14:46 / 22.02.2023
612

Молдовада россияпарастлар ҳаракати кучаймоқда, ҳукумат Россия босқинидан хавотирда

Молдовада россияпарастлар ҳаракати кучаймоқда, ҳукумат Россия босқинидан хавотирда
Фото: EPA
19 феврал куни Молдова парламентининг улкан биноси ёнида ҳукуматдан норози одамларнинг катта намойиши бўлиб ўтди. Бу минглаб одамлар бу ерга мамлакатнинг турли бурчакларидан автобусларда олиб келинган. Уларнинг ҳар бири ўз қашшоқлик ва умидсизлик ҳақидаги шахсий ҳикояси билан пойтахт томон йўлга отланган.

«Биз шунчаки камситилган одамлармиз, ҳукумат бизни масхара қилмоқда. Бу ерда тўрт-беш нафар фарзанди бор, том маънода ейдиган ҳеч нарсаси йўқ инсонлар бор», деган молдовалик Алла исмли аёл.

Молдова президентининг сўзларига кўра, унинг мамлакатида одамлар ҳозирда оилавий даромадининг 70 фоиздан ортиқ қисмини электр энергияси тўловларига сарфлайди.

Алла нафақасининг ярмини электр энергияси учун тўлашини айтган.

«Ҳозирги ҳукуматни сайлаганимизда, улар бизга маош ва пенсияларни оширишга ваъда беришганди, аммо ҳозирча биз бир тийин ҳам кўрмадик», дея қўшимча қилган Алла.

19 февралда Кишинёвда бўлиб ўтган норозилик намойишларини россияпараст «Шор» партияси уюштирган. Маълум қилинишича, айнан шу партия норозилик намойиши қатнашчилари мамлакатнинг турли бурчакларидан келиши учун автобусларга пул тўлаган.

«Шор» партияси томонидан уюштирилувчи норозилик митинглари Кишинёвда сентябр ойи ўрталаридан бери ҳар якшанба кунлари ўтказилмоқда. Бироқ, сўнгги намойиш, айниқса, чет эллик кузатувчилар диққатини тортди.

Ушбу намойишдан бир неча кун олдин Молдова президенти Майя Санду Россия унинг мамлакатида ғарбпараст ҳукуматни ағдариб, россияпараст режим ўрнатиш мақсадида исён тайёрлаётганини айтди. Молдова разведкаси хабарига кўра, бу режани ўзини тинч аҳоли вакиллари сифатида кўрсатувчи мамлакатга юборилган ҳарбий тажрибага эга бўлган шахслар амалга ошириши керак эди.

Россия бу айбловларни Молдова ҳукуматининг жамоатчиликни иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги муваффақиятсизликларидан чалғитишга уриниши деб атади.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг қўшни Молдова жуда қийин аҳволга тушиб қолди.

Биринчидан, унинг ҳудудида россияпараст кайфиятдаги, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Днестрбўйи квазидавлати мавжуд. Иккинчидан, Молдова Россия газига жуда қарам. Октябр ойи бошидан бери Москва Молдовага юборилувчи газ таъминотини икки бараварга қисқартирди, бу эса румин ва русийзабон аҳоли ўртасидаги қарама-қаршиликлардан қочишга уринаётган Кишинёв учун муаммоларни яна биттага кўпайтирди.

Мамлакатда газ ва электр нархи ошишига қарши намойишлар 2022 йил кузида бошланган.

13 феврал куни бўлиб ўтган брифингда сўзга чиққан президент Санду Россия энергия инқирози ёрдамида Молдовада вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат инқироз аҳоли ўртасида кескин норозилик ва зўравонлик ҳаракатларини келтириб чиқаришини кутмоқда.

Санду разведка маълумотларига таяниб айтишича, «ҳарбий тажрибага эга бўлган россиялик диверсантлар зўравонлик ҳаракатлари, хусусан, бинолар ва давлат идораларига ҳужумлар уюштириш ва ҳатто инсонларни гаровга олишга тайёрланмоқда».

Сўнгги бир неча кун ичида Молдова чегарачилари аҳолисининг катта қисми Россияга хайрихоҳ бўлган давлатлардан 57 кишининг мамлакатга киришига рухсат бермади. Улар орасида сербиялик футбол мухлислари гуруҳи ва Черногориядан бир неча боксчи бўлган.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада мамлакат ҳаво ҳудуди бир неча соатга ёпилди. Фуқаро авиацияси маъмурияти маълум қилишича, бу чора метазондга ўхшаш номаълум учувчи объект сабаб қабул қилинган.

«Россия агрессор мамлакат экани мутлақо аниқ» деган Молдова чегара полицияси раҳбари Росиан Василой BBC нашри билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Молдовага таҳдид 24 февралдан, Украинага ҳужум бошлангандан кейин кучайган. Аммо унинг таъкидлашича, ҳозир вазият бошқача. «Бу ташқи ва ички тажовузларнинг уйғунлашуви» дейди Василой.

Украина қаршилик кўрсатишни давом эттириб, ғалаба томон юрар экан, Молдова учун хавф камроқ бўлади, дея ҳисоблайди Василой. «Агар Украина қуласа, навбат Молдовага келади, лекин менда қўрқув йўқ», дейди у.

Уруш бошланганидан буён президент Санду мамлакатнинг энергия манбаларини диверсификация қилиш ва Россия газига қарамлигини камайтириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Аммо Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига зарбалари ва Руминиядан электр энергиясини импорт қилиш қимматлиги туфайли буни амалга ошириш жуда қийин эди.

Санду ўз нутқида руслар исённи мухолифатдаги «Шор» партияси каби ички кучлар кўмагида амалга оширишни режалаштираётганини таъкидлади. У парламентни мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун қаттиқроқ қонунлар қабул қилишга чақирди.

«Шор» партияси бош котиби Марина Таубер бу сиёсий куч барча томонлар билан яхши муносабатлар ўрнатилишини хоҳлашини айтади
«Шор» партияси етакчиси ҳозирда Исроилда Молдова ҳуқуқ-тартибот идораларидан яширинаётган тадбиркор Илан Шор ҳисобланади. Аввалроқ у Молдова банк тизимидан 1 миллиард доллар ўғирланишига алоқадор сифатида айбдор деб топилганди. Ўтган йил октябрида АҚШ ва Британия унга қарши санкциялар киритди.

19 феврал кунги парламент биноси олдидаги намойишларни «Шор» партияси бош котиби Марина Таубер бошқарган. Таубернинг таъкидлашича, унинг партияси Европа Иттифоқига қарши эмас, балки барча томонлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни хоҳлайди.

Аммо «Шор» партиясининг бошқа баъзи аъзолари Россиянинг Молдовадаги вазиятга аралашишини хоҳлашини тан олган.

Кишинёвдан бир соатлик масофада жойлашган Орхей шаҳрида «Шор» партияси тарафдорлари кўп. BBC журналистлари бу ердаги партия вакили Юрий Беленкий билан учрашган.

«Биз қўрқмаймиз, чунки Россия Молдовани эгаллаб олмоқчи бўлганда, буни ярим кунда амалга оширган бўлар эди», деган Беленкий.

У бунга шахсан қандай муносабатда бўлишини сўрашганда, Беленкий аниқ жавоб берган — «Шахсан мен бунинг тарафдориман. Россия билан ҳозиргидан анча яхшироқ аҳволда бўлган бўлардик».

Кишинёвдагиларнинг кўпчилиги Ғарб билан яқин алоқалар Молдовага бу ҳал қилувчи паллада мустақиллик ва демократияни мустаҳкамлашга ёрдам беради, дея ҳисоблайди. Мая Санду партияси парламентда кўпчиликни ташкил этади.

Аммо дам олиш кунлари парламент биноси ёнида йиғилганлар бошқача фикр билдирган ва Молдова жамиятида томонлар ўртасидаги бўлиниш чуқурлашиш хавфи бор.

Алла ва унинг дўстлари Россия уларнинг мамлакатини эгаллаб олишини хоҳлайдими саволига жавоб берганда, бу хавф янада аниқ бўлади.

«Ҳа, майли улар келсин! Биз уларнинг бу ерга келишини хоҳлаймиз, биз Россиянинг бир қисми бўлишни хоҳлаймиз!» дея бақирган россияпараст намойишчилар.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг