Қизил майдондаги Ғалаба паради рекорд даражада қисқарди

Бугун, 9 май куни Қизил майдонда ўтказилган Ғалаба куни паради замонавий тарихдаги энг қисқа маросимлардан бирига айланди. Бу ҳақда Deutsche Welle маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилги парад тахминан 45 дақиқа давом этган. Бу кўрсаткич сўнгги йилларга нисбатан анча қисқа бўлиб, 2024 йилда 50 дақиқадан ортиқ, 2022 йилда эса бир соат давом этган тадбир билан солиштирилганда сезиларли фарқ қилади.
Мутахассислар қайд этишича, 2010–2019 йиллар оралиғидаги парадлар одатда камида бир соат давом этган, айрим йилларда эса 1,5 соатгача чўзилган.
Бу йилги параднинг энг муҳим жиҳатларидан бири — Қизил майдонда ҳарбий техника намойиш этилмаганидир. Танклар ва ракета тизимлари ўрнига фақат саф тортган ҳарбий колонналар ўтган.
Шунингдек, жонли эфир вақтида анъанавий техника кўрсатиш ўрнига махсус видеороликлар намойиш этилган. Унда дронлар, ядровий қуроллар ва замонавий ҳарбий технологиялар тасвирланган.
Парад трибуналарида ҳам ўзгаришлар бўлиб, илгари кенгроқ таркибда иштирок этадиган айрим давлат ва ҳукумат вакиллари бу сафар қатнашмаган. Асосий эътибор эса хавфсизлик кенгаши аъзолари ва юқори мартабали расмийларга қаратилган.
