Исроилнинг Ғазога қонли ҳужумлари фонида, Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма саммити бўлиб ўтди. Хўш, бу тадбирнинг амалий аҳамияти борми? Араб ва мусулмон дунёсини жиддийроқ қадамлардан нималар тўсиб турибди?
“Геосиёсат” рукнида бу мавзуда сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримов сўз юритди.
— Араб давлатлари лигаси бош котиби Ғазо аҳолисини мажбурий кўчирилишига йўл қўймаймиз, деди. Хўш, қандай қилиб?
Фарҳод Каримов: — Умуман, фақат араблар эмас, бошқа халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ ҳам фақат баёнотлар билан чекланяпти. Вазият жуда чигал ҳолатда. 11 ноябр кунида бўлган саммитда ҳам фақат давлатларнинг позициялари эшитилди, якуний қанақадир ҳужжат қабул қилинмади. Мақсад ҳам яна бир бор позицияларни эълон қилиб, кейинги ҳаракатлар қандай бўлиши ҳақида фикр алмашиш бўлган. Бу учрашувдан катта нарсани кутиб бўлмасди бошидан. Ҳужжатлар ҳам фақат декларатив бўляпти, процессуал ҳужжатлар бўлмаяпти.
Араб давлатлари ҳам, умумий мусулмон дунёси давлатлари ҳам Ғазодаги ҳаракатларни қоралаяпти, лекин амалда ҳаракат бўлаётгани йўқ. Бунинг ҳам бир қанча сабаблари бор.
Аҳоли кўчирилишига йўл қўймаслик масаласи. Форс кўрфази араб давлатларининг Ғарб билан алоқаси кучли. Бу давлатларнинг шу даражага келишида ҳам ғарблик инвесторлар ва мутахассисларнинг ўрни катта бўлган. Бу ҳолатда ҳам тўғридан тўғри Исроилга эмас, Ғарб давлатларига таъсир қилиш орқали амалга ошириш кўзда тутилди. Қанақадир ҳарбий, иқтисодий воситалар назарда тутилгани йўқ.
Камолиддин Раббимов: — Саудия Арабистони икки катта ташкилотнинг саммитини бирлаштирди, яъни Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг. Бу саммитда Ўзбекистондан бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди.
Кун тартибига кўра, позициялар, таклифлар кўриб чиқилди. Ёпиқ эшиклар ортида қандай қилиб АҚШ ва Исроилга жавоб бериш, умумий позиция қандай бўлиши масаласи қўйилди. Саммитда позициялар иккига бўлинди. Туркия, Эрон каби давлатлар фаолроқ муносабат билдириш, амалий равишда ҳарбий ёки бошқа ҳаракатлар билан жавоб қайтаришни таклиф этди. Эҳтиёткор мамлакатлар эса АҚШ билан тўқнашув хавфи туфайли кескин ҳаракатлардан тийилиш позициясида бўлишди. Чунки Исроил билан тўқнашиш АҚШ билан тўқнашиш дегани.
Мусулмон дунёси давлатларида сиёсий ва геосиёсий тафаккур эволюцияга учраган. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Исроил билан бўлган урушларда доим мусулмон давлатлари катта талафот кўрган. Шундан келиб чиқиб, Саудия, БАА ва АҚШнинг иттифоқчиси бўлган бошқа араб давлатлари узоқ, эволюцион натижага эришмоқчи. Яъни Исроилни босқичма-босқич демонтаж қилиш. Бу мақсадга эришиш учун эмоцияга берилмай, келажакдаги бир неча ўн йиллик учун стратегия ишлаб чиқиш ва амалга ошириш керак бўлади.
Саудия, БАА, Миср ва бошқа араб давлатлар БРИКС каби ташкилотларга кузатувчи ёки аъзо бўлиб киряпти. Бу глобал сиёсий майдонда АҚШ салоҳиятига таъсир қилиш, яъни пасайтириш дегани.
Фаластинда вазият ростдан аянчли. 1 ой ичида 12 минг одам ўлдирилди, асосан болалар, аёллар ва қариялар. ҲАМАС аскарлари йўқотилиши 100 тага ҳам етгани йўқ расмий маълумотларга кўра. Асосий қурбонлар — болалар.
— Исроил сотиб оладиган нефтининг 40 фоизи Озарбойжондан Туркиянинг Жайҳон порти орқали ўтади. Нега Анқара шу ва бошқа амалий таъсир чораларини ишга солишни кўриб чиқмаяпти?
Фарҳод Каримов: — Бундай эътирозлар бутун дунёда, Туркиянинг ўзида ҳам бўляпти. Нефт қувурлари Туркияга тегишли эмас, Исроилнинг Озарбойжон билан шартномаси асосида ўтади, Туркия транзитчи давлат сифатида қўшилган. Шартномада кескин талаблар бор, агар Туркия қувурларни ёпса, жуда катта иқтисодий, сиёсий оқибатларга олиб келади. Ҳар бир давлат, аввало, ўз халқи манфаатлари учун ишлайди. Эрдўған ҳам иложи борича таъсир ўтказишга ҳаракат қиляпти, лекин ўз халқини ёмон аҳволга соладиган қарор қабул қилмайди у.
Туркия Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари ичида энг катта кучга эга бўлган давлатлардан бири, таъсир ричаглари ҳам кўп. Вазияти тўғри келадиган бўлса, бу ричагларни қўллаши мумкин. Туркия ўзига бўладиган салбий оқибатларни ўйлайди биринчи навбатда. Мана шундай салбий оқибатларни камайтирган ҳолда таъсир ўтказиш йўлларини излаяпти. Эмоцияга берилиб қилинган ҳаракат катта оқибатларга олиб келиши мумкин.
Камолиддин Раббимов: — Туркия иқтисодиёти экспортга боғланган. Охирги 5 йилда Туркия лираси 500 фоиздан ортиқ қадрсизланди, яъни коллектив Ғарб давлатлари Туркияни жазолади геосиёсий мустақиллиги учун. Кейинги ярим йилда Эрдўған вазиятни ўнглашга ҳаракат қиляпти, лекин Ғазодаги вазият кутилмаган бўлди.
Туркия позицияси шундай бўляпти: «Нимаики қилсак, тенг масъулият билан биргаликда қилайлик» деяпти мусулмон дунёси давлатларига. Туркия бошқаларга нисбатан кўпроқ баёнот беряпти, шу орқали мусулмон дунёси ва туркий давлатлар позициясини шакллантирувчи турткини беряпти. Лекин Туркия ўзини қурбон қилмоқчи эмас. Агар бошқалар ҳам қўшилса, масъулиятни бўйнига олса, амалий ҳаракатларга ўтилади. Лекин позициялар яқинлашгани йўқ. Ҳаммада ҳар хил. Саудия уруш тугайди ва биз Исроил билан алоқаларни меъёрлаштириш йўлидан кетамиз, деган маънодаги позиция билдиряпти, шунинг ўзи Исроилни қайсидир маънода руҳлантиради.
Туркия туркий давлатлар ичида НАТОга аъзо бўлган ягона давлат. АҚШ билан стратегик тўқнашишни истамайди у, мумкин ҳам эмас. Бир томондан мусулмонлар ва туркийлар томонда курашяпти, иккинчи томондан эса дунё иқтисодиёти, Ғарб билан қалин боғлиқликка эга. Туркия учун вазият жуда зиддиятли.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг