
Фото: Reuters
Россия президенти томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик – Иккинчи жаҳон уруши давридан буён биринчиси. Путин ўз чиқишида Москва бутун ҳарбий аслаҳалари, жумладан, ядро қуроли билан ҳимояланиши ҳақида огоҳлантирди.
Ғарб бунга зудлик билан муносабат билдирди: Путиннинг қарори баҳоланган изоҳларда «ваҳима» ва «ожизлик» сўзлари кўп ишлатилди.
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Путиннинг аҳолини сафарбарликка чақирмаслик тўғрисидаги ўз ваъдасини бузиши унинг босқини муваффақиятсизликка учраётганидан дарак беради, деб ҳисоблайди.
«Путин ва унинг мудофаа вазири ёмон қуролланган ва ёмон тайёрланган ўн минглаб фуқароларини ўлимга йўллади. Ҳеч қандай таҳдид ва тарғибот Украина бу урушда ғалаба қозонаётгани, халқаро ҳамжамият бирлашгани ва Россия глобал қувғиндига айланаётганини яшира олмайди», - деди Уоллес.
Нидерландия бош вазири Марк Рютте сафарбарлик буйруғи Кремлдаги ваҳиманинг аломати эканлигини, буни Ғарб билан тўлақонли уруш таҳдиди деб қабул қилмаслик кераклигини айтди.
«Сафарбарлик, Донбассда референдумлар ўтказишга чақириш – буларнинг барчаси ваҳима аломати. Унинг ядро қуроли тўғрисидаги иддаоси – буни аввал ҳам кўп марта эшитганмиз. Буларнинг бари бизга маълум иддаонинг бир қисми. Хотиржамликни сақлашни маслаҳат берган бўлардим», - деди у.
Украина президенти маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг фикрича, Россия президентининг ҳаракатлари – ўз муваффақиятсизликларини оқлашга уриниш.
«Уруш Россия сценарийси бўйича кетмаяпти, бу Путиндан сафарбарлик тўғрисидаги охирги қарорни ва одамлар ҳуқуқларини кескин чеклашни талаб қилди», - деди Подоляк.
АҚШнинг Украинадаги элчиси Брижет Бринк ҳам «сохта референдумлар ва сафарбарлик – ожизлик аломати» эканлигини таъкидлади.
«Бу Россиянинг мағлубияти. Қўшма Штатлар Россиянинг Украинадаги босиб олинган ҳудудларга нисбатан даъволарини ҳеч қачон тан олмайди», - деб ёзди у твиттерда.
Европа иттифоқи ижрочи директори Питер Стано Путин тушкунликка тушган ва инқирозни кучайтиришга уринмоқда деб ҳисоблайди.
«Бу Путинга дунёнинг қизиғи йўқлиги, уни фақат дунёда ёмон оқибатларга олиб келган бузғунчи урушни давом эттириш қизиқтиришининг яна бир исботи», - деди Стано.
Шу билан бирга, қатор сиёсатчилар буни низонинг кучайиши деб атамоқда ва томонларни шошилинч музокаралар ўтказишга чақирмоқда, айрим мамлакатлар эса мудофаа чораларини кўришга тайёрлигини билдирмоқда.
Литва «Россия томонидан бўладиган ҳар қандай иғвогарликларнинг олдини олиш учун» тезкор жавоб қайтариш кучларининг тайёргарлик даражаси кучайтирилишини эълон қилди.
«Литва Россияда, жумладан, қўшни Калининград областида ҳарбий сафарбарлик ўтказилишига хотиржамлик билан қараб тура олмайди», - деб ёзди Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаушкас фейсбукдаги саҳифасида.
Финландия мудофаа вазири ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқди. «Мудофаа кучларимиз яхши тайёргарлик кўрган ва вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз», - деди мудофаа вазири Антти Кайкконен.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэнбин Россия ҳукуматининг сўнгги қарорини шундай изоҳлади: «Украина инқирози масаласида Хитойнинг позицияси ҳар доим аниқ бўлган. Биз томонларни ўт очишни бас қилиш ҳамда мулоқот ва музокаралар орқали урушни тўхтатишга чақирамиз».
Чехия бош вазири Петр Фиала Путин эълон қилган қисман сафарбарликни Украинадаги урушни янада кучайтиришга уриниш деб баҳолади. «Бу Россия ушбу вазиятда ягона агрессор эканлигининг яна бир исботи», - деди Фиала.
Германия вице-канцлери Роберт Ҳабек сафарбарлик тўғрисидаги фармонни «Россиянинг яна бир нотўғри қадами» деб атади.
«Бу нотўғри қадамга қандай жавоб қайтаришни албатта муҳокама қиламиз», - деди Ҳабек.
Германия канцлери Олаф Шолцнинг офиси баёнотида айтилишича, Германия етакчиси Россия қўшинларининг қисман сафарбарлиги тўғрисидаги қарорда Кремлнинг режалари пучга чиққанини кўрмоқда.
Полша бош вазири Матеуш Моравецкий унинг мамлакати Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.
«Биз НАТО Украина ўзини ҳимоя қила олиши учун уни қўллаб-қувватлаши борасида иттифоқчиларимиз билан биргаликда бор имкониятимизни ишга соламиз. Қисман сафарбарлик тўғрисидаги хабарлар тасдиқланди. Россия Украинани йўқ қилиш ва унинг бир қисмини эгаллашга уринмоқда. Биз бунга йўл қўя олмаймиз», - деди у.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар