00:19 / 16.11.2023
509

Эрон ва Туркия Исроилга қарши. Бу натижа берадими?

Эрон ва Туркия Исроилга қарши. Бу натижа берадими?

Азалдан ўзаро яхши муносабатларда бўлмаган Туркия ва Эрон Ғазо масаласида биргаликда ҳаракат қилиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин, борди-ю шундай бўлиб чиқса, бу бирлашув Ғазодаги критик вазиятни юмшатишга ёрдам берадими? «Геосиёсат»нинг бу галги сонида Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромов айни шу мавзу юзасидан фикрларини билдирди.

— Миср Эроннинг гуманитар ёрдамини ўз чегара постидан ўтказмаслигини билдирди, икки давлат ўртасида қандай келишмовчилик бор?

— Бу нарсани Миср ва Эрон келишмовчилиги эмас, Ғазодаги вазият фонида бўлаётган жараён сифатида баҳолаш керак. 2022 йилдан Эрон ва Миср ўртасида муносабатларни меъёрлаштириш бошланган, ундан олдин ёмон эди муносабатлар.

1979 йилда Эронда Ислом инқилоби пайтида Муҳаммад Ризо Паҳлавийга Қоҳирадан бошпана берилган эди, бу эса Ислом инқилоби етакчиларини ғазаблантирган. Эрон ва Ироқ урушида ҳам Миср Ироқ томонда турган, бу ҳам бир сабаб бўлган. 90-йиллар бошида Миср президенти Анвар Садатни ўлдирган эронлик киши номи Теҳрондаги кўчалардан бирига берилган эди, бу эса ўзаро келишмовчиликларни кучайтирган. 2012 йили Мисрда Муҳаммад Мурси ҳокимиятга келгач, у ислом давлати тузмоқчи бўлган ва Эрон ва Миср ўртасида давлат раҳбарлари даражасида учрашувлар бўлган. Лекин инқилоб бўлиб Сиси ҳокимиятга келгач, муносабатлар яна ёмонлашган, 2022 йилга қадар.

2022 йилда бутун Яқин Шарқ минтақасида меъёрлаштириш ишлари бошланган эди. Бу жараёнга Миср ҳам қўшилиб, Эрон билан, Туркия билан алоқаларни яхшилашни бошлаган эди.

Октябр (7 октябр ҲАМАС-Исроил уруши) ойида бошланган уруш фонида Эрон ва Миср позициялари бир-бирига яқин келган эди. Икки томон ҳам Исроилдан ўт очишни тўхтатишни талаб қилаётганди. Лекин Мисрдаги Рафаҳ пости очилиб, гуманитар ёрдамлар бораётган пайтда Эроннинг гуманитар ёрдамлари олиб ўтилишини Миср томони нозик дипломатик тушунтиришлар билан рад қилди. Исроил ҳукумати ҳам Эрон юкларини ўтказмаслик талабини қўйган. Ғазодаги инқироздан зарар кўрувчи биринчи араб давлати Миср ҳисобланади.

АҚШ ва коллектив Ғарб томонидан қўлланаётган Ғазо аҳолисини Синай яриморолига кўчириш лойиҳаси Миср учун яхши эмас. Тарихда Миср бу нарсанинг аччиғини тотиб кўрган, Иордания ва Ливан ҳам. Лойиҳа бўйича 800 мингдан ортиқ аҳоли кўчирилиши Миср учун аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундоқ ҳам иқтисодиёти ёмон бўлган Миср учун катта ортиқча юк бўлади.

Гуманитар юк масаласида Исроил томонидан хавотирли сигналлар бўлган бўлиши мумкин. Яъни юклар ичида гуманитар ёрдамдан ташқари юклар ҳам бўлиши мумкин деган. Миср ҳам Исроил билан зиддиятга боришни истамайди.

Миср АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиларидан Сиси ҳам ғарбпараст (ғарбга мойил) ҳисобланади. Гуманитар ёрдам бўйича АҚШнинг ҳам талаби бордир, шунинг учун ҳам тўхтатиб турган бўлиши мумкин.

Умуман олганда, Миср гуманитар ёрдамни Эрон билан тарихий муносабатлар сабабли тўхтатгани йўқ, бошқаларнинг таъсири бор. Вазият шунга мажбур қиляпти.

— Эрон ва Туркия Ғазо масаласида биргаликда ҳаракат қилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди, бу қандай ҳаракатлар ёки қадамлар бўлиши мумкин?

— Яқин Шарқда Эрон, Туркия, Миср давлатлари асосий гигант давлатлар ҳисобланади. Тарихан ҳам шундай бўлган. Юқорида айтганим меъёрлаштириш жараёни Туркия ва Эрон ўртасида ҳам бўляпти.

Ғазодаги вазият борасида умумий қарашлар бор. Яъни Исроилни ҳаракатларни тўхтатиши, гуманитар ёрдам бериш керак. ҲАМАС бўйича ҳам икки давлат позицияси бир хил, яъни озодлик курашчилари деб атайди икки давлат ҳам. Лекин умумий Исроил ва Фаластин борасида икки давлат қарашлари бир хил эмас. Туркия 1967 йилги чегараларга қайтиб, икки мустақил давлат бўлишини таъкидлайди. Эрон эса Исроилни тан олмайди ва бу ерда мусулмонлар, яҳудийлар ва христианлар иттифоқда яшайдиган ягона мусулмон давлат бўлиши керак, деган позиция билдиради. Исроилни ер юзидан йўқ қилиб юбориш бўйича қарашлари ҳам бор.

Икки давлатда ҳам аниқ механизм йўқ. Ўзи умуман, бутун араб ва мусулмон дунёси давлатларида йўқ. Яъни уруш тўхтатилмаса ёки АҚШ қўлловни тўхтатмаса, фалон чоралар қўлланади, деган нарса йўқ. Эрон бошидан ҲАМАСни амалий қўллаб келади, аммо Туркия ҲАМАСни амалда қўлламайди, гарчи баёнотларда қўллашини айтса ҳам.

Бундан ташқари, Туркиянинг АҚШ билан маълум ҳамкорлиги бор, НАТО ҳарбий ташкилоти аъзолари. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Туркия ва Эрон келишуви ҳозирги ҳолатда Ғазодаги вазиятни реал ўзгартиришга хизмат қилмайди. Айтганимдек, ҳали механизм йўқ.

— Исроил Ғазога бостириб киргандан буён кўплаб ғарб давлат раҳбарлари Тел-Авивга борди, лекин халқаро чақириқлар ва БМТда овоз беришларда Исроил ҳаракати қораланяпти. Ғарб давлатларининг ҳаракатини қандай тушуниш мумкин?

— Исроилга нисбатан босим бор. Исроил ташқи ишлар вазири ҳам вақтимиз кам қолди, 2 ҳафта ичида Ғазодаги ишларни ҳал қилишимиз керак, деяпти. Тахминан 2 ҳафтадан сўнг Исроилга нисбатан халқаро ёрдамлар сўниб бошлаши мумкин. Октябр ойида Исроилни қўлловчи давлатлар кам эмасди, аммо ҳозирга келиб бутун Европада норозилик чиқишлари бўляпти ва ҳукуматлар ўз позициясини ўзгартиришга мажбур бўляпти. Макрон Исроил ўт очишни тўхтатиши кераклигини айтди, Испания ва Италияда ҳам шундай баёнотлар берилди. Бу баёнотлар норозилик чиқишларини босиш учун бўляпти деб ўйлайман. Бутун дунё давлатлари тўхтатиш керак деяпти, лекин амалий механизм, чоралар йўқ ҳеч бирида.

Тўғри, Исроилнинг ортида АҚШ турибди. Эрдўған ҳам дунё 5 та давлатдан иборат эмас (Хавфсизлик кенгаши аъзолари), деган маънодаги гапни айтганди. АҚШ ва Хавфсизлик кенгаши гапи билан дунё тақдири ҳал бўлиши керак эмас. Ғазода минглаб одамлар ўлиб кетяпти. Ҳамма фақат баёнотлар билан чекланяпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё