date

АҚШ Сурия раҳбарига қарши санкцияларни бекор этишни таклиф қилди

АҚШ Сурия раҳбарига қарши санкцияларни бекор этишни таклиф қилди

Штатлар халқаро сиёсат майдонида янги қадам ташлади — Вашингтон БМТ Хавфсизлик Кенгашига Сурия вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шаръа ва мамлакат ички ишлар вазири Анас Ҳасан Хаттабга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишни назарда тутувчи резолюция лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт маълум қилганидек, 10 ноябрь куни Сурия раҳбари Вашингтонга ташриф буюради ва АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашув ўтказади. Axios нашрининг ёзишича, мазкур учрашувда икки томон ИШИДга қарши халқаро коалицияни кенгайтириш масаласини муҳокама қилиши ва Сурия расман қўшилиш бўйича келишувни имзолаши кутилмоқда.

Reuters таъкидлашича, агар БМТ Хавфсизлик Кенгаши ушбу резолюция бўйича овоз беришни Трамп билан режалаштирилган учрашувгача ўтказмаса ҳам, бу аш-Шаръанинг сафарини тўхтатмайди. Сабаби, БМТнинг санкциялар қўмитаси илгари ҳам Сурия вақтинчалик ҳукумати раҳбарларига саёҳат рухсатномалари берган. Шунингдек, сентябр ойида 25 йил ичида илк бор Сурия ташқи ишлар вазири Ҳасан аш-Шибаний АҚШга ташриф буюргани маълум қилинганди.

Сўнгги ойларда Вашингтон БМТ ХК аъзоларини Дамашққа нисбатан босимни юмшатишга чақириб келмоқда. Ҳозирча АҚШнинг янги резолюцияси қачон овозга қўйилиши аниқ эмас. Унинг қабул қилиниши учун камида тўққиз давлатнинг “ҳа” овози ва доимий аъзолар — Россия, Хитой, АҚШ, Франция ёки Буюк Британиянинг ветоси бўлмаслиги зарур.

Трамп маъмурияти бу йўл билан Сурия билан муносабатларни қайта тиклаш ва минтақадаги таъсир доирасини мустаҳкамлашни кўзлаётгани айтилмоқда. Май ойида АҚШ президенти ўз баёнотида Сурияга нисбатан сиёсатни кескин ўзгартиришини ва мамлакатга қўйилган иқтисодий чекловларни босқичма-босқич бекор қилишни эълон қилганди.

Шу билан бирга, 15 октябр куни Аҳмад аш-Шаръа Москвага ташриф буюриб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашган эди. Учрашувда у Дамашқдаги янги ҳокимият Россия билан олдин тузилган барча шартномалар ва келишувларга содиқ қолишини билдирди. Путин эса ўз навбатида Москва Сурия билан тўлиққонли муносабатларни қайта тиклашга тайёр эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аш-Шаръа 2024 йил охирида Россиянинг кўп йиллик иттифоқдоши Башар Асад ҳукуматини ағдарган ва Дамашқда вақтинчалик ҳокимиятни қўлга олган. Унинг жанговар тахаллуси — Абу Муҳаммад ал-Жўланий бўлиб, илгари “Нусра фронти” исёнчи ҳаракатини бошқаргани билан танилган.

Россия кўп йиллар Асад ҳукуматини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келган бўлса-да, янги ҳокимиятнинг ҳокимиятга келиши билан Москва ўз сиёсатида ўзгариш киритди. Асад ва унинг оиласи Россияга сиёсий бошпана олган. РФ оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Асадлар ҳозир Москвада истиқомат қилмоқда.

Мутахассислар фикрича, агар БМТ резолюцияси қабул қилинса, бу нафақат Сурия иқтисодиётини жонлантиради, балки Вашингтон ва Дамашқ ўртасида янги дипломатик давр бошланишига замин яратади. Халқаро сиёсат кузатувчилари эса бу жараённи Трамп маъмуриятининг Яқин Шарқдаги нуфузини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Сурия раҳбарига қарши санкцияларни бекор этишни таклиф қилди