АҚШ Дартмут коллежи олимларининг янги тадқиқоти шуни кўрсатдики, узоқ муддат давом этадиган COVID-19 касаллигининг яна бир ножўя таъсири «юз танимаслик» деб аталадиган прозопагнозия бўлиши мумкин. Бу одамларни таниб олиш қобилиятини йўқотишдир.
Олимларга коронавируснинг кўплаб ножўя таъсирлари, жумладан, диққат, хотира ва нутқнинг бузилиши, шунингдек, ҳид ва таъмни йўқотиш маълум эди. Аммо прозопагнозия илгари учрамаган.
Янги тадқиқотда олимлар 28 ёшли Энни билан боғлиқ ҳолатни тасвирлаб беришди. Қиз портрет рассоми бўлиб ишлаган, аммо COVID-19 касаллигидан кейин у одамлар юзини, шу жумладан қариндошларини танимай қолган. У касал бўлганидан кейин ота-онаси билан биринчи марта учрашганида, уларни танимасдан ўтиб кетган. Фақат овоз билан чақиришганида таниган. Шунингдек, қиз навигация қобилиятининг ёмонлашувидан шикоят қилган.
Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, бундай анормалликлар одатда мия жароҳатлари ёки ривожланиш бузилишларидан кейин кузатилади. Аммо Энни ҳеч қачон бундай нарсаларни бошдан кечирмаган эди.
Беморда ҳақиқатан ҳам прозопагнозия борлигига ишонч ҳосил қилиш учун олимлар бир қатор тестларни ўтказди: унга таниқли ва нотаниш одамларнинг фотосуратлари кўрсатилди. Дарҳақиқат, қиз қариндошларини таниб олишда қийналган.
Олимларнинг фикрича, бу узоқ муддатли коронавирус билан боғлиқ. Шунинг учун улар 12 ҳафта ёки ундан кўпроқ вақт давомида COVID-19 аломатлари бўлган яна 54 кишининг маълумотларини ўрганиб чиқишди. Уларнинг аксарияти когнитив муаммоларни, жумладан, оила аъзоларини таниб олишда қийинчиликларга учраган.
Шундай қилиб, гарчи тадқиқот миқёси кичик бўлсада, олимлар «юз танимаслик» касалликнинг кенг тарқалган оқибати бўлиши мумкин деган хулосага келишди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг