Абдулҳамидхон раҳимаҳуллоҳнинг вафотидан кейин турклар ундан ҳам яхшироқ ҳукмдор келади, деб ўйлашган эди. Дунёнинг кўпгина мамлакатлари раҳбарларининг унга нисбатан ғарази, даъвоси бўлган. Улар унинг шахсиятига қарши бўлишди, у ҳақида ҳар хил миш-мишлар тарқатишди. Усмонли халқини алдаб, чув туширишга муваффақ бўлишди. Афсуски, Абдулҳамидхон ўлимидан кейин вазият баттар бўлди. Улкан мусулмон мамлакати 48 та бўлакка парчаланиб кетди. Душманлар бу давлатларни иқтисодий, сиёсий ва диний жиҳатдан мустамлакага айлантиришга зўр беришди.
Ўша даврдан бери турк халқи икки тоифага бўлинган. Улардан баъзилари Европа қадриятлари ва маданияти билан яшайди. Чунки улар Туркиянинг айнан Европа билан бир хил бўлишини ваъда қилишган. Аммо бу тоифа узоқ давом этмади, Ғарб уларга асло ўз ҳуқуқини бермаслигини, уларга фақат қарам бўлиб қоладиган хизматкорлар кераклигини, Ғарб ҳар қандай қарорларни уларнинг рухсати ва розилигисиз қабул қилиши мумкинлигини англаб етган яна бир гуруҳ одамлар етишиб чиқди. Шунинг учун бу гуруҳ ўз олдига дунёвийлик тамойилидан воз кечмайдиган, айни пайтда Ғарбга тўлиқ бўйсунмайдиган, эркинроқ мамлакат яратишни мақсад қилди.
Иккинчи тоифа одамлар давлатнинг мустақил сиёсати, барқарор иқтисодиёти, ва мустаҳкам маданияти бўлмаса, ҳеч қандай эркинликка эриша олмаслигини тушунишган. Бунинг учун улар иқтисодиёт, сиёсат ва маданиятни ривожлантириш учун 700 йилдан ортиқ тарихга эга халқининг динини асос қилиб олишди. Бироқ, бу одамлар 70 йил давомида ташқи дунё ҳукмдорлари томонидан жазоланиб келишган. Буларни доимо биринчи гуруҳнинг қўллари билан жазолашди. Ана шу биринчи гуруҳ (Ғарбдаги оғаларининг топшириғи бўлган) шундай душманона ишларни қойиллатиб уддалашгани эвазига мукофот сифатида ҳокимият курсисида қолишлари учун 100 фоизлик қўллов олишди. Бу йўлда Мендерес, Эрбақон кабиларни осишди, қамашди...
Бугунги (ҳокимият учун курашаётган) икки гуруҳга келсак, биринчиси Ғарб қадриятлари ва маданиятига чуқур ишонади ва ўша руҳда тарбияланган.
Биринчи гуруҳ одамлари учун Ғарбдан айтилган ҳар бир сўз муқаддасдир. Бошқалар томонидан уларга нима таклиф қилинса ҳам, у токи Ғарбнинг эътиқод ва қадриятларига мос келмаса, қабул қилмайдилар. Туркия ўзининг иқтисодиёти ва сиёсати билан дунёнинг энг илғор давлатларидан бирига айланса ҳам, барибир рози бўлишмайди. Чунки бу ақида, ишонч масаласи. 70 йил давомида Ғарб тарбиясида ўсган кишилар ўз юртларини шу бегона қадриятларсиз қабул қила олмайдилар. Бундай одамлар давлат тузилмаларининг энг пастидан бошлаб, энг юқори лавозимларгача бўлган поғоналарига жойлашиб олган. Ёки улар хоҳлаган нарса бўлиши керак ёки ўлим! Бундайлар аҳолининг тахминан 15% ни ташкил қилади.
Иккинчи гуруҳ – аввалбошдан Ғарб маданияти билан келишмайдиган ва ҳур ҳаётни хоҳлайдиганлар. Уларнинг ўз дини, ўз маданияти бор ва улар ўз эркинлиги, ўз маданиятига эга чиқиш истагида. Худди буюк давлатлар каби. Улар кимнингдир бошқаруви остида бўлишни хоҳламайдилар. Улар буюк давлатлар билан тенг бўлишни исташади. Агар дунёда бешта давлат бошқарса, улар олтинчи бўлиш ниятида. Ёки бешинчи ўринни эгаллашлари ҳам мумкин. Бу уларнинг режалари. Агар бошқа давлатлар улардан ниманидир талаб қилса, улар ҳам шуни сўрайдилар. Агар улар қандайдир давлат унга бўйсунишини хоҳласа, худди шуни улар ҳам талаб қиладилар. Улар ҳуқуқлар тенг бўлишини исташади, бироқ бу йўлдан бориш осон эмаслигини ҳам тушунишади. Улар учун бу қийин, лекин улар таслим бўлишмайди ва кундан-кунга олдинга боришади. Улар шу даражага эришиш учун ҳеч нарсасиз қолишга, ҳатто ўлишга ҳам тайёр! Улар ҳам аввалги гуруҳдек, аҳолининг тахминан 15% ни ташкил қилади.
Қолганлари жуда оғир кунларни бошидан кечирган оддий одамлардир. Улар аслида нима бўлаётганини ҳам тушунишмайди.
Энди сайловлар ҳақида. Сайлов ҳазил ва бекорчи нарса эмас. Туркияда бешинчи синф боласи ҳам сайловни кузатади, кейинги даврни ким бошқариши мумкинлигига эътиборини қаратади. Бу ерда дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларидаги каби халқ амалдаги раҳбарини “бир овоздан” қайта сайлайвермайди! Ҳақиқатан ҳам, жорий йилнинг 14 май куни бўлиб ўтадиган сайлов олдинги барча сайловлар ичида энг мураккаби бўлиши кутилмоқда.
Ражаб Тоййиб Эрдоғанга келсак, у иккинчи гуруҳга мансуб. Бу ерда вазият Мисрда бўлгани каби ҳолатда турибди. Доктор Муҳаммад Мурсий ва бошқа номзоднинг танлови Миср қибтийлари ва мусулмонлар ўртасидаги танлов эди. Икки хил маданият. Худди шундай бу ерда ҳам баъзилар уларга буйруқ берганларнинг истагини бажариш истагида, бошқаларининг эса нияти озодлик, тенглар ичра тенг бўлишдир.
Доктор Мурсий, у олий ҳокимият лавозимига сайланган ягона зиёли, муносиб олим эди. Араб давлатларида 100 йилдан бери бундай шахс раҳбарлик лавозимида бўлмаган. Унинг бошқарувга келиши барча буюк давлатларга таҳдид солди. Натижада Миср халқи бу жангда мағлуб бўлди. Ҳозир у ерда нима бўлаётганини ўзингиз кўришингиз турибсиз. Мисрнинг кўплаб олимлари, бойлари, муваффақиятли одамлари, ишлаб чиқарувчилари, сиёсатчилари бошқа мамлакатларга қочиб кетмоқда.
Турк дунёси ўз танловини кутмоқда. Бу сайлов турк ва араб дунёси, айниқса, буюк давлатлар учун катта аҳамиятга эга.
Иккинчи гуруҳ Туркияни 20 йил ичида эркин ва ривожланган давлатга айлантирди. Буни биринчи гуруҳ 70 йил давомида қила олмаган эди. Буни ҳамма кўриб турибди. Чунки у аллақачон энг яхши 20 давлат қаторига кирди.
Бироқ бу ўринда бир катта муаммо бор. Баъзи диндорлар қатлам иккинчи гуруҳга овоз бермоқчи эмас, биринчи гуруҳга-ку мутлақо! Сабаб сифатида улар қонунларнинг шариатга асосланмаганини рўкач қилишади. Уларнинг эътиқодини ва шу боис ғашлигини тушуниш мумкин. Аммо диний билимлари етарли бўлмагани учун ҳозирги пайтда истакларини амалга ошириб бўлмаслигини англаб етишмайди. Улар қачон қизлари ҳижоб туфайли мактабдан ҳайдалса, ёки ташқи кўриниши учун диплом берилмаса, ёки аёллари диний эътиқоди учун махсус хизматлар томонидан сўроқ қилинса, олимлари экстремизм билан айбланиб, бойлар таъқиб қилинсагина мусулмонларни қўллаб-қувватлайдиган шундай раҳбарни сайлаш кераклигини тушунадилар. Аммо унда кеч бўлиши мумкин.
Улар аксарият мусулмон мамлакатларидаги кузатилаётган оғир аҳволни билмайдилар, тушунмайдилар.
Бу сайловларда халифа сайлаш ҳақида гап кетаётгани йўқ.
Ёхуд шариат қонуни яхшироқми ёки конституциями, деган савол ҳам қўйилмаяпти.
Сўз бир шахснинг мусулмонларни ҳимоя қилиши ҳақида кетмоқда.
20 йиллик бошқарув ва қонунлар қабул қилишда аҳолининг 90 фоизини ташкил этувчи мусулмонларнинг манфаати кўзланди. Аммо ҳеч ким хатолардан холи эмас, биз инсонмиз, ҳаммамиз хато қиламиз.
Агар турклар иккинчи гуруҳни танласа, Туркия туркий давлатлар ичида етакчи бўлиш имкониятига эга. Бошқалар эса Туркиядан ўрнак олишга интилади. Араб мамлакатларига келсак, улар ўртасида обрў ва ҳурмат анча кўтарилади. Кўпгина давлат ишлари Туркия билан маслаҳатлашиб ҳал қилинади. Шунингдек, буюк давлатлар Туркияга муносабатини албатта ўзгартиради. Улар шунга мажбур бўлади.
Ғарб куну тун имкониятни бой бермаслик учун биринчи гуруҳ билан очиқдан-очиқ ҳамкорлик қилмоқда. Агар иккинчи гуруҳ мағлуб бўлса, мамлакат камида 20 йил орқага қайтади. Халқ ўзига келгунга қадар катта имконият ва вақт йўқотилади, оқибат Мисрдаги каби бўлади, шунинг учун турк халқи улкан танлов олдида турибди.
Кўрамиз, турк халқи кимнинг йўналишини танлайди. Ғарб Ражаб Тоййиб Эрдоған бошчилигидаги иккинчи гуруҳнинг мағлубиятини тантана билан нишонлаш учун кутмоқда.
Мусулмонлар эса унинг ғалабасини минораларда такбир ва азон айтиб кутмоқдалар.
Ишонамизки, Ражаб Тоййиб Эрдоған ғалаба қозонади ва яна унинг оғзидан Ҳақ таолонинг: «Дарҳақиқат, Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик», деган сўзларини эшитамиз, инша Аллоҳ!
Доктор Муҳаммад Акбаров,
Исломий иқтисод ва ҳуқуқ бўйича фалсафа доктори
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)