Жорий йилнинг 14 май куни Туркияда Президентлик ва парламентга сайловлар бўлиб ўтди. Мазкур жараён бутун дунёдаги кўплаб оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Чунки ушбу сайловнинг Туркия чегарасидан ташқарида ҳам аҳамияти катта экани шубҳасиз. Сайлов 28 май кунги иккинчи турга қолганидан хабардорсиз. Бироқ сайловолди тарғибот даврида айтилган башоратлар, берилган ваъдалар, уюштирилган фитналар... Буларнинг бари ҳақида гапириб тугатиш қийин.
“Бу мамлакатга нима камлик қиляпти? Номуссиз сиёсат! Биз ўлкага номуссиз сиёсатни олиб келамиз”.
Ушбу жумлалар, қанчалик ғалати туюлмасин, ЖХП раиси, Эрдоғаннинг асосий мухолифи, президентликка номзод Камол Қиличдорўғлига тегишли. Бугунги мақолада сайлов атрофидаги мулоҳазалар ва ЖХПчиларнинг “номуссиз сиёсат”и ҳақида сўз юритамиз.
Юзага чиқ(ма)ган башоратлар...
14 майдан олдин бир қатор турк мухолифати вакиллари сайловларда Эрдоған биринчи турдаёқ катта фарқ билан мағлубиятга учраши башорат қилаётган эди. Бу табиий ҳол. Чунки мухолифатнинг иши шу аслида. Бироқ улар ўз фикрларини бир қатор ижтимоий сўровномалар билан дастаклагани ҳам кузатилди. Энг қизиғи бу каби сўровномаларни бир қатор хорижий нашрлар ҳам пеш қилиб, амалдаги ҳукуматга халқнинг ишончи қолмагани ҳақида бонг урарди.
Европадаги кучларнинг ғайирлигини тушунса бўлади, чунки Эрдоған улар учун ноқулай, аниқроғи, “гапга кирмайдиган қулоқсиз” раҳбар. Ҳатто бир қарашда тарғиботларида бир қанча асослар ҳам бордай эди. Иқтисодий қийинчиликлар, лиранинг қадрсизланиши, кўчмас мулкнинг ошиб кетиши, 6 февралда рўй берган зилзила ва бир қатор омиллар Эрдоғаннинг сиёсий имиджи тушиб кетгани ҳақида тасаввур уйғотмоқда эди.
Аммо уларнинг кутгани бўлмади. Ғарб пропагандаси ҳам, Қиличдорўғлининг жимжимадор ваъдалари ҳам ўтмади, турк халқи яна бир карра ўз сиёсий иродасини намойиш этди, эта олди. Сайловчиларнинг деярли 50 фоизи амалдаги президентни танлади. Хуллас, башоратчиларнинг ишоратлари, найранглари иш бермади.
Дарвоқе, рўёбга чиққан башоратлар ҳам бор. Улардан бири собиқ ЖХПчи, Мамлакат партияси раҳбари, президентликка номзод Муҳаррам Инжанинг сайловолди тахминлари.
Инжа 2018 йили асосий мухолифат томонидан президентлик сайловида иштирок этган ва сайловчиларнинг 30 фоиздан ортиғининг овозини йиғишга эришганди. Сайловга уч кун қолганда ўзига қарши уюштирилган бир қатор фитналар сабаб Муҳаррам Инжа сайловда иштирок этишдан бош тортди. Уятсиз видеоларга Инжанинг юзи монтаж қилиниб, тролл профиллардан ижтимоий тармоқларда тарқатилди. Бундан ташқари гўё у амалдаги ҳукуматдан жуда катта миқдорда пора олгани ҳақида миш-мишлар уюштирилди.
“Мен номзодимни қайтариб оламан. Сўнгги 45 кун давомида ўзимга нисбатан тарқатилган иғволарга, бўҳтонларга чидаб келдим. Лекин ортиқ тоқатим тоқ бўлди. Эртага сайловда Эрдоғанга ютқазиб, ўз хатоларини тан олмай, барча айбни мени зиммамга ағдариб қўйишлари муқаррар: “Агар шу бўлмаганда сайловчиларнинг “овоз”лари бўлинмасди” деб”.
Хуллас, Инжанинг башоратлари юз берди. Биринчидан, Қиличдорўғли Эрдоғандан анча орқада қолиб кетди. Иккинчидан, мухолифат барибир уни маломат қилди. Эрдоған эса эртаси куниёқ унга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўради ва айбдорлар топилишини билдирди. Дарҳақиқат, кўп ўтмай гумонланувчилар қўлга олинди. Энг ёмони шундаки, Инжага нисбатан уюштирилган шантажларнинг ортидан ЖХП вакиллари чиқиб келмоқда. Ҳали бу борадаги тергов якунланиб, иш судга оширилса, вазият яна ҳам яққолроқ намоён бўлади.
Аламзадаларнинг нафрати
Зилзила рўй берган ҳудудлардаги аҳолининг Эрдоғанга овоз бермаслиги жуда катта ишонч билан башорат қилинаётган эди. Чунки мухолифат ҳукуматни зилзиланинг олдини олишда етарли чораларни кўрмагани, фалокат рўй бергач, офат ҳудудига қутқарувчи кучлар вақтида етиб бормагани ва бошқа важлар билан танқид қилган ҳамда ўша ҳудуддаги аҳоли ўзларини қўллаб-қувватлашига ғоят амин эдилар. Камига зилзиладан зарар кўрганларга ботмон ботмон ваъдаларни ҳам беришганди.
Лекин мухолифат кутган ҳолат рўй бермади. Табиий офат юз берган 11 вилоятнинг 9 тасидаги аксарият сайловчилар амалдаги президентга ишонч билдирди. Биргина курдлар яшайдиган Диёрбакир вилоятида Қиличдорўғлига 75 фоиз аҳоли овоз берди, холос. Бунга асосий сабаб унинг ПКК террор гуруҳи раҳбарларини қамоқдан чиқариш бўйича ваъдалари экани барчага аён. Хатай вилоятида эса “овоз”лар қарийб тенг иккига бўлинди.
Энг ёмони шундан кейин бошланди. Мухолифат вакиллари ва уларнинг тарафдорлари ижтимоий тармоқларда жабрдийда аҳолини очиқдан очиқ ҳақорат қилишга киришиб кетди. “Сенларга берган ёрдамимиз ҳаром бўлсин”, каби қарғишлар зилзила туфайли яқинларидан, молу мулкидан жудо бўлган инсонларнинг қалбини қанчалик яралаганини тасаввур қилиш қийин эмас. Қарғашга киришганлар орасида таниқли қўшиқчи ва актёрлар ҳам борлиги одамни ортиқча ажаблантирмайди.
ЖХП вакили бошқарадиган шаҳарларнинг бирида зилзила жабрдийдалари яшайдиган уйлар электр тармоқларидан узиб қўйилибди. Буни чиндан ҳам номуссиз сиёсат деса ярашаверади. Демак, инсонийлик нуқтаи назаридан эмас (Аллоҳ учун дейиш ортиқча, чунки уларнинг аксарияти динга ва диндорларга қарши одамлар), балки сайловда овоз йиғиш учун ёрдам кўрсатилган эканда, а? Ё алҳазар...
Таниқли тарихчининг башорати
“Қараб туринг, ҳали булар диндорлик бўйича мусобақага киришиб кетади...”
Марҳум Қодир Мисрўғли Туркияда машҳур ёзувчи, ҳуқуқшунос ва тарихчи эди. У 1933 йили Трабзонда туғилиб, 2019 йили Истанбулда вафот этган (Kadir Mısıroğlu деб изласангиз, интернетда жудаям кўп видеолари бор).
ЖХПчилар иқтидорда эканида диндорларга қарши кўп зулм ўтказган. Масалан, рўмол ўраган талаба қизларни куч ишлатиб университетлардан ҳайдаб чиқарган. Армиядаги ўғлини кўргани борган соқолли отани ичкарига қўйишмаган. Ҳатто яқиндаям ярадор аскарларни зиёрати учун ҳарбий госпиталга борган (Эрдоғаннинг аёли) Аминахонимни ҳижоби туфайли киргани рухсат берилмаган эди. Қисқаси, улар муттасил диндорларни камситиб келган.
Энг эсда қолган воқеалардан бири 1999 йили 2 май куни Туркия Буюк Миллат Мажлисида (парламентида) рўй берган. Депутатликка сайланган рўмолли аёл Мерва Кавакчини бутун бошли парламент аъзолари шармандаларча, юзсизларча ташқарига қувиб солган эди.
Ана шундай кунларнинг бирида Қодир Мисрўғли ажойиб гап айтади. “Қараб туринг, ҳали бу ЖХПлар диндорлик бўйича, тақводорлик борасида мусобақага киришиб кетади. “Эй халойиқ, менга овоз беринглар, мен ҳам мусулмонман!” деб томоқ йиртади булар” деганди у суҳбатларининг бирида. Аллоҳ раҳматига олсин, Мисрўғлининг башорати рўёбга чиқди. Аввал динга қаршилиги билан танилган мухолифат вакиллари сайлов арафасида айни шундай йўл тутдилар.
Масалан, Яхшилик (IYI) партияси раҳбари, бир пайтлар Нажмиддин Эрбақонга уюштирилган давлат тўнтаришининг бошида турганлардан бири Мерал Акшенер хоним беш ёшидан бери намоз ўқишини айтиб ҳайратга солган бўлса, Қиличдорўғли умрага бориб ҳожи бўлганини иддао қилди. Ваҳоланки у аввалроқ ҳижобни “бир метрлик пол артадиган латта” деб ҳақорат қилганди. Сайлов арафасида эса жойнамозни туфлиси билан босиб расмга тушгани мусулмонларни қаттиқ ғазаблантирди.
Қолаверса, рўза тутганини даъво қилиб ифторлигини намойиш қилар экан, Қиличдорўғли ва унинг иттифоқчилари вақтидан олдинроқ оғиз очиб юбориб шарманда бўлди. Яъни улар овқатланаётган пайтда шом азони айтилиб қолади.
Хуллас, номуссиз сиёсат ҳақида гапираман деса гап кўп. Башоратлар ҳақида ҳам. Дарвоқе, мақоламизнинг хулоса қисмига ўзбекистонлик таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг “башоратсимон” таҳлили билан нуқта қўйсак, яна ҳам мантиқийроқ бўлади, бизнингча. Чунки унинг фикрларига қўшилмай илож йўқ.
“Менимча, иккинчи турда Эрдоған ҳокимиятда қолади. Февралда бўлган “аср зилзиласи”, 2018 йилдан бери лиранинг беш марта қадрсизланишига қарамай, сайлов пойгасига энг кўп овоз билан келган Эрдоғанга, Синан Оған ва уни тарафдорларини ўз томонига оғдириш – иш бўптими? Сўровномаларга кўра, Қиличдор ўғли 49%, Эрдоған акамиз эса 44% овоз олиши керак эди. Лекин, натижалар тамоман тескари. Демак, Эрдоған ҳокимиятда қолади”.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz’нинг Туркияда мухбири
Манба: Azon.uz
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!