
Айн Жолутда мўғуллар устидан қозонилган ғалабадан сўнг Мамлуклар давлатининг юлдузи порлади. Мусулмон дунёси учун мўғуллар босқини тўхтатилгани учун ҳам бу ғалаба ўзгача аҳамиятга эга эди.
Мамлуклар давлатида бирин-кетин Қутуз, Бейбарс каби буюк саркардалар ва қаҳрамонлар пайдо бўла бошлади. Бироқ, бу давлатнинг юлдузи мамлук амирлари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлгунга қадар ўзининг энг юқори чўққисида қолишда давом этди.
Бейбарс вафотидан сўнг унинг ўғли Саъид Мамлуклар давлатига ҳукмдор бўлади, лекин у мамлакатни бошқара олмади. Шунинг учун мамлук амирлари уни тахтдан ағдариб, 7 ёшга эндигина тўлган укаси Саламишни ҳукмдор қилиб кўтардилар.
Саламишнинг ёшлиги туфайли Қалавун Ас-Солиҳий унинг васийси этиб тайинланди, у тез орада Саламишни ағдариб, ўзини султон деб эълон қилди ва Маликул-Мансур (ғолиб ҳукмдор) унвонини олди.
Воқеаларнинг бундай ривожи Шом ҳокими бўлган мамлук амири Сунқур ал-Ашкарга ёқмади. У Султон Бейбарснинг яқин одамларидан эди. Сунқур Қалавуннинг ҳокимиятини тан олмади ва ўзини Шом султони деб эълон қилди.
Бу бўлиниш натижасида кўплаб офатлар юз берди ва энг ёмони мусулмонлар ўртасида узоқ давом этган уруш бошланди. Ўзаро тўқнашувларга ботган мусулмон ҳукмдорлар ўзларининг асосий душмани – Фурот дарёсининг нариги қирғоғида турган мўғулларни унутдилар.
1280 (ҳижрий 679) йил бошида мусулмон ҳукмдорлари ўртасидаги қарама-қаршилик авжига чиқди. Бу вақтда Қалавун Ас-Солиҳий Миср ва Шомдаги айрим ҳудудларни, Сунқур ал-Ашкар Дамашқ ва унинг атрофидаги жойларни, Масъуд ибн Зоҳир - Қароқ, Носириддин Муҳаммад ибн Тақиюддин - Хама, Юсуф ибн Умар – Яманда ҳукмронлик қилган. Макка Нажмуддин ибн Абу Намо ал-Ҳасаний ва Мадина Иззуддин Жамоз ал-Ҳусайнийнинг қўли остида эди.
Мўғулларга келсак, Ироқ, Жазира, Хуросон, Озарбайжон, Мосул, Эрбил, Диёрбакир мўғулларнинг олий хони Абақа ибн Ҳулагу ва унинг укаси, мўғул қўшини бошлиғи Менгу-Темур ибн Ҳулагу ҳукмронлиги остида эди.
Мусулмон ҳукмдорлари ўртасидаги бўлиниш ва қарама-қаршиликларнинг натижасида мўғуллар Шом, Мисрни забт этишга ва Айн Жолут жангида кўрган мағлубиятлари учун қасос олишга тайёрлана бошлади.
Мўғул хони Абақа ибн Хулагу бу урушга киришни истамади, лекин мусулмонларни ёмон кўрадиган Менгу-Темур юришни талаб қилиб, хонни бу жангга рози қилди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки Менгу-Темур кўплаб мусулмон шаҳарларини, жумладан Аббосийлар халифалиги пойтахти Бағдодни вайрон қилган қонхўр Ҳулагу хоннинг ўғли эди-да.
Кўп сонли мўғул қўшини Шомга қарши ҳужум бошлади ва шундан кейингина мусулмон ҳукмдорлар ўзларига келиб, агар улар ўзаро урушларни давом эттирсалар, қандай оғир аҳволга тушиб қолишларини англадилар.
Қалавун Ас-Солиҳий буларнинг барчасини ўйлаб, Сунқур Ал-Ашкарга: “Мўғуллар мусулмонлар устига юриш қилмоқда, мусулмонларни ўлимдан ҳимоя қилиш учун уларга қарши бирлашсак яхши бўларди”, деган мазмунда хабар юборди.
Сунқур Қалавуннинг сўзларига қўшилди ва мўминнинг самимий қалби билан унга жавоб берди: “Эшитаман ва итоат қиламан. Мусулмонлар душманларига қарши бир муштдек бўламиз”. Худди шундай, барча мусулмонлар ҳушларини йиғиб, душман билан жангга ҳозирлик кўра бошлади.
Мўғуллар мусулмонлар уларни кутиб олишга тайёр эканликларини билиб, ҳужумни тўхтатдилар ва Ироққа қайтишга қарор қилишди. Аммо бу чекиниш тактик ҳаракат, улар имконият пайдо бўлиши биланоқ қайтишни режалаштиришган эди.
Дарҳақиқат, бир неча ойдан сўнг мўғуллар Шомда ҳамма нарса тинчланганини сезгач, Менгу-Темур бошчилигида юз минглик улкан қўшин тайёрладилар. Бу қўшин Фурот дарёсидан ўтиб, Шом томон йўл олди.
Мўғулларнинг янги ҳужуми ҳақидаги хабар тезда Ал-Мансур Қалавунга етиб борди ва у барча мусулмон ҳукмдорларига умумий душманга қарши чиқишга даъватлар билан хатлар ёзди.
Масжидларда имомлар мусулмонларга жангга даъватлар билан ваъзлар ўқиб, намоз пайтида ғалаба дуолари қилишди. Бу орада мўғул қўшини аста-секин, қадамба-қадам Шом бўйлаб олға борди ва Ҳама шаҳригача етиб борди. Мўғуллар ўз одатларига кўра шаҳарни қамал қилиб, уни вайрон қилишди ва аҳолини қирғин қилишди.
Султон Қалавун ал-Мансур эллик минглик қўшин йиғиб, мўғуллар йўлини тўсиш учун Ҳумс шаҳрида қароргоҳ тузди. Улар ҳижрий 680 йил (1281 милодий) ражаб ойининг 14-кунида тонгда кўп сонли мўғул қўшинлари билан учрашди.
Адади кўпроқ мўғуллар аввал ҳужумга ўтишди. Шунинг учун мусулмонлар биринчи зарбадан даставвал саросимага тушишди ва жанг ташаббуси мўғулларга ўтди. Бу Менгу-Темур қўшинларига мусулмон қўшинининг чап қанотини тор-мор этишга имкон яратди. Мусулмон қўшинининг бир қисми жанг майдонидан чекинишга мажбур бўлди.
Буларнинг ҳаммасини кўрган Султон Қалавуннинг ўзи олдинга чиқиб, аскарларининг руҳини кўтара бошлади. У жабҳанинг бир томонида кичик гуруҳ билан душманни тўхтатиб, душманга қаттиқ қаршилик кўрсатишга муваффақ бўлди. Уларнинг ҳаракатлари натижасида мўғуллар тўхташга мажбур бўлди. Султоннинг бу жасорати қолган жангчиларни ҳам руҳлантирди ва улар ҳам қаҳрамонларча душман билан жанг қилишди.
Араб амири Исо ибн Муҳанна отлиқлар отряди билан мусулмонларга ёрдамга етиб келиб, мўғулларга қанотдан зарба берганида жанг майдонидаги вазият кескин ўзгарди. Бу зарбадан кейин мўғуллар сафида тартибсизликлар бошланиб, жангда ташаббус мусулмонлар қўлига ўтади. Душман қўшинлари орасида ваҳима бошланди. Сон жиҳатидан сезиларли даражада устунликка қарамай, мўғул қўшини қоча бошлади ва катта йўқотишларга дуч келди. Бунинг ортидан Менгу-Темур қўшини тўлиқ мағлубиятга учради.
Мўғуллар мусулмонлардан Фурот қирғоқларигача қочиб кетишди ва дарёга етиб борганларнинг кўпчилиги унда ғарқ бўлди. Бундан ташқари, Ал-Бира шаҳри аҳолиси уларга ҳужум қилиб, тирик қолганларни ўлдирди ва мусулмон қўшинлари уларни мусулмон юртларини тарк этгунларича таъқиб қилдилар.
Мўғуллар бошлиғи Менгу-Темур жангда оғир яраланди. Мўғулларнинг олий хони бўлган унинг акаси тез орада бу мағлубият қайғусидан вафот этди.
Мазкур жанг мўғулларнинг қақшатқич мағлубияти бўлиб, уларнинг ёдига Айн Жолут жанги ҳақидаги хотираларини қайтарди. Мусулмонлар учун эса бу ёрқин ғалаба ўз ерларини мўғул босқинчиларидан озод қилиш учун илҳом манбаи бўлди.
Ёқуб Умар тайёрлади
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар