19:06 / 15.12.2022
2 005

Россия Украинани 10 кунда босиб олишни режалаштирганди. Бу нега амалга ошмаган?

Россия Украинани 10 кунда босиб олишни режалаштирганди. Бу нега амалга ошмаган?
Фото: Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA
Британиянинг RUSI институти Украина қуролли кучлари билан биргаликда урушнинг илк ойлари ҳақида ҳисобот чиқарди. Маълум бўлишича, Россия Киев атрофида Украинаникидан 12 баробар катта қўшин тўплаганди, аммо ўз режалари ҳаддан ташқари махфийлиги туфайли ютқазган.

Британиянинг Бирлашган кучлар қироллик институти (RUSI) Россия ва Украина ўртасидаги кенг кўламли урушнинг 2022 йил феврал-июл ойларига тўғри келадиган дастлабки босқичлари, яъни Украина қуролли кучлари ҳали фронтда юриш амалиётларини бошламаган даврга оид таҳлилларга бағишланган ҳисоботни эълон қилди.

Ҳисобот муаллифлари RUSI тадқиқотчилари Жек Уотлинг, Ник Рейнолдс ва Александр Данилюк (ўтмишда Украина мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва Ташқи разведка хизмати маслаҳатчиси бўлган), шунингдек Украина десант-штурм қўшинлари собиқ қўмондони Михайло Забродский ҳисобланади.

Ҳисобот уруш бошлангач бир неча ой мобайнида Украинада ишлаб, маҳаллий ҳарбийлар билан мулоқотда бўлган Уотлинг ва Рейнолдснинг маълумотларига асосланган. Аммо улар учун асосий манбалар Украина қуролли кучлари Бош штаби маълумотлари бўлиб, уларнинг катта қисми ҳозиргача жамоатчилик учун ёпиқ эди. Барча манбалар можаронинг бир томонини ифодалагани туфайли, ҳисобот муаллифлари ўз ишларини «методологик жиҳатдан мукаммал эмас» деб аташган.

Тадқиқотчиларнинг тушунтиришича, улар методологиядаги нуқсонларга қарамай, ҳисоботни чоп этишга қарор қилишган, чунки уларнинг фикрича, Украинанинг ҳамкорлари бу хулосаларни ҳисобга олган ҳолда Россия-Украина можаросининг боришини белгилайдиган юриш қилиш учун ўз ҳарбий салоҳиятларини ривожлантириш бўйича тезкор қабул қилишлари керак.

Ҳисобот беш бобдан иборат. Дастлабки иккисида Россиянинг босқинчилик режаси (РФ қуролли кучларининг бир қатор бўлинмаларига берилган буйруқлар ва инструкцияларда кўрсатилган ва кейинроқ Украина қуролли кучлари томонидан қўлга киритилган шаклда) ва Украинанинг бошланғич позициялари тасвирланган. Учинчи бобда 2022 йил февралидан июлига қадар давом этган урушнинг уч босқичи ҳақида гап боради. Тўртинчи ва бешинчи боблар Россия армияси ҳаракатлари таҳлиллари ва Буюк Британия армияси учун тавсияларга бағишланган. Қуйидаги матнда «Медуза» тадқиқотнинг асосий мазмунини келтиради.

Россия урушга қандай тайёргарлик кўрган?

РФнинг Украинага бостириб кириши концепцияси халқаро ҳамжамият агрессияга реакция қилишга улгурмаслиги учун тезкорлик билан ҳаракат қилиш заруратини кўзда тутган. Россия томонининг муҳим ҳарбий-стратегик вазифалари қуйидагилар бўлган:
  • Украинанинг мудофаа қобилиятини бузиш учун унинг авиацияси, флоти ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини йўқ қилиш;
  • Украинанинг Донбассдаги қуруқлик қўшинларини блокировка қилиш ва яксон этиш;
  • Украинанинг ҳарбий ва сиёсий раҳбариятини йўқ қилиб, муҳим сиёсий ва иқтисодий ҳокимият марказларини эгаллаш;
  • Украина расмийларини Россия босқини бошланиш вақти, жойи ва кўлами борасида чалғитиш.

Россия армияси зарбаларининг асосий йўналиши Киев бўлиши керак эди. Шу билан бир вақтда Россия қўшинлари жанубдан юриш қилиб, Запорижжя ва Жанубий-Украина АЭСни эгаллаши, шунингдек шарқда Украина қуролли кучларининг қарийб ярмини ташкил этувчи гуруҳни Донбассдаги жанглар билан банд этиши керак эди.

Смоленск областининг Ельня шаҳрида Украинага босқиндан олдин тўпланган Россия ҳарбий техникаларининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирлари. 2022 йил 19 январ.
Maxar Technologies / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўмондонлиги «махсус амалиёт» 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда якунланишидан келиб чиқиб ҳаракатланган. Март ойида Киев атрофида қўлга киритилган РФ Ғарбий ҳарбий округининг 1-гвардия танк армияси ҳужжатларида 10 кундан кейин гуруҳ «Украина қуролли кучларининг алоҳида тарқоқ бўлинмалари ва миллий қаршилик отрядларининг қолдиқларини блокировка қилиш ва йўқ қилишга ўтиши» айтилган. Ҳисобот муаллифлари Россия Украинани 10 кун ичида босиб олишни режалаштирганига оид бошқа далиллар келтиришмаган.

Россия контрразведкаси олдиндан босиб олинажак ҳудудлардаги украинларни тўрт тоифага ажратган — йўқ қилиниши керак бўлганлар, қўрқитиб, ҳаракатларининг олдини олиш керак бўлганлар, ҳамкорликка кўндириш мумкин бўлганлар ва ҳамкорлик қилишга тайёр бўлганлар.

Украина босқинга қанчалик тайёр эди?

Украина 2014 йилдан бери ўз артиллерия салоҳиятини ривожлантириб келганди, аммо барибир артиллерия тизимлари учун ўқ-дори етишмайди — бунинг сабабларидан бири диверсия ҳаракатларидир, Россия томони 2014-2018 йилларда Украина омборларида камида олти бор портлаш содир этгани айтилади.

Бундан ташқари, Украина қўмондонлиги урушдан олдин катта миқдорда жанговар тузилмаларга эга эмасди. Киев олдиндан тўлиқ сафарбарлик жорий этишидан маъно йўқ эди: бу Украина иқтисодиётига катта зарар етказган бўларди ва Россия босқини қачон рўй бериши аниқ бўлмаган ҳолатда фойдасиз бўлиб чиқиши ҳам мумкин эди.

Кенг кўламли уруш бошланишига бир неча кун қолганида Украина разведкаси Россия феврал ойи охирида Донбассда юриш бошлашини тахмин қилаётганди. Киев шимолидаги ҳудудлар очиқ текисликлардан иборат экани йирик юриш бошлаш учун ноқулайлик туғдирарди, қолаверса, Россиянинг бу йўналишда жамланган қўшинлари шаҳарни эгаллаш учун етарли эмасдек кўринарди. Бундан ташқари, россиялик ҳарбийларнинг ўзаро сўзлашувларини тинглаш орқали улар ҳарбий ҳаракатларга тайёр эмаслиги ҳақида хулосага келинади. Шу туфайли Киевдагилар Ғарб мамлакатларининг Россия пойтахтга ҳужум қилиши ҳақидаги огоҳлантиришларини — чалғитувчи манёвр деб ҳисоблашган.

Шуни ҳисобга олган ҳолда Украина қўмондонлиги Киев мудофааси учун йирик кучларни жойлаштирмаган. Украина қуролли кучларининг қарийб ярми Донбассда эди; бундан ташқари, Харкив, Днепр, Суми ва Одессада ҳам йирик гуруҳлар турарди. Шу билан бирга, миллий мудофаа режасида кўзда тутилганига қарамай, Қримдан бостириб кирадиган душманни қарши олиш учун йирик қисмлар қолдирилмаганди. Ҳозирда Украинада нега бундай бўлганини текширишмоқда.

Босқин қандай бошланганди?

Россия армияси асосий кучларни Киев ва Черниҳивга ташламоқчи эканини Украина қуролли кучлари том маънода сўнгги лаҳзаларда англаб қолди. Босқин бошланишига етти соат қолганида Украина қўмондонлиги қўшинларни кўчиришга буйруқ беради. Натижада босқиннинг илк соатларида украин қисмларининг кўпчилиги мамлакат шимолида ўзлари ҳимояланиши керак бўлган позицияларга етиб бора олмаганди.

Россия Бош штаби Киевга юриш қилиш ниятини (ўз қўшинларидан ҳам) охирига қадар сир тутади. Россия бўлинмаларининг аксарига ҳужум қилиш ҳақида буйруқлар босқин бошланиши арафасида берилади. Шу туфайли уларга ўқ-дори, ёнилғи, озиқ-овқат етишмади ва энг асосийси, уларнинг ҳаракатлари умумий режага қанчалик мос келиши ҳақида аниқ тушунча йўқ эди.

Шу тариқа, РФ қуролли кучлари махфийлик сақланиши эвазига оператив даражада кутилмаганлик устунлигига эга бўлди, аммо тактик даражада Украина қуролли кучлари нима қилиш кераклигини яхшироқ тушунишарди, чунки улар саккиз йил мобайнида Россия армияси ҳужумини қайтаришга тайёрланиб келаётганди. «Бу ўзгаришлар ўртасидаги ҳаракатлар дастлабки 72 соатдаги жанглар натижасини белгиларди», — дейилади ҳисоботда.

Россиянинг Украина ҳарбий тизимини издан чиқариш бўйича режасидаги муҳим элемент – Украина қуролли кучлари раҳбариятини зарарсизлантириш эди. Босқин бошлангач кўплаб украин генераллари россиялик ҳамкасбларидан таслим бўлишга чақирувчи шахсий хабарлар олдилар ва уларда Россия Украинага зарар етказмаслигига кафолат берилганди. Украина қуролли кучларининг деярли барча полковникларига аноним рақамлардан худди шу мазмундаги хабарлар жўнатилади. Бундан ташқари, босқиннинг иккинчи кунида шахсан Россия президенти Владимир Путин ҳам Украина қўмондонлигига мурожаат қилиб, Киевдаги ҳукуматни ағдаришга чақиради. Ҳисоботда бу уринишлар муваффақиятсизликка учрагани Россия разведка хизматлари украин ҳарбийлари руҳиятини нотўғри баҳолаганидан далолат бериши айтилади.

Киев учун жанг

Кенг кўламли уруш бошланганидан икки кун ўтиб Украинанинг стационар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими объектларининг тахминан 75 фоизи зарбага учраганди. Бу эса Беларус ҳудудидан Киев яқинидаги Гостомел аэродромига ҳаво-десант қўшинлари тушириш имконини беради.

Десант ҳар бири 10 вертолётдан иборат бўлган икки эшелон бўлиб қўнади. Қўниш чоғида россиялик десантчилар артиллериядан кучли даражада ўққа тутилади. Украина жанубида ҳам шу каби амалиётлар ўтказишга уриниш ва Украина ғарбига махсус топшириқли бўлинмаларни киритишга бўлган ҳаракатлар ҳам муваффақиятсизликка учрайди.

Шу билан бирга Беларус шарқидан Украина ҳудудига кирган РФ қуруқлик қўшинлари Гомелдан Гостомел сари тезлик билан ҳаракат қилади. Украина қуролли кучлари мудофаа кучлари етарли бўлмаган пойтахт атрофида янги гуруҳлар шакллантиради (жумладан ҳарбий академиялар ўқитувчилари ва курсантларидан), аммо шунга қарамай бу йўналишда Россия ва Украина кучлари нисбати 12:1 кўринишида эди.

Урушнинг иккинчи кунида Украина қуролли кучлари раҳбариятида Киевга юришни тўхтатиш борасида жиддий хавотир пайдо бўлганди. Аммо шу вақтда Россия қўшинлари ҳам жойидан жилмай қолади: улар қаерда тургани ва қандай вазифаларни бажариши кераклигини яхши англамасди, шунингдек украин кучлари билан кескин тўқнашувларга тайёр бўлмаган, чунки уларга Украина қуролли кучларининг қаршилик марказларини айланиб ўтиш буюрилганди.

Россия қўшинларидаги парокандалик ва саросима март ойи охирига келиб тарқалади. Аммо бу вақтга келиб Ғарбий ҳарбий округ қўшинларидан тузилган ва Черниҳив орқали Киевга ҳаракатланган гуруҳ ўрмонзорлар оралаб 200 километрдан ортиқ масофани босиб ўтишга ҳаракат қилиб, кучларини сарфлаб бўлганди. Украина пойтахтига Гомел йўналишида юриш қилган Шарқий ҳарбий округ қўшинлари гуруҳи эса Киев остонасида тор йўлда тиқилиб қолди. Украина кучларининг қанотлардан босими туфайли фронт чизиғига артиллерияни олиб келиш имконини топа олмаган гуруҳ қуршовга тушиб қолмаслик учун чекинишига тўғри келди.

Босқинни қайтаришда аввал айтилганидек Ғарб етказиб берган танкка қарши зенит ракета қурилмалари эмас, балки бу вақтда Россия артиллериясига қарши туриш учун етарлича ўқ-дорига эга бўлган украинларнинг икки артиллерия бригадаси муҳим рол ўйнаган (Россия артиллериясида эса бу вақтда таъминотдаги муаммолар туфайли ўқ-дори етарли эмасди).

Донбасс учун жанг

Киев атрофидан чекинилгач, Россия асосий эътиборни Донбассни эгаллаш учун йўналтиради. Бу вақтда Россия қўшинларида ресурслар тугаб битгани ва аксар жабҳаларда муваффақиятсизликка учралгани туфайли жанговар руҳ тушиб кетганди. Бутун апрел мобайнида Кремлда ҳарбий сафарбарлик зарурати бўйича мунозаралар кечади ва якунда уни ўтказмасликка қарор қилинади.

Украина армиясида эса жанговар руҳ юқорилигича қолган, аммо уларда бошқа муаммолар юзага келганди. Улардан бири — ярадорлар сони жуда кўплигида эди. Улар Украина томони йўқотишларининг 80 фоизга яқин қисмини ташкил этарди, шу билан бирга, ярадорларнинг 40 фоизга яқини келгусида ҳарбий хизматга яроқсиз ҳолатга келтирган даражада жароҳатлар олишганди.

Яна бир муаммо — техникалар йўқотилиши ва ўқ-дорилар сарфи билан боғлиқ эди (бу эса советлар даврига мансуб артиллерия тизимлари учун снарядлар тақчиллигига олиб келган). Донбассдаги жанглар бошланган маҳалда Украина қўшинларида НАТО техникаларидан фойдаланиш имкони пайдо бўлади, аммо илк босқичда Ғарб қуролларининг сони кўп эмасди ва украиналик ҳарбийлар улар билан муомала қилишни ўрганмаганди. Масалан, АҚШ ва Канада томонидан етказиб берилган M777 гаубицаларининг катта қисми нотўғри фойдаланишдан кейинги техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар туфайли сафдан чиқади.

Россия эса Донбассда ўз артиллериясининг барча имкониятларидан тўлиқ фойдалана бошлайди. Россия артиллерияси кунига 20 мингга яқин снаряд учирарди, украинларда эса стволлар ва ўқ-дорилар етишмовчилиги туфайли бу миқдор 6 мингдан ортмасди. Май-июн ойлари давомида Россиянинг Донбассда артиллерия бобидаги устунлиги 12:1 нисбатига етади.

Донбассдаги жанглар артиллерия дуэлларига айланганида нишонларни тезда аниқлаш ва уларга аниқ зарба беришнинг аҳамияти ортди. Икки томон ҳам бунинг учун учувчисиз учиш қурилмаларини кенг қўллай бошлади. Лекин дронларнинг эскириш даражаси ҳаддан ташқари юқори эди. Украина қуролли кучлари феврал-июл ойларида фойдаланган барча дронларнинг 90 фоизи сафдан чиққан. Бир дроннинг ўртача «ҳаёти» учтадан олтита парвозгача бўлган.

Украина дронлари Россия радиоэлектрон кураш воситалари тиғиз жамлангани туфайли ҳам тўлақонли ишлай олмасди. Бундай комплекслар фронтдаги навигацияни самарали равишда буза олди, украин дронлари бошқариладиган позицияларга артиллерия зарбалари берилиши учун пеленгация (пеленгатор ёрдамида нишон қайси нуқтада турганини аниқлаш) амалга оширди. Натижада украин армияси аниқ зарба бериш бўйича устунлигидан фойдалана олмади, чунки сон жиҳатдан устунликка таянган РФ қуролли кучлари ҳаво разведкасидан фойдаланишда камроқ муаммога дуч келарди.

Аммо, артиллерия ва ўқ-дорилар бўйича катта устунликка эришганига қарамай, Россия армияси Донбассда жуда секинлик билан илгарилади. Баҳордаги жанглар вақтида катта миқдордаги техникалар бой берилгани туфайли ёзда РФ қуролли кучлари механизациялашган гуруҳлар орқали зарба бериш тактикасидан воз кечиб, асосий эътиборни Украин қуролли кучлари позицияларини артиллериядан ўққа тутишга қаратди. Украина позицияларига дастлаб Донбасс «республикалари»дан сафарбар қилинган ортядлар жўнатилар, аниқланган позицияларга артиллериядан ўт очилар, кейин яксон этилган позициялар махсус топшириқли бўлинмалар ва десантчилар орқали «тозаланарди». Бундай такрорланувчи цикллар кунига фақат бир неча юз метр олдинга силжиш имконини берарди.

Шу билан бирга, Россия ҳарбийлари Украина қуролли кучлари мудофаа позицияларини режали равишда йўқ қилишди, натижада июнда украин қўшинлари Луҳанск областидаги Северодонецк шаҳрини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Аммо бу вақтга келиб Украина қуролли кучлари Россия армиясининг заиф нуқталаридан фойдаланишга муваффақ бўлди. Темирйўл орқали ташишга боғлиқлик, темирйўл станцияларидан дала омборларигача бўлган катта масофалар — буларнинг бари таъминот тизимини РФ қуролли кучларининг заиф томонига айлантирарди. Ғарбдан узоқ масофага зарба берувчи HIMARS ва M270 тизимларини қабул қилиб олган украин ҳарбийлари шундай заиф нуқталарга зарба бера бошлади. Ҳисоботда бу паллани Россиянинг Донбассдаги юришлари якунланиб, урушнинг янги босқичи бошланган лаҳза сифатида кўриш мумкинлиги қайд этилади.

Ҳисобот муаллифлари келган хулосага кўра, россиялик ҳарбийлар:
  • Алдовга мойил: юқори инстанциядагилар қўл остидагилар томонидан фронтда тўпланган дастлабки маълумотларга ҳаддан ташқари кўп ишонади ва бу маълумотлар ишончлилигини таҳлил қилишмайди. Шу билан бирга, қўмондонлик муваффақиятсизликлар ҳақидаги ҳаққоний ҳисоботларни рағбатлантирмайди, бу эса таҳлилни қийинлаштиради.
  • Ҳамиша буйруқни бажаришга ҳаракат қилишади, ҳатто вазият ўзгаргани туфайли бу буйруқ маъносини йўқотган бўлса ҳам: масалан, ҳозирда Россия кучлари Бахмутга ҳужум қилишда давом этмоқда (ҳолбуки Изюмдаги гуруҳ чекинганидан кейин бу шаҳарни олишдан оператив маъно қолмаган).
  • Россиянинг фақат шартнома асосида хизмат қилувчи аскарлардан тузилган батальон-тактик гуруҳлари (БТГ) билан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш тизими самарасиз бўлиб чиқди (советлар армиясида армияга бирлашган тўлақонли полклар, бригадалар ва дивизиялар билан жанг қилиш кўзда тутилганди). БТГ етарли барқарорликка эга эмаслиги, армия даражасидаги кучайтирилган техникалардан (ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқалар) тўлиқ фойдалана олмаслиги маълум бўлди, қолаверса, муддатли ҳарбий хизматчилар йўқлиги туфайли бўлинмалар таркиби тўлиқ эмасди. Бундан ташқари, олдинги чизиқдаги жангларга ташланган бундай гуруҳлар учун энг яхши мутахассисларнинг ажратилиши бундай мутахассислар бўйича йўқотишлар миқдори улкан бўлиши ва гуруҳларнинг жанговар қобилияти ҳам йўқолишига олиб келди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг