Онлайн таълим соҳаси аллақачон сезиларли даражада ривожлана бошлаган эди, аммо 2020-йилда юз берган коронавирус пандемияси бу жараённи янада тезлаштирди ва кенгайтирди. Ҳозирда уйда ўтирган ҳолда деярли ҳамма нарсани ўзлаштириш мумкин, фақат тиббиёт ва айрим бошқа махсус соҳаларни бу жараёндан мустасно қилиш керак. Шу билан бирга, онлайн таълимда билим олиш жараёнида тўсқинлик қиладиган бир қатор умумий омиллар ҳам мавжуд.
Шунинг учун онлайн таълимни самарали қилиб олиш учун биринчи навбатда бу жараённинг табиатини ва у билан боғлиқ қийинчиликларни тўлиқ тушуниш зарур. Кимдир бу усулдан ҳақиқатан янги кўникмаларни эгаллаш учун фойдаланади ва компьютерни ёқиш кифоялиги учун, қўшимча ҳаракатсиз ўрганиш имкониятидан хурсанд бўлади. Бошқалар эса, сиз ҳам бундай инсонларни биласиз, ўнлаб онлайн курсларга пул тўлашади, аммо натижа кўринмайди.
Ҳар биримиз турлича ва ҳар хил даражада ўрганамиз. Бу кимдир бошқаларидан ёмонроқ ёки яхшироқ дегани эмас, фақат характер, тажриба ва баъзан генетика таъсирида шу жараён шундай кечади.
1. Мотивациянинг етишмаслиги
Мотивация ҳақида жуда кўп ёзилган ва гапирилган, гўёки ҳар ким бу соҳада мутахассис бўлиб кетгандек туюлади. Аммо муаммо шундаки, кўпинча энг муҳим саволни ўзимизга бермаймиз: "Нега бу мен учун зарур?"
Болаликдан бизга хоҳлаганимизни эмас, кераклигини қилиш муҳим деб ўргатишган. Аслида эса, ниманидир ҳақиқатан хоҳлаётганимизни ҳис қилиш ва аниқ, қувончли мақсадга эга бўлиш энг кучли мотиватор ҳисобланади. Бунинг учун аввало, “Бу менга нима учун зарур?” деган саволга ўзингиздан жавоб топиш зарур.
Онлайн таълимда ҳам шундай: тушунтириш мумкин, лекин ўзингиз англамасангиз, бу жараён фойда бермайди. Натижада, ўқиш жараёни қизиқ туюлмайди, диққат йўқолади ва вақт ўтган сари янги билимларни ўзлаштириш учун ўзингизни мажбур қилиш тобора қийинлашади. Шунинг учун самарали ўқиш учун бу жараённинг аҳамиятини аниқлаш муҳим.
2. Ўрганишни эмас, фақат ўқишни хоҳлаш
Баъзи одамлар “ўқишни севаман” деган ниқоб ортида хавфли тузоққа тушиб қолишади. Аслида янги нарсани бошлаш ёки ҳаётда ниманидир ўзгартириш қўрқинчли туюлиши мумкин. Масалан, кимдир касбини ўзгартирмоқчи бўлади. Бу ҳолда ўқиш, ҳатто мураккаб бўлса ҳам, хавфсиз йўл сифатида кўринади — доим ёнида ўқитувчи ёки куратор бор. Тушунарсиз топшириқлар, имтиҳонлар, ҳатто паст баҳолар ҳам барибир катта хатога олиб келмайди.
Янги касбга киришиш эса аллақачон “хавфсизлик боғичини ечиб, тик қояга чиқиш” каби. Бу чўққида ҳеч ким сизни кутмайди. Шу сабабли кўпчилик ўзини “ҳали етарли билимга эга эмасман” деган баҳона билан оқлайди ва бир курсдан кейин иккинчисини бошлайди ёки бутунлай бу соҳадан воз кечади. Натижада ўқиш натижалари яхши бўлса ҳам, ҳаётда қўлланмайди ва бундай ўқиш самарали бўлмайди.
3. Жонли мулоқотнинг йўқлиги
Кўпинча ўзимизни “интровертман” деб тасвирлаймиз ва фақат билим керак, одамлар билан мулоқот шарт эмас деб ўйлаймиз. Аммо аслида жонли мулоқот онлайн таълимда етишмайдиган энг муҳим омиллардан бири.
Биринчидан, бу мулоқот сизга янги фикрлар, саволлар туғилганда уларни дарҳол муҳокама қилиш имконини беради. Одамлар ўз қарашларини баҳам кўрганда, баъзида ўзингиз ҳеч қачон ўйламаган нуқтаи назарни эшитасиз. Ана шундай мунозараларда ҳақиқат дунёга келади. Бир киши яхши ўйласа, икки киши ундан ҳам яхшироқ фикр айтади.
Иккинчидан, дўстона муҳит ва соғлом рақобат кўпчиликни илҳомлантиради. Кимдир фақат қизиқиш учун ўқиса, бошқаси “мен ҳам уддалашим керак” деган ички туртки билан ҳаракат қилади.
Учинчидан, таълим орқали орттирилган танишлар — нетворкинг — келажакдаги иш фаолиятингизда катта фойда келтириши мумкин. Агар ўрганаётган соҳангизда ишлашни режалаштираётган бўлсангиз, айнан шу соҳадаги алоқалар сизни тезроқ олдинга олиб чиқади.
4. Таълимдаги ортиқча эркинлик
Онлайн ўқишнинг энг кўп тарғиб қилинган жиҳатларидан бири — дарсни истаган вақтда қилиш, танаффус олиш ёки машғулотларни шахсий жадвалга мослаштириш имконидир. Бу қулайдек кўринса-да, аслида кўпчилик учун самарадорликни пасайтирадиган тузоққа айланади.
Бундай шароитда ўрганишни давом эттириш учун темир интизом ва қатъий мотивация керак. Аксарият одамлар вазифаларни кейинга суриш одатига тушиб қолади: ҳеч ким сўрамайди, жарима йўқ, фавқулодда ҳолат ҳам юз бермайди. Натижада дарслар тўхтайди. Шунинг учун онлайн таълимда ҳам аниқ режа ва қатъий муддатлар бўлиши керак.
5. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган умидлар
Курс ташкилотчилари кўпинча ортиқча ваъдалар беришади: материал ҳаммага тушунарли бўлади, ўрганилган билимлар дарҳол амалиётда қўлланади ва ҳатто иш топиш осон бўлади. Аммо реал ҳаётда натижа бошқача бўлиши мумкин.
Бу курслар ёмон дегани эмас, фақат онлайн таълимда кўп омиллар натижага таъсир қилади. Агар фақат курсга ёзилиш билан ҳаммаси ўзгаради деб ўйласангиз, тезда хафсалангиз пир бўлиши мумкин. Шу сабабдан реалистик ва мантиқий мақсадлар қўйиш муҳим.
6. Кўп ишни бир вақтда қилишга уринув
Кўпчилик онлайн ўқишни уй ишларига қўшиб қилиш мумкин деб ҳисоблайди: дарс тинглаб туриб овқат пишириш, кир ювиш ва бошқа юмушлар билан шуғулланиш. Аммо бу ёндашув самарасиз — кўп вазифалик (мултитаскинг) деган нарса аслида мавжуд эмас.
Бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни бажариш мумкин, лекин уларнинг ҳар бири сифатсиз чиқади
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!