Бошига чопқи кириб кетган эркак шифохонада навбат кутиб турди

Мумбай шаҳрида шифокорлар бошига мачете — катта чопқи пичоқ кириб кетган эркакнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда India Today хабар тарқатди.
Маълум бўлишича, ҳужум вақтида мачете жабрланувчи Роҳит Паварнинг бош суягини тешиб ўтиб, тахминан тўрт сантиметргача мия қисмига кириб борган.
Шунга қарамасдан, эркак ҳодисадан кейин мустақил равишда шифохонага етиб келган. Қизиғи шундаки, у тиббий ёрдам кутаётган пайтда оддий навбатда турган ва хотиржам ҳолда телефондан фойдаланиб ўтирган.
Ҳодиса 1 майга ўтар кечаси Манхурд туманида шахсий жанжал ортидан содир бўлган. Сион шифохонаси жарроҳлари ўтказган операция орқали мачете муваффақиятли олиб ташланган. Айни вақтда беморнинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.
Орадан бир кун ўтгач, полиция уч нафар гумонланувчини қўлга олган. Маълум қилинишича, уларнинг барчаси вояга етмаганлар бўлиб, махсус тарбия муассасасига жўнатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.
Касалхонада тасвирга олинган ва Роҳит Павар бошида мачете билан телефонда гаплашаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда қисқа вақт ичида кенг тарқалди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!