путин ҳаракатини тўхтатади. Агар бардош бера олмасак, қўрқаманки, бунинг «давоми бўлади». Лекин биз бардош берамиз.

Бироқ, Россия агрессияси географияси кенгайган тақдирда ҳам, менимча, хавф Литва ёки Полшага эмас, балки НАТОдан ташқаридаги постсовет республикаларига таҳдид солади. Молдова ва Шимолий Қозоғистонга нисбатан ишоралар қилинди, Грузия ҳам тилга олинди. Чунки Россия фақат ўзидан анча заиф бўлганларга ҳужум қилади.

Россия ўз ҳарбий кучларининг энг жанговар қисмларини йўқотди. Бундай шароитда НАТОга ҳамла қилолмайди. Оддий урушда НАТО рус армиясини кукунга айлантиради, ядро урушида эса Россия йўқ қилиб юборилади. Путин фақат иккита йўлга – мағлубият ёки ўлимга олиб борувчи урушни бошлай оладими? Ақли расо одам фақат битта жавобни берган бўларди. Лекин, фақат ақли расо одам. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кучма Россия босқини, Путиннинг режалари ва ядро уруши эҳтимоли ҳақида ВВСга интервью берди