17:23 / 09.12.2022
2 035

Виктор Бут ким ва уни нега «ўлим савдогари» деб аташади?

Виктор Бут ким ва уни нега «ўлим савдогари» деб аташади?
Фото: Getty Images
Россиялик Виктор Бут Америка томонидан террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган Колумбиядаги FARC гуруҳига катта миқдорда қурол-яроғ сотиш учун тил бириктиришда айбланиб, АҚШда 25 йиллик қамоқ жазосини ўтаётганди. Вашингтон уни энг йирик ноқонуний қурол савдогарларидан бири деб билади. Бут бу айбловларни рад этган.

Россияда гиёҳванд модда контрабандасида айбланиб, тўққиз йилга қамалган америкалик баскетболчи қиз Бриттни Грайнер россиялик Виктор Бутга алмаштирилди. АҚШда уни «ўлим савдогари» деб аташарди. Унга колумбиялик жангариларга қурол етказиб бергани учун 25 йил беришганди.

Виктор Бут - советлар армиясида таржимон бўлган, советларнинг ҳарбий-транспорт авиациясида хизмат қилган. 1991 йилда захирага олингач бизнес билан шуғуллана бошлаган - унинг ўзи айтишича, халқаро авиапарвозлар соҳасида фаолият кўрсатган. Бут дунёнинг асосан хавфли саналадиган минтақаларига маҳсулотлар етказиб бериш бўйича кенг кўламли бизнесни йўлга қўйгани маълум.

У халқаро қурол савдосини бошлашдан олдин гуллар, мебел ва музлатилган жўжалар етказиб бериш билан шуғулланган. ОАВ маълумотига кўра, Бут Афғонистонга (ҳукумат қўшинларига ҳам, толибларга ҳам) Ангола ва Ғарбий Африка мамлакатларидаги исёнчиларга қуроллар ва ҳарбий жиҳозлар етказиб берган. Уни шунингдек «Ал-Қоида»га ҳам қуроллар, жумладан кимёвий қуроллар етказиб беришга алоқадорликда гумон қилишган.

У 2008 йил мартида Бангкокда АҚШ ҳукумати берган ордер асосида қўлга олинган. Ню-Йорк Федерал округ прокуратураси уни «қуроллар АҚШ фуқаролари ва расмий шахсларини ўлдиришда қўлланишини англаган ҳолда» Колумбиядаги Инқилобий қуролли кучлар жангарилар жангариларига қурол етказиб бериш бўйича жиноий тил бириктиришда айблаган.

Ўшанда Ғарб нашрлари Таиландда Бутни ўзини гўёки FARC жангарилари сифатида кўрсатган Америка махсус хизматлари жосуслари тузоққа туширгани ҳақида ёзганди.

Таиланд ҳукумати икки ярим йил вақт ўтиб, 2010 йил ноябрида АҚШнинг Россия фуқаросини экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўровини қаноатлантиради. Россия ТИВ Бутнинг АҚШга экстрадиция қилинишига протест билдиради, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Таиланд ҳукумати ҳаракатини АҚШнинг сиёсий босими натижаси ва «тоқат қилиб бўлмас адолатсизлик намунаси» деб атаганди.

Айрим экспертлар 1990-йилларда советларнинг транспорт самолётларида Африкадаги қатор «қайноқ нуқталар»га парвозларни амалга ошириб машҳур бўлган Бут Россия разведкаси учун ўта фойдалиш шахс ҳисоблангани ва Москва у Қўшма Штатларда суд қилинишини истамаслигини тахмин қилганди.

Бутнинг ўзи қандайдир давлат сирларидан бохабар экани ҳақидаги маълумотни рад этган. «Менда Россия давлати ва унинг етакчилари ҳақида ҳеч қанақа махфий маълумотлар йўқ... Мен умуман Россия компаниялари билан ҳам, давлат ташкилотлари билан ҳам ишамаганман», - деган у.

Унинг сўзларига кўра, 1993 йилдан 2001 йилга қадар у халқаро авиаташувлар соҳасида қонуний бизнесга эгалик қилган ва Россия расмийлари билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган.

Минимум жазо

Бут FARC жангариларига қурол етказиб беришдан ташқари, АҚШ, Белгия ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари томонидан Африканинг Сьерра-Леоне, Ангола, Руанда ва Судан каби мамлакатларида қонли можароларни авж олдирганликда гумонланган.

У Ҳолливуднинг бош ролни Николас Кейж ижро этган «Қурол барони» филми қаҳрамони прототипи ҳисобланади. Ғарб матбуоти Бутни «ўлим савдогари» деб атаган.

Маҳкумнинг рафиқаси Алла Бут BBC билан интервюда бу филм ва матбуотдаги мақолалар Виктор Бутни Америка жамоатчилигига «иблис қиёфаси»да гавдалантирган ва натижада АҚШда адолатли суд ўтказилиши имкониятини истисно қилгани ҳақида айтганди. Расмий Москва эса суд иши сиёсийлаштирилганини даъво қилади.

2010 йилда Таиланд ҳукумати Россия ТИВ эътирозига қарамай, Бутни АҚШга экстрадиция қилишга розилик беради. Фото: Getty Images
2012 йилда у Ню-Йорк Федерал суди қаршисига келтирилади. Судда у айбловларни тан олмайди, аммо ҳакамлар ҳайъати уни бир вақтнинг ўзида бир неча айбловлар - америкаликларни ўлдириш мақсадида тил бириктириш, зенит ракеталарини сотиш ҳамда террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлашда айбдор деб топади.

Прокурорлар Бут учун умрбод қамоқ жазоси талаб этишади, аммо судья Шира Шейндлин 45 ёшли россиялик учун Америка қонунчилигида бундай жиноятлар учун кўзда тутилган минимал жазони - 2030 йил январидан олдин шартли равишда озодликка чиқиш ҳуқуқисиз 25 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлайди.

Ўтган йиллар мобайнида Россия ҳукумати Бутни озод этишга уриниб келди. ОАВ у Россияда қамалган америкаликларнинг қайси биригадир алмаштирилиши ҳақида кўп ёзди, хусусан, турли вақтларда у Украина фуқаролари Надежда Савченко ва Олег Сенцовга алмаштирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам айтилди. Аммо шу вақтга қадар бундай хабарлар ўз тасдиғини топмаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Виктор Бут ким ва уни нега «ўлим савдогари» деб аташади?