Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган босқинчилик уруши оқибатида ўзбекистонликлар ҳам жабр кўряпти. Улар дуч келган муаммоларни ечишда ёрдам бераётган фаол ҳамюртларимиздан бири – ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева. Биз у билан РФдаги ватандошларимиз дуч келаётган хавфлар ҳақида суҳбатлашдик.
— Сиз учратган мигрантларнинг аксари нима учун Россияга боради?
— Биринчидан, географик томондан келиш энг осон бўлгани учун. Иккинчидан эса келиш осон бўлган мамлакатлар ичида энг кўп ҳақ тўланадигани – Россия. Масалан, Туркия ва Қозоғистонга ҳам бориш осон, лекин ҳақ тўлаш, иш соатлари масаласида Россия даражасида эмас. Туркия билан солиштириб кўрганимизда, у ерда ишлайдиган тикувчи 21 соат учун оладиган ҳақни Россияда 14 соатда олиши мумкин экан. Бундан ташқари, иш соатлари узунроқ ва бошқа жойда ишлашга улгурмайди, Россияда эса қўшимча бошқа иш қилишлари мумкин.
Ўзбекистонликлар Туркияда ҳам, Россияда ҳам биринчи 3 ойликда визасиз юриши мумкин. Бу нарса Қозоғистонда бир ойга тушириляпти, Россия ҳам шундай қилишни режалаштирган кейинги йилдан. Яъни ҳар учала давлатда бир хил вазият, лекин фарқ бор.
— Мигрантлар учраётган асосий ноқулайликлар нималар? Дин ва менталитет томондан Туркия ва Қоғозистон яқинроқ, демак, иқтисодий томон биринчи ўринда бўлгани учун Россия танланяпти?!
— Биринчи навбатдаги ноқулайликлар ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун белгиланган муддат меҳнат муҳожири учун жуда кам, яъни 15 кун, бу вақтда улгурмайди. Агар расмийлаштирган ҳужжатлари мигрантлар бўйича базага тушмаса, муҳожир кейинги ҳужжатларни ололмайди. 15 кун ичида рўйхатдан ўтиш деярли имконсиз. Ўтган йили 2 млн 59 минг киши патент олган. Яъни ҳужжатлар расмийлаштирилиши учун ижара уйга вақтинчалик рўйхатдан ўтиш керак, лекин Россия фуқаролари бундан қочади. Шундоқ ҳам россияликлар учун давлат органлари билан юзлашиш ёқимсиз ҳолат. Ўзбекистонда ҳам шундай қийинчиликлар бор: шаҳар банкида ишлаш учун ўша шаҳарда рўйхатда туриши керак экан.
![](https://storage.kun.uz/source/9/B5kLR0hhaV1AloLi0OqzGMJIUbcXQhn1.jpg)
Дейлик, 2,5 млн одам учун камида 1,5 млн россиялик уйига рўйхатдан ўтказиши керак, лекин ундай одамлар йўқ. Натижада умумий ётоқхоналарга юклама кўпайган. Аксарият рўйхатдан ўтганлар ўзи яшаб турган жойга қилмайди.
Меҳнат муҳожирининг барча ҳужжатлари базага тушгандан кейин у 30 кун ичида патентга топшириши керак, бунинг учун эса камида 15 минг рубл пули бўлиши лозим (яшаш харажатларидан ташқари). Аммо бизда аксарият меҳнат муҳожирлари ўзи билан пул олиб келмай, харажатларга тайёр бўлмайди. Натижада эса катта фоиз эвазига микрокредит олишади.
Патент ҳужжати чиққунга қадар ҳам ишлаши керак бўлади яшаш учун, лекин текширувга тўғри келиб қолса, суд орқали депорт қилишади. Олдин аёлларни камроқ депорт қилишарди (10 та эркакка битта аёл тўғри келарди), ҳозир эса аёлларни депорт қилиш ҳам кўпайган. Демак, текширувлар ортган анча. Ҳозир шунчаки йўлда тўхтатса ҳам, ёнидаги ҳужжатлар ичида патент бўлмаса, полицияга олиб бориб, ноқонуний ишлаётган мигрант сифатида расмийлаштиришади ва суд орқали қайтариб юборишяпти.
Ҳозир ҳайдовчиларга нисбатан ҳам рейдлар кучайган. Охирги ишимда патрул ходими тўхтатиб, ҳайдовчилик гувоҳномасининг таржимасини сўраган, аммо Россия қонунчилигида бу нарса йўқ. Кейин эса алкоголь тестидан бош тортди деб, гувоҳномасини 1,5 йилга тўхтатган, ўзини 30 минг рубл жаримага, 55 минг рубл эвакуация учун, 105 минг рубл эса гўё маст ҳолатда машина ҳайдагани учун жаримага тортишган.
Олдинлари ЙПХ ходимларининг аудиоёзувлари орқали исботлар эдик, ҳозир судлар уни ҳам инобатга олмаяпти. Умуман, меҳнат муҳожирлари патент олгунга қадар учрайдиган тўсиқлар янада кўпайган. Ёппасига текширувлар ошган, меҳнат муҳожирлари эҳтиёт бўлиб юриши керак энди.
— Россияда демографик ҳолат йилдан йилга ёмонлашяпти. Украинага босқин туфайли мамлакатни яна кўплаб одамлар тарк этди. Ишчи кучи ва аҳолиси камайиб боряпти. Инсон ресурсига эҳтиёж борлигини марказий ва пропаганда каналлари орқали айтишади, лекин уларни «чиқиштиришмайди». Нега бундай бўляпти?
— Сабаб шуки, миграция масаласида давлат ва жамият ўртасида якдил фикр йўқ. Бундан ташқари, 10-15 йиллик стратегия ҳам йўқ бу масалада, бошқа ривожланган давлатларда бор бу нарса. Агар бўлганда, қонунчилик шу стратегияга мувофиқлаштирилар эди. Ҳозирги мавжуд қонунчиликда эса бир қанча зиддиятлар бор.
Охирги чиққан таклифлардан бири мигрантлар учун ID карта бўлди. Яъни унда муҳожирнинг барча ҳужжатлари интеграция қилиниб, картада бўлади. Яхши таклиф эди. Масалан, ҳозир мигрантлар патент ҳақиқий эканини исботлаш учун тўланган чекларни олиб юриши керак, шунчаки қайсидир база орқали текшириш имконияти йўқ.
Ҳозир бир йилга бериладиган сифатсиз, ҳеч нарсага ўтмайдиган ID карта бериляпти, унда шунчаки муҳожирнинг ID рақами ёзилган, холос. Фақат шу сифатсиз қоғозни чиқараётган типографиялар фойда қиляпти. Демоқчиманки, стратегия бўлганда, қонунчилик мувофиқлашиб, барчаси битта тизимда бўларди ва осонлашарди. Ҳозир бир таклиф берилади, кучга кириб улгурмасидан бошқа таклиф бўлади яна.
Тиббий кўрикдан ўтишни 3 ой қилиб белгилашган эди, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги биз бундай юкламага улгурмаймиз дегани учун 1 йил қилиб қўйишди. Берилаётган таклифлар, ислоҳотлар реал ҳолат билан тўғри келмайди.
Америкада бир мигрантнинг боласи ўқувчиларга ўқ узгани учун Путин океан ортидаги, бошқа характердаги Россияда мигрантларнинг фарзандлари учун мактабни чеклаб ташлади, яъни маълум квота бўлди энди. Америка мигрантлари – асосан қочоқлар, яшаш учун борадиганлар, бу ердагилар эса мавсумий ишловчи меҳнат муҳожирлари. Умуман бошқа-бошқа характерга эга. Бундан ташқари, Марказий осиёликлар ва россияликларнинг турмуш тарзида ўхшашлик, умумий жиҳатлари, кесишадиган томонлари кўп. Яъни Россияга бегоналар келмайди. Тартиб-қоидалар ҳам фарқ қилмайди Ўзбекистон билан.
Ўзи умуман, Россияда миграция бўйича тадқиқотлар мавжуд эмас, ўрганиш истаги ҳам йўқ, қанчадир йилдан кейин қандай бўлиши керак, деган саволга ҳам жавоб йўқ.
— Сизнингча, 25 йилдан сўнг Россияда миллат генофонди қандай бўлади?
— Украинага босқин ортидан бу русларни йўқ қилиш операцияси деган назариялар ҳам кучайган ҳозир. Туғилишлар сони кам, ўлимлар сони эса кўп. Ҳисоб-китобларга кўра, 10 йилдан кейин Россиядагиларнинг кўпчилигида славянлик белгилари йўқолади.
Умуман, бундай назариялар, статистикалар одамларни катта хавотирга қўйяпти. Бундай қарашлар ва хавотирлар либерал оппозиция томонидан бўляпти, дейилади. Лекин ўйлашимча, Россияда либерал оппозиция йўқ.
Бундан ташқари, 25 йилдан кейин ўртача ҳар иккинчи одам Ислом динига эътиқод қилади. Шундоқ ҳам ҳозир Кавказ тарафларда, Россиянинг бошқа чекка ҳудудларида Ислом дини ёйилиши кучайган. Исломофобия, мигрантофобиялар йўқолиб, янги келган ҳукумат олдинги хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилади.
Миллатчилик, ксенофобияни йўқотмасдан, яхши давлат қуриб бўлмайди, шунинг учун ҳам келадиган янги ҳукумат буларни тўғрилашга ҳаракат қилса керак. Яъни 25 йилдан сўнг бундай иллатлардан асар ҳам қолмайди, менимча.
— Асосий сўрамоқчи бўлганим – уруш масаласида бизнинг мигрантлар билан боғлиқ ҳолатлар. Ўзингиз гувоҳ бўлган бир нечта кейслардан мисол келтирсангиз. Ноқонуний урушга олиб кетилаётганларни олиб қолган ҳолатингиз ҳам бўлганми ёки мурожаат қилишганми?
— 1995 йилда туғилган йигит уйланиш ва ўқишга пул топиш учун келган Россияга. Ўзи ёлғиз ўғил бўлган. Бошқалар каби Telegram канал ва гуруҳлардан иш қидирган. Курьер бўлиб ёлланган. Икки кун ишлагач, гиёҳванд моддаларни етказаётгани учун қўлга олинган. Қамоққа олинганига 4 ой бўлгач, уруш бошланган ва унга ҳам таклиф беришган. Ҳозир эса бир йилдан ошиқ вақтдан бери яқинлари билан алоқаси узилган. Дом-дараксиз.
Урушга боришга таклиф олаётганларнинг яқинлари мурожаат қилишади менга. Дастлаб қўйилган айбловларга қарайман. Сўнг учрашув белгилашга ҳаракат қиламан, чунки тез-тез учрашув бўлиб турса, яқинлари билан алоқани йўқотиб қўймайди. Қамоқдаги мигрантларнинг асосий муаммоси кераксиз бўлиб қолиш ҳисси бўлади. Яқинлари билан боғланиб турса, ўзининг кераклигини ҳис этади.
Россия қамоқхоналаридаги қийноқлар, босимларни ҳамма билади, айниқса рус миллатига мансуб бўлмаганларга у ерда жуда қийин. Айнан кераксизлик ҳисси билан яшаётган мигрантга бизга кераксан деб урушга таклиф тушса, у руҳланиб кетади.
Ишонадиган одамларимнинг айтишича, мажбурий олиб кетиш йўқ экан. Таклиф берилар экан, узоқ вақтли қийноқлардан сўнг яхши гаплар билан сўрашаркан. Яъни психологик жиҳатдан шунга йўналтирилар экан. Юқорида айтганимдек, бундай вазиятда яқинлари билан алоқа қилиб туриш муҳим. Ўзимнинг мижозларимга яқинлари билан учрашувлар анча ёрдам беряпти.
— Юрист, фуқаро ва ватандош сифатида Россияга бораётганларга давлат органлари билан бўладиган муносабатларда қандай маслаҳатлар берасиз?
— Россия Давлат Думасида кучга кираётган янги қонунлар бор.
Уруш бошлаганда, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига патент олиш жараёнида бир йиллик шартнома эвазига фуқаролик бериш таклиф этилаётган эди, аммо бунга қонуний асос йўқ эди. Ҳозир шу нарса қонунийлаштириляпти. Шунинг учун ҳар битта берилаётган ҳужжатларни эҳтиёт бўлиб, аниқ тушуниб, кейин имзолаш керак. Элчихона ходимлари ва юристлар билан маслаҳатлашиш керак. Ҳужжатларга эҳтиёткорлик билан қараш керак энди.
Мобилизациянинг оддий мигрантларга алоқаси йўқ. Фақатгина юқорида айтганимдек, ҳужжатларга эътиборли бўлишлари лозим. Статусга эгалар, фуқароликка қараб кетаётганлар эҳтиёт бўлиши керак. Уларга осон фуқаролик таклифлари билан ўзларига билдирмай жалб қилиши мумкин. Бирор ҳужжатга имзо қўйиб қўйгач, юридик томондан тўғрилаш жуда қийин ҳозирда.
— Матбуотда Украинанинг қарши ҳужумга ўтиши кўп янграяпти. Россиянинг баъзи жойларида потрлашлар ҳам бўляпти. Биноларга ракетага қарши тизимлар ўрнатиляпти. Россияда кайфият, аҳвол қандай?
— Ўтган йилнинг ўрталаридан бошлаб одамларда тушкунлик бор. Ҳар хил шоулар, ўйин-кулгилар бўларди, ҳозир дарак ҳам йўқ. Кўчаларда бемалол, хотиржам юрган одамларни кўрмайсиз. Хорғин, асабий одамлар кўп. Дам олиш кунлари кўчаларда сайр қиладиган, кўнгилочар машғулоти билан шуғулланадиганлар сони кескин камайган. Одамларнинг кўнглига сиғмаяпти. Дўконлар ва емакхоналарнинг фаолиятига ҳам салбий таъсир қиляпти.
— Сўнгсўз ўрнида ватандошларимизга нима деган бўлардингиз?
— Россияга биринчи келаётган юртдошларимиз рус тилини яхши билмаса, ҳужжатни биладиган инсонга кўрсатишсин. Кейин, давлат органлари ходимлари билан гаплашаётганда тушунмаётганини, рус тилини яхши билмаслигини айтишлари керак, шунда таржимон орқали гаплашиш ҳуқуқи юзага келади. Таржимонсиз суҳбатлар ноқонуний саналади. Мигрант тилни билмагани учун ҳуқуқларини қайта тиклаши ҳам мумкин бўлади.
Ва ҳужжатларни ўз жойида, тайёр қилиб юриш керак. Ҳозир ҳеч ким вазиятни юмшатишни истамайди бу ерда. Ҳужжат масаласи тўғри бўлмаса, Россияда юришни маслаҳат бермайман.
Давлат органлари кўп ҳолларда индивидуал шуғулланмайди ва ҳужжати тўғри инсонлар ҳам қўлга олиняпти бошқаларга қўшилиб. Шунинг учун ҳамма ўзи учун ҳаракат қилиб, ҳуқуқларини билиши лозим.
Бундан ташқари, элчихона, миграция марказлари, ёрдам бероладиган ҳуқуқшуносларнинг телефон рақамларини ёдлаб олишса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Бобур Акмалов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)