
Султон Салоҳиддин Ислом арконларидан бири бўлган ҳаж ибодатини ўташга қарор қилди. Шу мақсадда ҳузурига уламоларни бирин-кетин машваратга чорлади. Ана шундай олимлар орасида Ҳалаб қозиси, султон юришларининг доимий қатнашчиси Баҳоуддин Абул Маҳосин (Ибн Шаддод) ҳам бор эди. Қози шундай ҳикоя қилади: “Сафар ойининг 13-куни у мени ҳузурига чорлаб қолди. Етиб келганимда қабулхонада ким борлигини сўради.
Мен: “Ўз эҳтиромини изҳор қилиш учун ўғлингиз малик Афзал, шунингдек, шу мақсадда келган кўпгина амирлар ва бошқа одамлар киришга изн бери- шингизни кутиб туришибди”, дедим. У Жамолиддин Иқболдан уларга чиқиб, бугун қабул қила олмаслигини етказишни илтимос қилди.
Эртасига тонгдаёқ у яна менга чопар жўнатди. Кириб, унинг каравотда ёш болалар қуршовида ўтирганини кўрдим. У ташқарида бирор киши кутиб турган-турмаганини сўради. Франкларнинг элчилари келганини, султоннинг амир ва амалдорлари билан бирга уларни қабул қилишини кутишаётганини айтишди. Элчиларни бошлаб киришга рухсат берди. Султоннинг ёнида у яхши кўрган ва ҳамиша ўйнатиб юрадиган ёш ўғилларидан бири Абу Бакр қолган экан. Бола соқоллари қиртиш- ланган, сочи калта олинган ва ғаройиб кийимларни кийиб олган одамларни кўриб, қўрқиб кетди ва йиғини бошлаб юборди.
Султон элчилардан узр сўради, келтирган хабарларини охиригача ҳам эшитмай, уларга жавоб бериб юборди. Кейин менга қараб мулойим овозда: “Бугунги кун ҳам ташвишли ўтди”, деди. Ортидан “таом тайёр бўлса, келтиринглар”, деб қўшиб қўйди. Унга сутда қайнатилган гуруч ва бошқа енгил таомлар келтиришди. Назаримда, у олдидаги овқатларни иштаҳасиз, ўзини мажбурлаб ерди.
Кейинги пайтларда Салоҳиддин юриши қийинлашгани сабабидан одамларни қабул қилмай қўйганди. Ҳақиқатан у ошқозонининг яхши ҳазм қилмаётгани, лоҳаслик ва нимжонликдан азият чекарди ва бу нарсалар унинг ич терлама хасталигига чалинганини билдирарди.
Овқатланишдан фориғ бўлганимиздан сўнг, у ҳаж ҳақида нималар билишимни сўраб қолди. Мен: “Йўлда айрим мусофирларни кўриб қолдим, агар йўл ҳаддан ортиқ лой бўлмаганида улар бугун етиб келган бўлишарди, балки, эртага келишса керак”, деб жавоб бердим. Султон шундай деди: “Агар Аллоҳ насиб қилса, эртага уларни кутиб олишга чиқамиз”. Шундан кейин у ҳажга отланганлар юриб келадиган йўлларни лой ва сувдан тозалашни буюрди. Ўша йили ҳаддан ташқари кўп ёғингарчилик бўлиб, йўлларни сув босиб ётарди.
Султоннинг бошқа кунларга қараганда кайфияти яхши эмаслигини билганимдан ташқарига чиқиб кетдим. Жума тонгида у отга миниб қалъани тарк этди. Кўп ўтмай уловга миниб мен ҳам унинг ортидан йўлга чиқдим. У ҳажга кетаётган зиёратчилар билан учрашиб турганида султонга етиб олдим. Ҳажга кетаётганлар орасида Собиқиддин ва ал Яруқлар ҳам бўлиб, бу шайхлар чуқур эҳтиромга сазовор олимлардан эди. Шу пайт султоннинг ўғли Афзал отасига ҳамроҳлик қилиш учун келиб қолди ва мени бир четга бошлаб гаплашиб олмоқчи бўлди. Шунда султоннинг эгнида от минганида ҳамиша кийиб юрадиган қазағонд (совут остидан кийиладиган, пахта қўшиб қавиладиган жанг кийими) йўқлигини сезиб қолдим.
Ўша кунги манзара жуда ажойиб эди: шаҳар аҳолиси гуруҳ-гуруҳ бўлиб султонни қаршилагани ва уни кўриш учун оқиб кела бошлади. Мен ўзимни ортиқ тута олмай, унинг олдига шошқинч етиб бордим ва қазағонд кийишни унутганини эслатдим. У ўзини уйқудан сесканиб уйғонган одам каби тутарди. Кийимини келтиришларини буюрди. Аммо кийимларга масъул хизматчини топиб бўлмади. Иш мен кутгандан ҳам жиддий туюларди. Ўзимча шундай ўйлардим: “Султон олдинлари ҳеч қачон ажралмаган кийимини сўраяпти, аммо уни беришмаяпти. Мен хаёл суриб қолдим, бу нохуш шумланишга ўхшарди.
Шунда султонга қараб: “Шаҳарга қайтиш учун одамлар камроқ бошқа йўл борми?” деб сўрадим. У “бор дедию боғлар оралаб, Дамашқ четидаги Муни томонга олиб борадиган йўлга бурилди. Биз ҳам унинг ортидан йўлга тушдик. Кўнглимда ғашлик ва хавотир ҳукмрон эди, унинг сиҳати ёмонлашаётганидан қаттиқ қўрқаётган эдим. Қалъага етиб келганимизда, Салоҳиддин одатига кўра унга кўприк орқали кириб борди. Бу унинг кўприкдан охирги марта ўтиши эди.
(давоми бор)
Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар