Англия чемпиони «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоа таркибини янгилаш жараёнини изчил давом эттирмоқда. Январ ойида Абдуқодир Ҳусановнинг келиши билан бошланган бу жараён ҳали ҳам якунлангани йўқ ва ҳозирда ҳам катта ўзгаришлар кутиляпти.
Испаниялик мураббий бир қатор юлдузларга йўл бериб юборди. Асосий таркибга кириш имконини тополмаган ўйинчилар эса ижарага жўнатилди. Масалан, марказий ҳимоячилардан Мануэль Аканжи Туркия чемпионатига йўл олди ва катта эҳтимол билан ёзда «шаҳарликлар» билан хайрлашади. Ёш ҳимоячилар Витор Рейс ва Макс Аллейн эса тажриба орттириш мақсадида «Жирона» ҳамда «Уотфорд»га топширилди.
Ҳимоя марказида тажрибали Натан Аке захирада қолган, Жон Стоунз эса жароҳатларга мойил бўлиб қолгани боис узоқ муддат майдонга туша олмаяпти. Бу ҳолат ёши катта ҳимоячиларнинг келажагини янада ноаниқ қилиб қўйди.
Гвардиола эса ҳимоя чизиғи келажагини Абдуқодир Ҳусанов, Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолга боғлаб қўйган. Бироқ жаҳон грандлари учун бу етарли эмас. Кучли ротация ва ички рақобат зарур. Шунинг учун ҳам «Манчестер Сити» Англия Премьер-лигасининг энг муносиб марказий ҳимоячиларидан бири — «Кристал Пэлас» сардори Марк Гехига жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Маълумки, Гехи ёзда «Ливерпуль»га қўшилишига жуда яқин келганди, аммо турли сабабларга кўра бу трансфер амалга ошмай қолди. Унинг «Кристал Пэлас» билан шартномаси мавсум якунида тугайди. «Ливерпуль» уни ёзда эркин агент сифатида олиб келишни режалаштиряпти.
Бироқ «Кристал Пэлас» раҳбарияти шартномани узайтиришдан бош тортган сардорини январ ойидаёқ сотиб, пул ишлаб олиш тарафдори. «Сити» эса шу имкониятдан фойдаланиб қолишга тайёр.
Daily Mirror маълумотларига кўра, «Манчестер Сити»нинг Гехини қўлга киритиши осон кечмайди. Чунки Англия терма жамоаси ҳимоячисини «Реал», «Барселона», «Бавария», «Интер» ва «Ювентус» каби жаҳоннинг йирик клублари ҳам кузатиб бормоқда ва улар ҳам трансферни қишки ойларда амалга ошириш учун ҳаракат бошлаган.
Шундай экан, Марк Гехининг келажаги қайси клуб билан боғланиши ҳали ҳам сирли бўлиб турибди. Аммо аниқки, Гвардиола ҳимояда янги қудратли номни кўришни истаяпти.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!