19:29 / 18.06.2023
502

У намунали губернатор бўлишни орзу қилганди, аммо уруш ўртасига тушиб қолди

Фото: vvgladkov / Telegram
Россия Украинага босқин бошлаганидан буён хабарлар лентасида тез-тез Вячеслав Гладков номини эшитиш одатга айланди. Охирги вақтларда Россиянинг Украина билан чегарадаги Белгород области губернаторининг исми айниқса кўп тилга олинмоқда. Айнан у областга зарбалар ва «украин диверсантлари»нинг Белгородга рейдлари ҳақида маълумот бермоқда.

Сиёсатчининг ўзи бундай машҳурликка эришишни хоҳламаганди. Доим одамлар чиндан яхши кўрадиган губернатор бўлишни орзу қилган Гладков бугун орзуларини чеккага суриб қўйиб, уруш ўртасига тушиб қолди. У ҳозир областни ободонлаштириш ҳақида эмас, «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин билан можарони ҳал қилиш, шунингдек, Путиннинг унга нисбатан специфик муносабати ҳақида бош қотиришга мажбур.

«Медуза» махсус мухбири Андрей Перцев Россиянинг энг машҳур губернатори Вячеслав Гладковнинг фаолиятига назар ташлади.

Чегарадаги қишлоқ

Новая Таволжанка – Украина чегарасига энг яқин жойлашган 5 минг киши яшайдиган қишлоқ. У охирги вақтларда урушнинг энг қайноқ нуқталаридан бирига айланди. 5 июн куни маҳаллий раҳбарият бир муддат қишлоқ устидан назорат қўлдан берилганини амалда тан олди. Гладков тушунтириш бермаган ҳолда бу қишлоққа кира олишмаётганини айтди.

Ўша вақтда Новая Таволжанкани Украина томонида туриб жанг қилаётган «Россия кўнгиллилар корпуси» жангчилари қўлга олганди. Улар қишлоқни эгаллаши билан Гладковни учрашувга чақириб, агар қўрқмай борадиган бўлса, унга асирларни топширишларини айтишди.

Гладков бу чақирувга тезда жавоб қайтарди. «Гўёки асирларни топшириш мақсадида мен билан учрашишни сўраган пасткаш, қотил ва фашистларнинг мурожаатини кўрдим. Бизнинг йигитлар уларнинг қўлида ва катта эҳтимол уларни ўлдиришган. Аммо улар тирик бўлса, [учрашишни] таклиф қиламан. Соат 17 дан 18 гача «Шебекино» автомобил ўтказиш пунктида. Хавфсизликни кафолатлайман», деди Белгород губернатори.

Шебекино шаҳри Новая Таволжанкадан бир неча километр масофада бўлиб, охирги вақтларда тез-тез ўққа тутилмоқда.

Шебекинода зарбага учраган ётоқхона биноси. Фото: Богдан Соболев / ТАСС

Гладков ва «Россия кўнгиллилар корпуси» вакиллари ўртасида учрашув ўтказилмади. Корпус вакиллари асир олинган россиялик ҳарбийлар алмашув рўйхатига киритилиши учун Киевга юборилишини айтди. Белгород раҳбарияти эса 6 июн куни «ҳудудда душман йўқ экани» ҳақида хабар бериб, аслида нима бўлганини ошкор қилмади.

«Медуза»нинг Кремлга яқин манбасига кўра, Гладков Украина томонида туриб урушаётган россияликлар билан учрашувга боришга тайёр бўлган, лекин бунга Россия президенти администрацияси вакиллари розилик бермаган. Улар гўёки украинпараст кучлар билан учрашиш Россиянинг обрўсига тўғри келмаслигини айтишган.

«У ўзгача бўлишни, уни яхши кўришларини хоҳлайди. РКК билан ҳам кўришган бўларди, бунга ишонаман», деган Гладковнинг узоқ йиллик дўсти бўлган манба.

Бу жиҳатдан келиб чиқиладиган бўлса, охирги вақтларда Гладковда ўзини кўрсатиш учун «етарлича имкон бўлмоқда», чунки област Украина томондан кўп ўққа тутилмоқда, «Россия кўнгиллилар корпуси» вакиллари ҳам Белгородда тез-тез кўриниш беряпти. Май ойининг ўзида Белгород раҳбарияти 130 та отишмани қайд этган. Гладков бу воқеаларга тезда муносабат билдириб, жабрланганлар билан учрашмоқда.

«Слава (Владислав исми русларга шундай қисқартирилади - тарж.) жуда чарчагани кўринмоқда, аммо афтидан, унда бошқа йўл қолмаган. Ҳар қанча ғалати эшитилмасин, у [уруш сабаб] юзага келган карьеравий ўсиш имконини ҳам ёдидан чиқармаётгани аниқ», деган Гладков билан гаплашган ва Кремлга яқин бошқа бир суҳбатдош. Унинг айтишича, Гладков июн ойида областдаги вазият ҳақида Путинга шахсан ўзи телефон орқали ҳисобот берган. Губернатор эса президентга тўғридан тўғри доклад қилганини ютуқ деб ҳисоблаган. Ахир ҳозирда урушга алоқадор одамлар Путин учун айниқса муҳим ҳисобланади-да!

Атомли шаҳарчанинг «гулчи мэри»

Гладков Пенза областидаги Кучки деб аталган кичик қишлоқда туғилган. Мактабни Заречний деб аталувчи ёпиқ атом шаҳарчасида тугатган. Петербургда иқтисодчиликка ўқиган Вячеслав ўқишни тугатибоқ она юртига қайтади. 2000 йилда 31 ёшли Гладков мансабдор шахс сифатида фаолиятини бошлайди. Аввалига Заречний шаҳар администрациясида иқтисодий бўлим бошлиғи ўринбосари, кейинроқ ўша бўлимга раҳбар бўлади. 2009 йилда эса сити-менежер лавозимига кўтарилади.

Аслида шаҳар раҳбари маҳаллий депутатлар кенгаши раиси бўлса-да, маҳаллий ОАВ амалда Зарейний мэри айнан Гладков эканини ёзади. У ободонлаштириш масаласига кўп эътибор бергани учун чиройлигина лақаб ҳам орттириб олади – «гулчи мэр». Бунга етарлича сабаблар бор, масалан, 2012 йилда Гладков кўп қаватли уйлар ҳовлиларини кўкаламзорлаштириш бўйича мусобақа ўтказишни йўлга қўяди. Бундай ўзига хос конкурс ҳозиргача ўтказиб келинади.

Гладковнинг ўзи шаҳардаги фаолиятини ўша вақтда ўзи танлаган ушбу шиор билан таърифлайди: «Заречний – одамлар шаҳри». Гладков одамлар шаҳар ободонлашишига ҳисса қўшиши муҳим экани ҳақида шундай деганди: «Маҳаллий администрация фаолиятининг мақсади – Заречнийда амалга ошаётган ва амалга ошажак муҳим ижтимоий лойиҳалар устида бирга ишлашга ҳар бир фуқарони жалб қилишдан иборат. Биз учун ҳар бир одам муҳим».

Гладков ўз фаолияти орқали яхши ишларни амалга ошира бошлайди. Масалан, унинг ташаббуси билан уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича махсус шаҳар фонди ва уларни сақлаш учун пункт ташкил қилинади. Гладков Заречний шаҳри расман «Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланаётган ҳудуд» деб аталишига эришади. Бу статус шаҳар резидентларига турли солиқ имтиёзлари тақдим этарди.

Гладков вақтида яна бир қизиқ воқеа содир бўлади. Унинг ташаббуси билан Заречнийни «Z шаҳар» деб атай бошлашади. Йўқ, Гладков бугунги келажакни башорат қилмаган, шунчаки мана шу жарангдор ном билан маҳаллий кўнгилочар сайт ташкил қилинганди.

Вячеслав Гладков ва Дмитрий Медведев. 2011 йил

Ўша вақтдаёқ Гладковнинг сиёсий амбициялари қадрдон Заречний шаҳри сарҳадларидан юқорироққа чиқишга улгурганди. 2013 йил унинг ташаббуси билан Россияда Инновацион шаҳарлар уюшмаси ташкил қилинади. Бу уюшмага Заречнийдан ташқари Обнинск ва бошқа «Росамтом» корхоналари мавжуд бўлган ёпиқ бошқарувдаги шаҳарлар киради. Гладков ўзи ташкил қилган уюшмани бошқариб, «инновацион шаҳарлар» раҳбарлари ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўяди.

Гладковнинг фавқулодда фаоллиги сабаб Заречнийга федерал даражадаги мансабдорлар ташрифи кўпаяди. «Медуза»нинг «Росатом»га яқин манбасига кўра, Заречнийга тез-тез борадиган меҳмонлар орасида Россиядаги энг машҳур политтехнологлардан бири, ҳозирги президент администрацияси раҳбари ўринбосари Сергей Кириенконинг эски қадрдони Александр Харичев ҳам бўлган. 2010-йилларда Харичев айнан Кириенко бошқарувидаги «Росатом»да фаолияти юритган.

«Заречний жуда яхши ҳолатда, чиндан бошқа шаҳарларга ўрнак қилиб кўрсатгулик эди. Слава меҳмонларни дўндириб кутиб олишини ҳам унутмаслик керак. У Харичев билан дўстлашиб, фаолиятини «Росатом» йўналиши бўйлаб юксалтириш ҳақида ўйлайди», деган суҳбатдош.

Кўп ўтмай Гладков фаолиятида «сиёсий ўсиш» барибир содир бўлади. Аммо кутилган йўналиш бўйича эмас. 2016 йил Гладковга кутилмаганда Севастопол губернатори ўринбосари бўлишни таклиф қилишади. Унинг вазифаси ҳақиқий сиёсий вазифаларни бажаришдан иборат эди. Гладковнинг янада кўтарилишига айнан Харичев «жавобгар бўлади». Ўша вақтда у Кириенконинг ортидан Россия президенти админстрациясида иш бошлаганди.

У вақтда аннексия қилинган Қримда вазият жуда кескин, Москва Севастополга адмирал Сергей Меняйлони губернатор этиб тайинлаганди. У эса маҳаллий конунчилик кенгаши спикери Алексей Чалий билан келишмовчиликка боради. 2014 йил баҳорида Чалий Қрим Россияга қўшилишини талаб қилган 20 минг кишилик намойиш ташкил қилиб, унда ўзини «шаҳарнинг халқчил мэри» деб эълон қилади. Сергей Меняйло эса бу вақтда бошқа йўналишдан туриб Қрим аннексиясига тайёрланаётганди. Унинг вазифаси «мудофаа отрядлари» ташкил қилиш ва унинг Қора денгиз флоти билан мувофиқлашган фаолиятини таъминлашдан иборат эди.

Чалий аввалига бир муддат Севастопол губернатори бўлади ҳам. Аммо кейинчалик бу лавозимни тарк этиб, «Единая Россия»дан маҳаллий кенгашга сайланади ва уни бошқаради. Шу тариқа, губернатор Меняйло ва кенгаш раиси Чалийнинг муносабати кескинлашади. Чалий Кремл томонидан тайинланган Меняйлони «Севастополни ривожлантириш бўйича стратегик режа»га совуққонлик билан қарашда айблаб, унинг истеъфосини талаб қилади. Маҳаллий элита ўртасида ҳам бўлиниш кузатилади. Баъзилар Кремл қўйган Меняйлони қўллашда давом этса, баъзилар Чалий таъсирида қолади.

Охир-оқибат Кремл адмирал Меняйлони сиёсий тажрибага эга бўлмаган ва мудофаа саноатида ишлаб юрган Дмитрий Овсянников билан алмаштиради. «Коммерсант»нинг ёзишича, ўшанда Овсянниковнинг ўзи Харичевдан уни ўринбосар лавозимига тавсия қилишни сўрайди. Аммо Харичев бўлажак губернаторлик ва президентлик сайлови олдидан керакли натижаларни таъминлашга жавобгар ўринбосарлик лавозимига Гладковни таклиф қилади.

Гладков Севастопол губернаторига ўринбосар бўлганидан кейин шаҳарда вазият мураккаб экани, одамлар Россияга қўшилганидан кейин қачон ҳаёти яхшиланишини кутаётганини айтади. «Медуза»нинг Гладковга яқин манбаси унинг Севастополдаги фаолияти қийин бошланганини айтади. Гладков губернатор Овсянников билан келиша олмай, бир неча марта ишдан бўшаш ҳақида ариза ҳам ёзади. Овсянников эса президент администрациясидаги муҳим лавозимда ўтирган Кириенконинг одами Гладковни ранжитишдан қўрқиб, уни қолишга кўндиради.

Бу маълумотларни «Медуза»нинг Кремлга яқин манбаси ҳам тасдиқлайди. Унинг фикрича, можаронинг сабаби шахсий масалада бўлган. «Иккиси ҳам ноодатий одамлар, аммо Гладков ўзини жуда яхши кўради, йўқ жойдан интрига яратишни яхши кўради. Бунинг устига, у ўзини губернатордан баландроқ ҳисоблаган», дейди суҳбатдош.

Гладковнинг Севастополдаги фаолиятига эътибор қаратилса, у чиндан мустақил сиёсатчи сифатида намоён бўлган. Масалан, маҳаллий намойишларни тинчитиш учун ўзи одамлар билан учрашган. Намойишларда қатнашган фаоллар эса тайинловга қадар Севастополга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Гладковни «кўчманчи мансабдор» деб аташади.

«Мен ўзимни кўчманчи дея олмайман. Қолганлар каби бу ерга оилам билан келганман. Келгач биринчи қилган ишимиз болаларни мактабга, боғчага жойлаштириш, касалхонага олиб бориш бўлди. Шу сабаб кўчманчи деган сўзга қўшилмайман. Мени кўпроқ келгинди деб аташади ва бу менга ёқди», деганди бунга жавобан Гладков сўзамоллик билан.

Танқидларга қарамай, «кўчманчи» Кремл томонидан қўйилган асосий вазифани бажаради – Дмитрий Овсянников 2017 йилги губернаторлик сайловида 71 фоиз овоз олади. Владимир Путин эса президентлик сайловида Севастопол бўйича 90,1 фоиз қўлловга эришади. Манбалардан бирининг айтишича, Гладков бу натижага эришиш учун ноодатий нимадир қилмаган, шунчаки сайловда ҳукуматни қўлловчи бюджет ташкилотлари ходимлари иштирокини таъминлаган, холос.

Россия президенти администрацияси билан анчадан буён ҳамкорлик қилаётган политтехнолог эса журналистлар билан суҳбатда Севастополдаги сайлов натижаларида айнан Гладковнинг қандайдир таъсири бўлмаганини айтади.

Севастополда сайловолди ташвиқоти. 2017 йил

Нима бўлганда ҳам, Гладков 2018 йилда топшириқни бажариб, вазифасини тарк этади. Гладков кетишидан аввал шаҳарда яна бир можаро авж олади. У вақтда маҳаллий кенгаш спикерлигидан кетган, лекин депутат бўлиб қолган Алексей Чалий Овсянниковнинг истеъфосини талаб қилиб, уни коррупцияда айблайди. У вақтда Чалий шаҳар сиёсий ҳаётига аввалги каби таъсир қилишни истар, Овсянников эса бошқарувни у билан бўлишмоқчи эмасди.

Чалий ҳатто Овсянниковнинг истеъфоси бўйича референдум ўтказишга ҳаракат қилади. 2019 йилги сайловда эса маҳаллий парламентга ғолиб бўлган тақдирда Овсянниковни «ағдариш» таклифи билан боради. Аммо вазият кескинлашмайди: Овсянников ишдан кетади, Чалий эса сайловда ўз номзодини қайтиб олади.

Овсянниковнинг кейинги тақдири ноодатий бўлган. Аввалига у Россия ишлаб чиқариш ва савдо вазирлигига қайтади. Кейин умуман Россиядан чиқиб кетади. Ҳатто Севастополдаги фаолияти учун ўзига қарши қўлланган Ғарб санкцияларини бекор қилишга ҳам эришади. Масалан, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Гладковга қарши қўлланган санкциялар ҳамон амалда бўлиб турибди.

Севастополдаги лавозимидан кетган бўлса-да, Гладков мансаб пиллапояларидан аста-секин кўтарила бошлайди. У Севастополдаги ишидан кейин бирор ҳудудга губернатор бўлиш ҳақида ўйлай бошлайди. Аммо уни Ставропол ўлкаси ҳукумат раиси ўринбосари лавозимига юборишади. «Медуза»нинг бу ҳудудда ишлаган манбасининг айтишича, ҳудуд раҳбари Владимир Владимиров бу лавозимда ўз одамини кўришни истайди, лекин Гладковнинг пуштипаноҳи бўлмиш Харичев айнан унинг номзодини илгари суради. Журналистлар билан гаплашган бошқа бир суҳбатдошнинг айтишича, Гладков ишлаган лавозимнинг айтарли муҳим вазифаси ҳам бўлмаган.

Шу сабаб Гладков тезроқ тилга тушишга имкон берадиган ишлар билан шуғулланади. Масалан, маҳаллий администрация тасарруфидаги телеканал фаолиятини йўлга қўяди, маҳаллий бошқарув органидаги таъсиридаги политтехнологлар тўпланиб фикр алмашадиган «Жанубий политтехнологлар клуби»га асос солади. «Бу учрашувларда ҳамма губернатор Владимировни мақтар, унинг шарафига банкет уюштириларди. Ора-орада эса Гладковни ҳам мақтаб қўйишарди», дейди суҳбатдош.

Гладковни таниганларнинг айтишича, Қрим ва Севастополдаги фаолияти давомида ҳам Гладков ўзи туғилиб ўсган Пенза областини бошқариш орзусини унутмаган. Баъзи суҳбатдошларга кўра, у танишлари билан суҳбатларда «ҳаммаси ҳал бўлгани, тез орада уйга – Пензага қайтиши»ни ҳам очиқ айтиб турган.

Аммо тақдир яна у ўйламаган нарсаларни тайёрлаб қўйганди: 2020 йилда Белгород области губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинланади. «Кўчманчи мулозим» бу лавозимда Россиядаги энг узоқ ишлаган губернаторлардан бири Евгений Савченконинг ўрнини эгаллайди. Белгородни 30 йил давомида бошқарган Савченко кейинчалик сенаторликка ўтиб кетади.

Гладков борган вақтда Белгороддаги барча муҳим лавозимларни Савченконинг одамлари эгаллаганди. Ҳудуд иқтисодиётининг 30 фоизини қишлоқ хўжалиги сектори ташкил қилган, Белгороддаги йирик аграр корхоналар ҳам Савченко билан қалин муносабатда эди. Кремлга яқин бўлган манба Гладков тайинланганидан кейин Белгороддаги ҳолатни шундай тасвирлайди: «Ҳудуд назоратининг бир қисми Савченкода қолаверди. У ҳатто губернаторлик кабинетини ҳам Гладковга топширмай, у ерда ишлайверади. Гладков бошқа кабинетда туриб ишлар, маҳаллий элита эса муаммони ҳал қилиш учун ўзи одатланган аввалги кабинетга киришда давом этарди».

Вячеслав Гладков ва саноат вазири Денис Мантуров «Северний» маҳаллий саноат паркида янги ишлаб чиқариш линиясини ишга туширмоқда. 2021 йил

«У раҳбариятга нима кераклигини билади»

Белгородда Гладков «халқпарвар губернатор» образини яратишга ҳаракат қилади: тонгги югуришларидан видео эълон қилади, ижтимоий тармоқларда жонли эфир қилиб, маҳаллий аҳоли вакилларининг саволларига эринмай жавоб беради. Ўз имижини яхшилаш учун ўзи билан Ставрополда бирга ишлаган политтехнологларни ҳам ишга солади. Гладков Белгородда «Сириус» таълим марказининг маҳаллий аналогини ва ҳатто «кинокластер»ни йўлга қўйиши ҳақида гапира бошлашади.

«Унинг фаолиятини шахсан Харичевнинг ўзи кузатиб боради. Политтехнологлар ёрдами ҳам шу билан боғлиқ, ахир Харичевнинг одами ўрнашиб олишига ёрдам бериш керак эди-да. Аммо бундай ёрдамни ғалати дейиш мумкин, чунки ижтимоий тармоқлардаги Белгород ҳақида постларни Москвада саноқли одамлар ўқийди, холос», дейди «Единая Россия» партиясига яқин манба.

Гладков борганидан кейин Белгородга унга таниш пиарчилар ва медиаменежерлар ҳам боришади. Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, Гладков олиб борган «ставропол десантлари» маҳаллий администрация ва расмий медиа нашрларда муҳим лавозимларни эгаллайди. Улар асосан Гладковнинг машҳурлиги ортиши учун хизмат қилади.

2021 йилги губернаторлик сайловларида Гладков 78,1 овоз олиб осонгина ғалаба қозонади. «Савченкодан чарчаган маҳаллий аҳоли учун у чиндан жуда яхши номзод эди – ёш, жуда фаол», дейди нашр суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти администрациясида ҳам Гладковга мойиллик кўрсатишади. Улар ҳудудда ҳал қилувчи шахслар бўлмиш Савченконинг одамлари билан муносабатларни ўнглашга ёрдам беришади, керакли натижани қўлга киритиш учун эса баъзи сайлов қутиларига овозларни «қўшиб ҳам қўйишади».

Гладковнинг дўстларидан бири эса у област ҳаётини чиндан яхшилашга ҳаракат қилган, ҳудудга янги инвесторларни жалб қилганини айтади. Тўғри, суҳбатдош Гладков бу ишларни машҳурликка эришиш учун ҳам қилганини истисно қилмаган. «Медуза» билан суҳбатда бўлган тўрт манба Гладковни «карьера қилишни ва раҳбариятга нима ёқишини биладиган» одам деб таърифлаган. Бир суҳбатдошнинг айтишича, Гладковда ноодатий ҳеч нарса йўқ, оддий мулозим холос.

Узоқ йилдан буён ўзи туғилиб ўсган Пензани бошқаришни орзу қиладиган Гладковда Белгородга боргач, янги орзу – «намунали рус губернатори» бўлиш истаги пайдо бўлади. Аммо бу ҳозирча орзулигича қолиб кетмоқда. Чунки Россия Украинага бостириб киришидан аввалроқ Гладков ҳудуднинг эски элитаси вакиллари билан тортишиб қолганди. Уруш эса унинг режаларини бутунлай ўзгартириб юборди. Чунки чегарадаги областни уруш бошланишидан кўп ўтмай ўққа тутиш бошланади. 2023 йил ёзига келиб эса областдаги вазият кескинлашди.

Отишмалар остида қолган Шебекино шаҳрини таъмирлашнинг ўзига аллақачон 13 миллиард рубл пул талаб қилинади. Маҳаллий ҳокимлик тиклаш ишларини ҳозир бошламоқчи бўлса ҳам, уларда бунча пул йўқ. Ахир уруш вақтида областда кутилмаган харажатлар пайдо бўлди. Масалан, Гладковнинг таъбири билан айтганда чегарадаги «тирқишларни ёпиш»га, яъни чегара ҳудудларини мустаҳкамлашга 10 миллиард рубл сарфлади. «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожинга тегишли ОАВ буни «Вагнер чизиғи» деб атайди. Белгороддаги медиалар эса қўшимча чегара чизиғини Пригожинга алоқадор қурувчилар қураётгани ҳақида ёзди.

Белгород областида ҳудудий мудофаа отрядларини тайёрлаш жараёни

Евгений Пригожин билан тортишув эса Вячеслав Гладков учун навбатдаги бошоғриқ бўлди. «Вагнер» асосчиси маҳаллий ҳокимлик «тирқишларни ёпиш» ишларини ким амалга оширгани ҳақида маълумот бермаганини иддао қилди. Бундан ташқари, бу янги мудофаа чизиғи областни «Россия кўнгиллилар корпуси» ҳужумидан ҳимоя қилолмаганини ҳам унутмаслик керак.

Пригожин Белгород маҳаллий администрациясини маҳаллий мудофаа гуруҳлари ташкил қилишда совуққонлик қилгани, бундан мулозимлар пул ишлаб олганини иддао қилади. «Айнан Белгород области ҳақида айтадиган бўлсам, одамларни ҳеч ким нормал тайёрламаган, ҳеч қанақа ташкилотчилик йўқ. Тайёргарлик ҳақидаги барча гаплар сафсата. Россия Қаҳрамони бўлган белгородлик ходимларимдан бири областдаги тайёргарлик марказига бориб, ҳеч қандай тартиб йўқлигини кўриб келди. Кунига атиги 3 соат тайёргарлик бўлади, қолган вақт чой ва бошқа ичимликлар ичиб ўтиришади», деди Пригожин.

У Гладковни ҳақорат қилишга ҳам улгурди – Гладковни «лаънати», «саводсиз» ва «қўрқоқ» губернатор деб атаган. Пригожин уни «Россия кўнгиллилар корпуси» вакиллари билан учрашувга бормаганидан кейин ҳам қоралаган. Ваҳоланки, Гладков улар билан учрашишга тайёрлигини эълон қилганди.

«Медуза»нинг Россия президенти администрациясидаги икки манбаси Пригожин Гладковни очиқчасига камситиш орқали Россиянинг чегара қисмларида ўз мавқейини ошириб олишни мақсад қилган деб ҳисоблашини айтган. Уларнинг тахмин қилишича, Пригожин бу чиқишлари орқали Белгороддаги мудофаа гуруҳларини тайёрлаш ва табиийки улар учун ажратиладиган пулларга ҳам эга чиқмоқчи. «Балки уруш хавфи бўлгани учун у ерларда губернаторлардан ҳам устунроқ туришни истаётгандир», деган суҳбатдошлардан бири. Аммо унинг фикрича, Пригожин бундай режа қилган бўлса, у амалга ошмайди. Чунки «Вагнер» раҳбарининг Россия ҳукуматидаги юқори мансабдорлар билан муносабатлари тобора ёмонлашиб бормоқда.

Кремлга яқин манбалар Гладковнинг ўз тақдири ҳам мавҳум бўлиб турганини айтган. Ўз навбатида, улар уруш вақтида Гладковнинг машҳурлиги жуда ошганини рад этишмаган. Путин доимий диққат марказида бўлиб турган бу ҳудудга отишмаларда губернаторнинг алоқаси йўқлигини, чегара назорат ФСБ гарданида эканини тушуниб турибди. Бир қарашда мана шундай ҳолатда Гладков юқорироқ лавозимга ҳам умид қилиши мумкиндек.

Аммо бошқа томондан Белгородда вазият кескинлашиб кетса, ҳамма айб Гладковга тўнкалиши ҳам ҳеч гап эмас. «Куч ишлатар тизимлар босими орқали уни мудофаа ташкил қилинишида айбдор деб топиб, ишдан ҳайдашлари мумкин», деган нашр суҳбатдошларидан бири.

Вазиятдан хабардор манбага кўра, Гладков унинг саъй-ҳаракатлари Кремл томонидан инобатга олинишига умид билдираётганини айтган. Ваҳоланки Гладковга уруш билан боғлиқ конкрет режа йўқ. «Ўзига қолса, буларнинг ҳаммасини чеккага суриб қўйган бўларди», деган суҳбатдош.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » У намунали губернатор бўлишни орзу қилганди, аммо уруш ўртасига тушиб қолди
ePN