Тошкент ва Наманганда гиёҳванд моддалар схемаси фош этилди

Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ йирик жиноий схемалар фош қилинди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тезкор хизматлар ўтказган ҳамкорлик тадбирлари орқали бир нечта уюшган гуруҳлар фаолияти бартараф этилди ва уларнинг аъзолари қўлга олинди.
Маълумотларга қараганда, 9 ноябрь куни пойтахтда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иштирокида махсус назорат остида етказиб бериш амалиёти амалга оширилган. Ушбу чорада 1978 йилда туғилган шахс ҳамда унинг 1973 йилда туғилган шериги Янгиҳаёт туманида олдиндан белгилаб қўйилган яширин жойдан гиёҳванд моддаларни олаётганда қўлга тушди. Текширув натижасиа улар 19 кг 80 грамм миқдордаги гиёҳванд воситасини жиноий ҳамкорлари ташлаб кетган геолокацияга қараб олгани аниқланди.

Бундан ташқари, 13 ноябрь куни Наманган вилоятида ўтказилган тезкор амалиётда йиллар давомида шаклланган ва ўзаро боғланган бир нечта жиноий гуруҳлар фаолияти фош этилди. Курер вазифасини бажарган 30 ёшли шахс ва унинг 32 ёшли шериги Учқўрғон туманининг дала ҳудудига яширилган 10 килограмм гашишни олаётганда ушланди.

Тергов давомида ушбу моддаларни уларга икки раҳбар шахс кўрсатма бергани, улар ташлаб кетган манзилдан олгани маълум бўлди. Тадбирлар жараёнида раҳбарлардан бири — 2001 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси — қўлга олингани, иккинчиси эса Қирғизистон ҳудудида қўлга тушгани маълум қилинди. Айни пайтда уюшманинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш ишлари давом этмоқда.
Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми асосида жиноят иши қўзғатилди ва гумондорлар қамоққа олиш эҳтиёт чораси билан терговга жалб қилинди.
Тегишли идоралар ушбу кўламдаги гиёҳванд моддаларни изсиз тарқатишга йўл қўймаслик учун тезкор ишлар янада кучайтирилганини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!