14:23 / 29.09.2022
1 541

«Рус дезертирларига салом». Грузияда россияликларнинг янги тўлқини қандай қаршиланмоқда?

«Рус дезертирларига салом». Грузияда россияликларнинг янги тўлқини қандай қаршиланмоқда?
Грузия билан чегарадаги руслар / Zurab Tsertsvadze / AP / Scanpix / LETA
Грузия - бугунги кунда россияликлар тез ва нисбатан арзон боришлари мумкин бўлган камсонли мамлакатларидан биридир. Бу улар визасиз бир йил давомида қолишлари мумкин бўлган дунёдаги ягона мамлакатдир - Украинада уруш бошланганидан буён бу ерга юз минглаб россияликлар келган. Владимир Путин сафарбарлик эълон қилиши эса чегарада кўп километрларга чўзилган тирбандликларни юзага келтирди - шу билан бирга россияликлар учун имтиёзларни бекор қилиш бўйича чақириқларни ҳам.

«Барча путинчи-дезертирлар билиши керакки, Грузияда улар учун эларжи (грузинча таом) тортилмайди», - ижтимоий тармоқларда Тбилиси аэропортида «Россиялик дезертирларга салом» сўзлари ёзилган плакат билан тушган сурати машҳур бўлган Бадри Григалашвили ўз акциясини шундай изоҳлайди.

Грузинларнинг анъанавий эларжи таоми - пишлоқ қўшилган жўхори бўтқаси бўлиб - 2021 йилда Тбилисидаги ресторанда россиялик телебошловчи Владимир Познерга шундай таом тортилганди, ўшанда унинг ташрифи мухолифатчи фаолларнинг намойишларига сабаб бўлганди.

Бугунги кунда «эларжи тортиш» иборасини Грузия ҳукумати танқидчиларидан тез-тез эшитиш мумкин, улар ҳукуматни Россияга мойиллик билдиришда ва уни қўллаб-қувватлашда айблашади.

25 ёшли Григалашвили «Гирчи - кўпроқ эркинлик» мухолифатчи партияси аъзоси бўлиб, унинг акцияси икки хил стандартлар бўйича яшовчи россияликларга қаратилган кинояли хабардир.

BADRI GRIGALASHVILI
«Менинг норозилигим шундаки, бу одамлар бир томондан ўз мамлакатида Путин режимини қўллайди ва Украинадаги урушни оқлайди, бошқа томондан бу уларнинг ўзига таҳдид сола бошлаганида урушга боришдан қўрқиб кетишади, чунки улар украиналик болалар қандай ўлаётганини фақат телевизор орқали кўришни афзал кўришади», деган у.

Бугунги кунда Россиядаги сафарбарликдан қочаётганларнинг барчаси ҳам Украинадаги урушни қўллаб-қувватламайди, аммо ушбу фаолнинг позицияси грузин жамиятидаги кўпчиликнинг хавотирларини акс эттирган: улар сўнгги йилларда Путин бошқарувида ўзини жуда қулай ҳис қилганлар ўз мамлакатига кўчиб келишига рози эмас.

Григалашвилининг сўзларига кўра, келаётганларнинг кўпчилиги бир қисми Россия томонидан босиб олинган мамлакатга келганини ҳис қилмаяпти.

«Ўйлайманки, грузинлар бундай россияликларга - Путин тарафдорларига биз бу ерда уларни гуллар билан кутиб олмаслигимизни англатиб қўйиши керак. Улар ҳар қадамида биз томонимиздан ноқулайликни ҳис қилиши керак», деган у ҳамда ўзи ва партияси - чегарани россияликлар учун тўлиқ ёпиб қўйиш тарафдори эмаслигини қўшимча қилган.

Грузия уруш бошидан буён россияликларни қабул қилиб келади, аммо аксар грузинлар сўзсиз Украинани қўллайди.
Россия феврал ойида Украинага бостириб кирганидан кейин Грузия қатағонлар ва Ғарб санкцияларидан қочувчи россияликлар учун энг машҳур йўналишлардан бирига айланди.

Грузия ИИВ томонидан IDFI ташкилотига тақдим этилган маълумотларга кўра, марте-июн ойларида Грузияга келган россияликларнинг 18 фоизи мамлакатда қолишда давом этмоқда - бу қарийб 50 минг киши дегани. 2019 йилда бу кўрсаткич атиги 5 фоизни ташкил этганди.

Россияда 21 сентябр куни эълон қилинган сафарбарлик эмиграциянинг янги тўлқинига олиб келди - аммо уруш бошидагидан фарқли ўлароқ россияликлар учун танлов қисқарган: ЕИнинг кўплаб давлатлари виза беришни чеклаган, Латвия, Литва, Эстония ва Польша эса умуман россияликлар туристик визалар билан ўз ҳудудига киришига рухсат бермайди. Шу кунларда Финландияда ҳам шундай қарорга келишди.

Грузия чекловлар киритмаган ва ИИВ маълумотига кўра, сафарбарлик ортидан Россиядан Грузияга кириб келувчилар сони қарийб икки баробар ортди.

«Агар ғилдиракда бўлсангиз, ўтиш мумкин»

22 сентябр куни, ижтимоий тармоқлар ва ОАВда Россиядан келаётганлар кўп километрлик навбатлар ҳосил қилгани ҳақидаги хабарлардан кейин Грузия молий вазирлиги (божхона шу вазирликка ҳисоб беради) сўнгги ўн кунликда кескин ўсиш кузатилмагани ва чегарадан кирувчилар ва чиқувчилар сони ўртасида катта фарқ йўқлигини маълум қилганди.

Вазирлик ОАВни ёлғон ва текширилмаган маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақирганди.

Шу каби баёнот Москва томонидан ҳам янгради. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ўшанда Россияда сафарбарлик эълон қилингач, аэропорт ва чегараларда ажиотаж кузатилаётгани ҳақидаги хабарларни «ҳаддан ташқари бўрттириш» деб баҳолаганди.

Аммо ўша кунларда чегарадан қуруқлик орқали ўтганларнинг ҳикояларида бунинг бутунлай акси эди. Таътилни Грузияда ўтказган ва Россияда сафарбар эълон қилингач яна ушбу мамлакатга қайтган россиялик жуфтликнинг сўзларига кўра, улар чегарадан ўтиш учун тахминан 12 соат сарфлашган. Ҳолбуки аввалроқ таътил учун келганларида бу бир соатга яқин вақт олганди.

24 сентябрга келиб Шимолий Осетия божхона хизмати ўтиш учун навбатда 2500 автомобил тургани ҳақида хабар берди.

Россия—Грузия чегарасидаги тирбандликнинг сунъий йўлдошдан олинган тасвири.
Maxar Technologies / AP / Scanpix / LETA

«Казбеги-Верхний Ларс» назорат-ўтказув пункти - Россиядан Грузияга қуруқлик орқали қонуний ўтиш учун ягона йўл ҳисобланади. Ажралиб чиққан Абхазия ва Жанубий Осетия орқали кириб келиш тақиқланган - Грузия бу ҳудудларни Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари деб ҳисоблайди. Россиядан Грузияга тўғридан тўғри мунтазам авиарейслар йўқ, фақат учинчи мамлакат орқали учиб келиш мумкин, авиачипталар нархлари эса сўнгги ҳафтада бир неча баробар қимматлаб кетди.

Қоидага кўра Грузия билан чегарани пиёда ҳолатда кесиб ўтиш мумкин эмас (пиёда ўтиш мумкинлиги ҳақида Шимолий Осетия ИИВ фақат 27 сентябрга келиб маълум қилди), шу туфайли автомобилларнинг адоқсиз навбатида туришни истамаган россияликлар турли воситаларни ишга солишди: навбатнинг олдинроқ қисмида турган таксиларга ўтиб олишди, ёки велосипедлар сотиб олишга киришди ва ҳатто самокат ва скейтбордларга мурожаат қилишди.

«Агар ғилдиракда бўлсанг, чегарадан ўтиш мумкин дейишди. Мен ҳатто ўша ерда турган йигитларга ғилдиракли чамадонимни ҳам таклиф қилдим», дея ҳазиллашади чегарадан ўтиб келган ингушетиялик.

У - BBC мухбири билан суҳбатда 22 сентябр куни Грузияга ўтиши сабаби сафарбарлик эмаслигини айтган ягона россиялик бўлди. Унинг айтишича, ёши катталиги туфайли унга чақирув қоғози келмайди. Чегарадаги бошқа россияликларнинг кайфияти эса анча тушкун эди.

Вақти-вақти билан ОАВ ва ижтимоий тармоқларда қуруқлик чегараси сафарбарлик ёшидаги эркаклар учун ёпилиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлиб турибди - Россиядан чиқиш тақиқланиши ҳақида ҳам, Грузияга кириш тақиқланиши ҳақида ҳам.

Бу маълумотни на Грузия ва на Россия томони тасдиқлаган.

27 сентябр куни Россия ахборот агентликлари «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктида тез орада сафарбарлик пункти пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишди.

Виза масаласи

Россия-Грузия чегарасида бўлган «Лело для Грузии» мухолиф партияси вакили Григол Гегелия «Пирвели» телеканалига берган интервьюсида у ердаги вазият назоратдан чиқиб кетганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда келаётганлар - туристлар эмаслиги аниқ, улар сафарбарликдан қочиб келаётганини очиқчасига айтишмоқда. «Бу шуни англатадики, Грузияга келаётган россияликлар узоқ муддатли бошпана қидиришади. Агар чегарада холис ёндашув ва назорат бўлмаса, бу демографик ва электорал таҳдидлар туғдиради», дейди мухолифатчи.

Аҳолининг катта қисми россияликлар учун виза жорий этиш масаласини қўллаб-қувватлайди, улар россиялик эмигрантлар оқими Россиянинг Грузияга қарши янги тажовузига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

Август ойида Россия ва Беларус фуқаролари учун мамлакатда уч ойдан кўп бўлмаган муддатда қолиш ҳуқуқини берувчи виза жорий этиш тўғрисидаги навбатдаги онлайн-петицияни 20 мингдан ортиқ киши имзолаган.

Россияда сафарбарлик эълон қилингач manifest.ge онлайн-платформасида россияликларга нисбатан чекловлар жорий этиш талаб қилинган янги петициялар пайдо бўлди.

Уч кун ичида 2,5 мингдан ошиқ овоз тўплаган петициялардан бирида виза жорий этиш ва фақат сиёсий сабабларга кўра таъқибга учраганларни қабул қилиш, шунингдек, россияликлар томонидан кўчмас мулк сотиб олишга мораторий ва иқтисодий фаолият юритишга чекловлар ўрнатишни ўз ичига олади.

Иккинчи петицияда россияликлар учун чегарани вақтинча ёпиш талаби акс этган.

Россия-Грузия чегарасидаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктидаги навбат. 2022 йил 28 сентябр.
Валерий Шарифулин / ТАСС

Грузин ҳукумати эса ўз мухолифларини вазиятни сунъий равишда кескинлаштириб, русларга нисбатан ксенофобияни рағбатлантиришда айбламоқда.

Виза жорий этиш масаласи ҳукуматпараст телеканалларда деярли муҳокама қилинмаяпти. Ҳукумат вакиллари Грузия чегарасидаги вазият назорат экани ҳақидаги қисқа изоҳлар билан чекланмоқда.

Масалан, адлия вазири Рати Брегадзе журналистларнинг россияликлар ёппасига Грузияга оқиб келиши қанчалар хавфли экани ҳақидаги саволига жавобан, Хавфсизлик хизмати жуда яхши ишлаётгани ва унинг муносиб раҳбари борлигини айтган.

Ҳукмрон партия аъзоси бўлган депутат Ираклий Заркуа Россияда сафарбарлик қилинганидан кейинги кунда Грузия шу қадар «ажойиб ва чиройли» эканидан Россия фуқаролари анчадан буён чегарада навбатда туришини айтди.

«Қонунга кўра бизнинг хавфсизлик хизматларимиз фильтрация ўтказади ва бизнинг манфаатларимиз учун номақбул бўлганларни аниқлаб, ортга қайтариб юборади, шу вақтгача ортга қайтаришгани каби», дея қўшимча қилган депутат.

«Ҳаёт яхшиланди, кейин эса биттада барчаси ўзгариб кетди»

Сўнгги вақтларда ОАВда кўп бор россияликларга ёппасига Грузияга кириш рад этилаётгани ҳақида хабарлар берилганди - асосан Жанубий Кавказдаги «Свободная Россия» фондига асосланган ҳолда (Россияда бу ташкилот исталмайдиганлар рўйхатида). Грузия чегарасида ишлаётганлар орасида таниқли журналистлар, блогерлар ва фаоллар ҳам бор.

Россияда сафарбарлик эълон қилингач вазият кескин ўзгарди - фонд директори Егор Куроптевнинг сўзларига кўра, айни вақтда россияликлар Грузияга кириши рад этилаётган ҳолатлар деярли йўқ.

Куроптевнинг айтишича, виза жорий этиш - Грузиянинг суверен танлови ва ҳуқуқи ҳисобланади, аммо россиялик фаоллар учун бундай қадам жиддий муаммога айланади, чунки бу улар учун тезда етиб бориш учун амалда ягона хавфсиз мамлакат ҳисобланади.

«Грузия - бу хавф остида қолган одамлар учун уй каби. Кўпчилик кейин Европага кетади. Агар улар фаоллар эмас, санкциялар ёки бошқа нимадандир қочаётган Россиянинг оддий фуқаролари бўлса, улар кейин Россия Федерацияси билан нисбатан яхши муносабатда бўлган Арманистон ёки Туркияга ўтиши мумкин. Бундай одамлар деворларда «Рус кемаси, даф бўл» каби ёзувларни кўришни истамайди ва бошқа жойларга, Европага эмас, Россия учун дўстона бўлган ошқа мамлакатга йўл олишади», дейди у.

Расмий маълумотларга кўра, бу йили Грузияга ташриф буюрувчилар сони бўйича россияликлар етакчилик қилишмоқда.

Россияликлар бу ерга фақат таътилни ўтказиш учун келмаётганини уларнинг бизнесларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатади.

Transparency International-Грузия маълумотига кўра, россияликларнинг 13,5 минг компаниясидан қарийб ярми Россияннг Украинага босқинидан кейин рўйхатга олинган.

Март ойидан июл ойига қадар Грузияда 6400 га яқин рус компанияси рўйхатдан ўтказилган, бу ўтган йил давомида рўйхатдан ўтказилган компаниялар сонидан етти баробар кўпроқ.

Ташкилотнинг қайд этишича, бу компанияларнинг 90 фоизидан ортиғи якка тартибдаги корхоналар экани ҳам Россия фуқароларининг бир қисми бу ерга яшаш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида кўчиб келаётганидан дарак беради.

Грузин ҳукуматига кўра, сафарбарлик эълон қилингач, чегарадан ўтаётган россияликлар сони бир неча баробар ошган.
Фото: EPA-EFE

BBC Россия-Грузия чегарасида учратган «янги келаётган» россияликлар ҳозирча бу мамлакатда узоқ вақт қолишни мўлжалламаяпти, уларда келажак ва Грузия учун аниқ режалар йўқ.

«Янгиликларга қараймиз, монитор қиламиз. Вазият ўзгарсагина уйга қайтамиз. Биз ўз ватанимизни севамиз. Мамлакат улкан ва кенг имкониятларга эга. Ўзимизга боғлиқ бўлганда-ку... Аммо ҳукуматимиз бошқача қарор қилди. Ҳаёт яхшиланиб бораётганди, аммо барчаси биттада кескин ўзгариб кетди», дейди чегарадан ўтиш учун 12 соат вақт сарфлаган ёш йигит.

Келувчиларнинг айримлари Грузияга биринчи бор келиши ва бу мамлакат ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтади. Кўпчилиги Украинадаги урушга муносабатини истамайгина ва эҳтиёткорлик билан билдиради.

«Биласизми, ҳали аниқ эмас, лекин умуман олганда, салбий ва қарши ҳис-туйғулар кўпроқ. Одамлар буни қандай бошдан кечираётганини кўриб турибмиз, энди эса ўзимиз ҳам бундай кечинмалар билан тўқнашдик. Буюк ватан уруши (иккинчи жаҳон уруши)да фронтга йўл олганларнинг ҳиссиётларини тушуна бошладик», дейди Россия жанубидан бўлган собиқ спортчи бошқалар каби ўз исмини айтишни истамаган ҳолда.

У сиёсатга умуман қизиқмагани ва ҳозир қўшни Украина билан бўлаётган уруш каби 2008 йилда бошланган Россия-Грузия уруши тўғрисида деярли ҳеч нарса билмаслигини тан олади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг